Shajara

ahl bayt

Сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг Аҳли Байтлари тўғрисида мулоҳазалар

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Каъб ибн Ужра (р.а.)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга айтилди, “Қандай қилиб Сизга саловат айтайлик?”, Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар, “Айтинглар, Аллоҳумма солли аъла Муҳаммад ва азважиҳи ва зурриятиҳи, кама соллайта аъла оли Иброҳим ва барик аъла Муҳаммад ва азважиҳи ва зурриятиҳи, кама барокта аъла оли Иброҳим иннака ҳамидум мажийд” дедилар.

Бу xил саловoт айтишни ҳазрат Расули Акрам соллаллoҳу алайҳи ва oлиҳи васалламнинг ўзлари мусулмонларга ўргатганлар. Қуйидаги oяти карима:

«Албатта, Аллoҳ ва унинг фаришталари Набийга дуруду саловoт айтурлар, эй иймoн келтирганлар! Сиз ҳам Пайғамбарга саловoт айтинг ва салом юборинг» (Аҳзоб сураси, 56-оят), нозил бўлганда мусулмoнлар «Ё Расулуллoҳ, Сизга қандай саловoт айтайлик?» деб сўрашди. Ул зoт:

«Менга нoқис ва кесик саловoт айтманглар» — деб марҳамат қилдилар. (Ибн Ҳажар, “Ас-савоиқул муҳриқаҳ”).

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо алайҳиссалом Аҳли-Байтларининг мартабаси шу даражада юксакдирки, Имом Шофиъий ўзининг машҳур шеърида бу ҳақда шундай дейди:

«Эй Расулуллоҳнинг хонадони аҳли, сизларни севмоқ Аллоҳ томонидан бўлиб, уни Қуръонда нозил қилгандир. Сизларнинг мартабангиз юксаклигида шу нарса етарлики, кимки сизларга (намозида) дуруду саловот айтмаса, унинг учун намоз йўқдир».

Шунга биноан саловотда “ол” (аҳли байт)ни ҳам қўшиб айтишимизни Имом Шофиъий ҳазратлари фарз деганлар. Шунинг учун муҳаддислар томонидан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Кимки намоз ўқиб, менга ва менинг аҳли байтимга саловот айтмаса, ундан намози қабул этилмайди”, дейилган айҳақий 2/3783; Табароний 6/5699). Имом Жалолиддин Суютий “Жомеъ ал-аҳодис” асарида ҳатто саловот айтилмаса дуо ижобат бўлмаслиги ҳақидаги ҳадисни зикр қилган (Суютий 13/12412, 12417).

Намоздан кейин Аҳл-байтга саловот айтилмаса кишини намози йўққа  чиқаркан, бунга эътибор килишимиз ва намозларимизда албатта саловот айтишимиз шарт бўлади. Ибодатларимизнинг энг аълоси бўлган намозда суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг “ол”лари яъни “аҳли байт”ларига саловот айтишимиз, уларнинг ҳурмати нақадар улуғ эканлигини билдиради.

Афсуски айрим намозхонларимиз намозларида Сарвари олам Муҳаммад Мустафо алайҳиссаломнинг Аҳли-Байтларига саловот айтишадию лекин ул зотнинг ҳозирги авлодлари бўлган саййидларга беъҳурматда бўлишади, масхара қилишади. Буни оқибати ёмон бўлади. Аллоҳ уларга ҳидоят беришини сўраб қоламиз.

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда келган ривоятларга қараганда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (р.а.)ларни саййид деб атаганлар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важхаҳу ҳам Имом Ҳасан (р.а.)га қараб: “Бу ўғлим саййиддур!” деганлар. Унинг синглисини яъни Зайнаб (р.а.)ни  Пайғамбаримиз алайҳиссалом саййида деб атаганларини Имом Байҳақий ўз ҳадисларининг бирида зикр қилиб ўтган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг авлодларини саййид ёки саййидзода дейиш ул зотнинг ўзларидан қолган.

Қўлёзма шажараларнинг гўзал сўзбошиларида ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг авлодлари қандай бўлишлари ҳақида қимматли маълумотлар учрайди. Жумладан, уларда қуйидагилар келтирилади: Саййидлар (Садат)нинг аломатлари ҳақида Шамсул-аимма Сарахсийнинг «Муҳит» асарида нақл қилинадур; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодлари яъни саййидлар 6 (олти) нарса билан билинадур яъни маълум бўлади:

1) Билим билан – саййидлар ҳам диний ҳам дунёвий илмлардан бохабар бўладилар яъни илму-маърифатга эътиборлари юқори даражада бўлади.

2) Ҳилм билан – саййидлар юмшоқ табиатли бўладилар, яъни бировларга қўполлик ва жаҳл қилмайдилар, озор бермайдилар.

3) Шижоатлилик билан – саййидлар доим довюрак, феъли кенг, мустаҳкам иродали ва адолатпарвар бўладилар.

4) Саховати билан – саййидлар баҳл бўлмайдилар, қўллари очиқ, доим хайру-саховатда, меҳру-мурувватда ва ҳимматда доим пешқадам бўладилар.

5) Тақво билан – саййидлар Аллоҳ таолодан қўрқишлиги билан ҳар бир амалларини Унинг розилиги йўлида бажарадилар, тоат-ибодатда, яхши амалларда бошқаларга ибрат ва намуна бўлишга ҳаракат қиладилар.

6) Фақирлиги билан – саййидлар доим хокисорлик ва камтарлик билан ҳаёт кечиришга интиладилар, молу-дунёга муккасидан кетмайдилар, унга назар солмайдилар. Уларнинг бой-бадавлатлари ҳам ўзгалар олдида ўзларини доимо камтарона тутадилар.

Ҳеч шак-шубҳа йўққи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аҳли байти яъни Садат (саййидлар)нинг ҳуқуқлари мавжуд бўлиб, қуйидаги ҳуқуқлар бўйича умматдан ҳечким уларга шерик бўла олмайди: Ушбу ҳуқуқлар қуйидагилар –

“Муҳаббатуҳум” — саййидларни яхши кўришлик. Яъни уларни ҳамма яхши кўриши керак.

“Тақдируҳум” – саййидларни тақдирлаш, мукофотлаш.

“Мувалатуҳум” – саййидлар билан муваффақ келиш яъни дўст бўлиш.

“Ассолату алайҳим” – уларга намозда ё бошқа жойда саловат айтиш. Аҳли байтга саловат айтилмаса ўқиган намози мукаммал бўлмайди. “Аллоҳумма солли аъла Муҳаммад ва аъла алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин” деб тўлиқ айтилса мукаммал саловат бўлади.

Имом Термизий ҳасан ҳадис деб Зайд ибн Арқам (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилган эдилар: “Шак йўқки, мен сизларга иккита (қимматли) нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: (биринчиси) Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (иккинчиси) Аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавзи Кавсарга келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга қаранглар!” (Термизий 5/3786, 3788; Насоий 5/8148, 8464; Табароний “Мўъжам ал-авсат” 3/3439, 4/3542; “Мўъжам ал-кабир” 3/2678-2683).

Имом Дайламий эса Абдурраҳмон ибн Авф (р.а.)дан ривоят қилишича, Расули Акрам (с.а.в.): “Сизларга авлодимга яхшилик қилишни васият қиламан!” деган эканлар, Имоми Ҳоким бу ҳадисни саҳиҳ деганлар (Ҳоким 2/2559).

Имоми Қуртубий ривоят қиладилар: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар, яъни 3 маротаба такрорлаб айтдилар: “Узакирикумуллоҳ фи Аҳли байти!” яъни “Мен Сизларга Аҳли байтим борасида Аллоҳни эслатаман!” деганлар.

Мусулмонлар, саҳобалар келиб “Ё Расулуллоҳ Сизни махзун кўряпмиз, дунё йиғиб берайликми? Нима қилайлик?” деганларида, мана шу гапни айтганлар. Яъни  “Узаккирукумуллоҳ фи Аҳли байти!” яъни “Мен Сизларга Аҳли байтим борасида Аллоҳни эслатаман!” деганлар.

Мана шундай сабабларга кўра бутун уммати исломиййа саййид ва саййидзодаларни ҳурмат ва иззат қилиб келган. Қадрларини юксак билиб, бениҳоя улуғлаганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг чеваралари Имоми Зайн ул-Обидин ҳазратлари буюк саҳобий Ибн Аббос (р.а.)нинг олдиларига кирсалар, ул зот: “Марҳабо, эй Ҳабиб ибн ал-Ҳабиб!” деб кутиб олишлари нақл қилинган. Бир куни саҳобаларнинг улуғ олимларидан бири Зайд ибн Собит (р.а.) қайсидир жаноза намозида қатнашиб, яқинида турган хачирга чиқмоқчи бўлганларида Ибн Аббос (р.а.) ҳазратлари узангисини тутдилар. Зайд ибн Собит (р.а.) “Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччаси, қўйинг, қўйинг…” дедилар. Шунда Ибн Аббос (р.а.): “Уламо ва кубароларга шундоқ муносабатда бўлишликка буюрилганмиз”, дедилар. Зайд ибн Собит (р.а.) бўлса, Ибн Аббос (р.а.)нинг қўлларидан ўпдилар ва юзларига суртдилар-да, “Биз Пайғамбаримиз Аҳли байтига мана шундай муомалада бўлишга буюрилганмиз”, дедилар.

Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аҳли байтларидан бўлган саййидлар агар бирорта ношаръий иш қилаётган бўлсалар, уларни шарафли насаблари эътиборидан ҳурмат қилган ҳолда, уларга яхшилик билан тушунтирилади, қилмишининг ношаръий эканлиги айтилади. Амри маъруф ва наҳий мункар қилинади. Ўз даврининг йирик уламоларидан ва насабшунос олимларидан бўлган Имом Фахриддин Розий ўзининг “Ат-Ташриҳ” асарида бундай деб айтган: “Уламолар иттифоқ қилишганки, Алавийнинг (яъни Пайғамбар алайҳиссалом авлодининг) шарафи  гуноҳ ва исённи такрор қилишлиги билан зоил бўлмайди. Чунки, унинг шарафи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафидандир! Бошқа кимсаларнинг шарафи эса наҳий ишларни қилишлиги билан йўқ бўлиб кетади”. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг авлодлари қилмиши ёки эътиқоди жиҳатидан эмас, асосан, насаб шажараси, яъни, Пайғамбар алайҳиссаломга авлод бўлганлиги сабабидан ҳурмат қилиниши лозим ва лобуд бўлади.

Имоми Ҳоким Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)гача бўлган санад билан ушбу ривоятни келтирганлар: Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар “Эй Абдумуталлиб оиласи Мен сизлар учун Аллоҳдан 3 нарсани сўрадим, Сизларни қойим турганларингизда собит қилишини сўрадим, адашиб юрганларингизни тўғри йўлга бошлашини сўрадим, ва бехабар юрганларингизни илмли қилиб қўйишини сўрадим. Ва сизларда Аллоҳдан яна 3 нарсани сўрадим, Жавда (Саҳий) ва Нужада (Қўрқмас) ва Руҳама (Раҳмли) бўлишликларингни сўрадим” дедилар. Бу Аҳли байтнинг белгиларидир. Яъни Аҳли байтнинг биринчи белгиси бу –

“Жавда” – яъни Аҳли байт саҳий бўлади.

“Нужада” – Аҳли байт қўрқмас, довюрак бўлади.

“Руҳама” – Аҳли байт раҳмли бўлади.

Ким Аҳли байтданман деса, лекин унда ушбу белгилар бўлмаса, у саййидман деб даъво қилса, ишонманг. Чунки Аҳли байт яъни саййидлар баҳил, қурқоқ, бераҳм бўлмайдилар!

Яна Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар: “Бир киши Каъбани атрофидаги рукн билан Мақоми Иброҳим орасида турса, рўзадор бўса ва намоз ўқиса, сўнгра вафот қилиб Аллоҳга йўлиқса, у Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аҳли байтини ёмон кўрадиган одам бўлса, у одам дўзахга киради” дедилар. Яъни намоз ўқийди, рўза тутади, Каъбани зиёрат қилади, лекин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аҳли байтини саййидларни ёмон кўради, у одам дўзахга киради, намози ҳам, турган жойи ҳам унга ёрдам бермайди, дедилар.

Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Энг катта ёлғон-уйдурма – киши ўзини отасидан бошқага нисбат қилмоғидир!”. Яна бир бошқа ҳадиси шарифда: “Бир кимса билиб туриб, отасидан бошқани (ота деб) даъво қилса, у куфрони неъмат келтирибди” деганлар. Яна бир ҳадисда эса: “Кимки отасидан бошқани даъво қилса, бас, унга жаннат ҳаромдир!”, дейилган. Яна бир бошқа ҳадисда: “Унга Аллоҳ, фаришталар ва одамларнинг лаънати бўлсин!” деб таъкидланган.

Шунинг учун ҳам қадимдан адолатли қози-калонлар, қозилар, нақибу нақабалар,  насаб шажараларини тасдиқлаб беришда ниҳоятда эҳтиёткор бўлишган. Нақиблар (яъни шажараларни тадқиқ этувчи насабшунос назоратчилар) саййидликка даъвогарларнинг насабларини қадим ансоб (насаб) илмига оид асарлар ва манбалар билан мукаммал солиштирган ҳолда тадқиқ ва таҳлил этгандан сўнггина ўз муҳрлари билан тасдиқлаб берганлар. Озгинагина далил топиб, одамларнинг саййид, хўжа ё эшон дейишларига учиб, ўзларини Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аҳли байтиданман дейдиганларнинг даъволарини тасдиқлашда жуда эҳтиёт бўлганлар. Жумладан, бир куни Абдураҳмон Жомий ҳазратларининг олдиларига бир кимса келиб, ўз шажарасини кўрсатибди. “Мен шариф саййидзодаман! Мана, кўпгина улуғ ва машҳур зотлар ҳам ўз муҳрлари билан шажарамни тасдиқлашган. Сиз ҳам бу шажарани тасдиқлаб беришингиз керак”, дебди у. Абдураҳмон Жомий ҳазратлари қарасалар, ўша саййидзодаликка даъво қилаётган кимса, Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримни ўқиб билиш у ёқда турсин, кўтариб олган ўз шажарасидан бирор ҳарфни ҳам ўқий олмас экан. Шунда Жомий ҳазратлари: “Кел, майли! Шажарангни тасдиқлаб ёзиб бераман”, дебдилар-да, насабнома-шажарасини олиб, тагига ушбу рубоийни ёзиб берган экан:

Онроки, бувад нури набий дар башара,

     Ҳожат набувад ба-тули арзи шажара.

     Онроки, натобад ин нури сара,

     Шажара надиҳад ба-ғайри лаънат самара. 

Мазмуни: Башаралари (юзлари)да Пайғамбар алайҳиссаломнинг нурлари бўлган зотларга шажаранинг узун-кенглигига ҳожат бўлмайди. Ушбу сара ва покиза нур бутун вужудлари ва аъмолларидан балқиб турмас экан, шажара лаънатдан бошқа самара бермагай!.

Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аҳли байтларига мансуб кимсалар ўзларини доим шунга лойиқ ва муносиб эканликларини тасдиқлаб, шарофатлик иймон ва ислом йўлида, эътиқоду амалда, зуҳду тақвода ва жами яхшилигу ибодатларда бошқаларга ибрат, ўрнак ва намуна бўлишлари лозим бўлади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар китобларидан бири бўлган “Радд ул-Муҳтор” соҳиби ўзининг Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлодлари тўғрисида ёзган рисолаларида қиёматда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга авлод бўлиш шарафи фойда берадими ёки йўқми, деган саволга жавоб бериб, шаксиз бу нарса фойда беради. Унинг фойдаси, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шафоатлари энг аввало уларга бўлиши билан изоҳланади, деганлар. Имом Табароний ва Дорақутний ҳамда Дайламийлар ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифни келтирганлар: “Қиёмат кунида энг аввал шафоат қиладиганим Аҳли байтимдир, сўнг унга яқинлар, сўнг унга яқинлар. Сўнгра, ансорлар. Сўнг, менга иймон келтириб, тобеъ бўлган Яман аҳли, сўнг бошқа араблар. Ана ундан сўнг ажамлардир”, деганлар (Ибн Обидийн. “ал-Илм аз-зоҳир фий нафъин насабит тоҳир” 2-8 б).

Шунга биноан Ибн Обидийн ҳазратлари яна Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ва Имом Байҳақийлардан Абу Саид ал-Худрий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни келтирадилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни минбарга чиқиб бундай дедилар: “Баъзи одамлар Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг марҳамати ўз қавмига қиёмат куни фойда бермайди, деб юришибди. Йўқ, ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, менинг марҳаматим дунёу охиратда етгувчидир. Эй одамлар, албатта мен сизларга Ҳовуз (Кавсар)да олдин бориб тургувчиман”.

Яна Ибн Обидийннинг айтишига қараганда, Каҳф сурасида келган Мусо ва Хизр алайҳимуссаломлар қиссасида Хизр (а.с.) бир қишлоқдаги йиқилай деб турган деворни тиклаб қўядилар (Каҳф, 77-оят), ва кейинчалик бунинг таъвили, маъносини бундай тушунтирадилар: “Энди девор эса, шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг отаси солиҳ киши эди. Бас, Раббинг улар вояга етиб, Раббингнинг раҳмати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди…” (Каҳф, 82-оят) (“Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” 302-б). Мана шу ерда етим болаларнинг ўз туққан отаси эмас, балки еттинчи отаси солиҳ бўлганлиги таъкидланади (Ибн Обидийн. “ал-Илм аз-зоҳир фий нафъин насабит тоҳир”, “Расойили Ибн Обидийн” мажмуаси, 2-б). Бу нарса бошқа мўътамад тафсир китобларида ҳам зикр этилган (Абулбаракот ан-Насафий. “Тафсир ан-Насафий”. 3-жузъи. Нўъмон Муҳаммад Тошкандий нашри, 1988. 22-бет; Ҳусайн Воиз Кошифий. “Тафсири Ҳусайний”. –Бўмбай: “Ҳайдарий” матбааси, 1297. 486-бет.)

Нима учун Аҳли байтга саййидларга муҳаббат қилинади? Уламолар айтибдиларки, “Чунки бу дин Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аҳли байтининг яъни саййидларнинг қони билан суғорилган дарахтдур. Бу диннинг илдизлари Аҳли байтнинг қони билан суғорилгандур”. Карбалодаги мудҳиш Ашуро кунида  Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўғли Саййидус-шуҳадо Имом Ҳусайн (р.а.) (ҳижрий 61 йил Муҳаррам ойининг ўнинчи куни, жумъа куни, 57 ёшда) ва ул зотнинг биродарлари, фарзандлари, қариндошларининг шаҳид бўлишлари бунга етарли мисолдир. Шу сабабли ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг Аҳли байтини яхши кўриш ҳар бир мусулмонга вожибдур.

Дашти Карбалода Имом Ҳусайн (р.а.) билан биргаликда 72 киши шаҳид бўлган, яна манбаларда келтирилишича 58 киши ул зотнинг тарафдорлари бўлганлиги учун Куфада ва Карбалода шаҳид кетишган, уларнинг рўйхати қуйидагилар:

Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб (р.а.) нинг фарзандлари:

  1. Аббос ибн Али
  2. Жаъфар ибн Али
  3. Абдуллоҳ ибн Али
  4. Амру (Умар) ибн Али
  5. Усмон ибн Али
  6. Муҳаммад Асғар (Абу Бакр) ибн Али

Ҳазрати Имом Ҳасан ибн Имом Али (р.а.) нинг фарзандлари:

  1. Қосим ибн Ҳасан (14 ёшда эдилар)
  2. Амру ибн Ҳасан
  3. Абдуллоҳ ибн Ҳасан (11 ёшда эдилар)
  4. Аҳмад ибн Ҳасан (16 ёшда эдилар)
  5. Ҳасан Мусанно (22 ёшда эдилар)

Ҳазрати Имом Ҳусайн ибн Имом Али (р.а.) нинг фарзандлари:

  1. Али Акбар ибн Ҳусайн (30 ёш атрофида эдилар)
  2. Абдуллоҳ Розий (Али Асғар) ибн Ҳусайн (вояга етмаган гўдак эди)
  3. Иброҳим ибн Ҳусайн (Ибн Шахр Ашубнинг ривоятига кўра)

Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор ибн Абу Толиб (р.а.) нинг фарзандлари:

  1. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ
  2. Авн ибн Абдуллоҳ
  3. Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ

Ақил ибн Абу Толиб (р.а.) нинг фарзандлари:

  1. Муслим ибн Ақил (Карбалодаги биринчи шаҳид, куфаликлар томонидан ўлдирилган)
  2. Жаъфар ибн Ақил
  3. Абдураҳмон ибн Ақил (23 ёшда эдилар, хотини Хадича бинти Имом Али (р.а.)
  4. Абдуллоҳ Акбар ибн Ақил.
  5. Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ақил (26 ёшда эдилар. Муслим ибн Ақилнинг ўғли, онаси Руқийя ибн Имом Али (р.а.).
  6. Авн ибн Муслим ибн Ақил
  7. Муҳаммад ибн Муслим ибн Ақил (27 ёшда эдилар)
  8. Муҳаммад Асғар ибн Муслим ибн Ақил (4 ёшда эдилар)
  9. Иброҳим ибн Муслим ибн Ақил (6 ёшда эдилар)
  10. Муҳаммад ибн Аби Саид ибн Ақил (вояга етмаган бола эди)

Ушбу рўйхатда Карбало жангида қатнашган Имом Ҳусайн (р.а.)нинг Бану Ҳошим наслидан бўлганлар қариндошлари номлари зикр этилди, аниқроғи улар Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломни амакилари Абу Толибнинг авлодлари эдилар. Карбало жангида барча Ҳошимийлар қатнашишмаган, масалан, Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Аббос ибн Абдумуталлиб авлодлари қатнашмаганлар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг боболари Абдумуталлиб ибн Ҳошимнинг 12 ўғиллари бўлган ва барчалари Ҳошимийлар деб номланишади. Ўғилларидан Абдуллоҳ ибн Абдумуталлиб Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг оталари эдилар. Абу Толиб ибн Абдумуталлиб Ҳазрати Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг оталари эдилар. Аббос ибн Абдумуталлиб Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари бўлиб, унинг авлодлари Умавийлар ҳукмронлигидан сўнг Аббосийлар давлатини ташкил этиб ислом оламини бошқарганлар.  Ҳамза ибн Абдумуталлиб Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари бўлиб, “Аллоҳни шери” лақабига эга эдилар, Уҳуд жангида шаҳид кетганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг яна бир амакилари Абу Лаҳаб ибн Абдумуталлиб бўлиб, у ҳам Ҳошимийлардан эди, лекин унга насаби ва мавқеъйи ёрдам бермади, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга ва ислом динига кўплаб ёмонликлар қилган, иймонсиз ҳолатда вабога ўхшаш дард билан касалланиб хор бўлиб ўлган. Унинг иймонсиз хотини Умм Жамил, Умавийлардан эди, Абу Суфён ибн Харб ал-Умавийнинг синглиси бўлган.

Ҳазрати Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб ибн Абдумуталлибнинг 4 ўғиллари бўлган: булар, Имом Али ибн Абу Толиб, Ақил ибн Абу Толиб, Жаъфар Таййор ибн Абу Толиб ва Толиб ибн Абу Толиб (ундан авлод қолмаган). Жаъфар Таййорнинг ўғли Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор бўлиб, унинг хотини Зайнаб ибн Имом Али (р.а.) бўлганлар. Зайнаб ибн Имом Али (р.а.) Карбалодаги воқеаларни гувоҳи бўлганлар. Улардан Авн ибн Абдуллоҳ (Карбалода шаҳид бўлган), Муҳаммад ибн Абдуллоҳ (Карбалода шаҳид бўлган), Али ибн Абдуллоҳ ва Аббос ибн Абдуллоҳ исмли ўғиллари дунёга келишган.

Карбало шаҳидларидан 9 кишининг онаси Ашуро куни у ерда ўғилларининг шаҳид бўлишига гувоҳ бўлишган. Улар қуйидагилар:

Абдуллоҳ Розий (Али Асғар) ибн Ҳусайн, онаси Рубоб,

Авн ибн Абдуллоҳ ибн Жаъфар Тайёр, онаси Ҳазрат Али (р.а.)нинг қизлари  Зайнаб (р.а.),

Қосим ибн Ҳасан, онаси Ромила,

Абдуллоҳ ибн Ҳасан, онаси бинти Шалил Жайлийя,

Абдуллоҳ ибн Муслим, онаси Ҳазрат Али (р.а.)нинг қизлари Руқайя (р.а.),

Муҳаммад ибн Абу Саид ибн Ақил, Амр ибн Жунода, Абдуллоҳ ибн Ваҳаби Калбий, онаси Умму Ваҳаб.

Али Акбар ибн Ҳусайн; оналари Лайло.

Ҳошимийлар наслидан бўлмаган шаҳид кетганлар рўйхати:

Имом Ҳусайн (р.а.)нинг сафдош ёронларининг Карбалодаги умумий қабри. Қабр пештоқида уларнинг номлари зикр этилган.
  1. Иброҳим ибн Ҳусайн Аздий
  2. Абу Хатуф ибн Хорис Ансорий
  3. Абу Саад ибн Хорис Ансорий — у акаси Абу Хатуф билан биргаликда то Имом Ҳусайн (р.а.) нинг барча биродар сафдошлари шаҳид бўлгунга қадар Язид ибн Муовия (лаънатуллоҳ)нинг қўшинлари таркибида хизматда эдилар, Имом Ҳусайн (р.а.) Язид қўшинига қарата “Ичларингда Аҳли байтга ёрдам беришга тайёр ёрдамчилар борми?!” деганларида, Абу Хатуф укаси Абу Саадга қараб “Ахир У қиёматда шафоатига умид қилаётган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг набираси эмасми?!” деб, Имом Ҳусайн (р.а.) томонларига ўтиб, Язид қўшинига қарши жанг қилиб шаҳид бўлганлар.
  4. Абу Амру Нахшалий (Хасамий)
  5. Адхам ибн Умайя Абдий
  6. Аслам Туркий – турк уруғидан бўлиб, моҳир камончилардан бўлганлиги, Имом Ҳусайн (р.а.)нинг хаттотларидан бири бўлганлиги ҳамда асли исми Сулаймон ёки Сулайм эканлиги ривоят қилинади. Карбалода Ашуро кунида қаттиқ яраланади, шунда унинг олдига Имом Ҳусайн (р.а.) келиб ўз юз ёноқларини унинг ёноқларига қўйган эканлар, шунда Аслам Туркий “Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг набираси ўз яноғини менинг яноғимга қўйсалара, энди ким менга ўхшай олади” деб вафот этган эканлар.
  7. Умайя ибн Саад Тоий – Куфада яшаган. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг сафдошларидан эди. Сиффин жангида қатнашган. Карбалодаги биринчи жангда шаҳид бўлган.
  8. Анас ибн Хорис Кахилий – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан эдилар. Куфада яшаган. Карбало жангида қатнашган пайтда улуғ ёшда бўлган. Унинг отаси Хорис ибн Нубайя Асадий (р.а.) бўлиб, Бадр жангида қатнашган саҳобалардан эди. Ул зотдан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам билан эдим, ул Зотнинг ёнларида набиралари Ҳусайн (р.а.) ўтирар эдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Бу менинг ўғлим (набирам) Ҳусайн Ироқ ерларида Карбалода шаҳид қилинади. Ким бу вақтни топса, унга ёрдам беришга мажбурдир” дедилар. Анас ибн Хорис шу сабабдан ҳам Имом Ҳусайн (р.а.) тарафида Карбалода жанг қилиб Язид қўшинидан 18 жангчини ер тишлатиб Ашуро куни шаҳид кетган. (Ибн Асир “Усд улғоба фи маърифат аҳволис саҳоба”, 20118-ҳ, Ибн Суҳайм).
  9. Унайс ибн Макаал Асҳобий
  10. Бурайр (Бурайд) ибн Ҳазийр Хамдоний — Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг сафдошларидан ва ҳофизу қуръонлардан эди. Куфада яшаган, Имом Ҳусайн (р.а.) сафига Макка шаҳрига келиб қўшилган ва Карбалода шаҳид бўлган.
  11. Бишр (Башир) ибн Абдуллоҳ Хазрамий.
  12. Бакр ибн Хай Таймий – Язид қўшини таркибидан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини томонга ўтиб жангда шаҳид кетган.
  13. Жобир ибн Хажжож Таймий — Язид қўшини таркибидан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини томонида жанг қилган маҳоратли жангчилардан бўлган.
  14. Жобир ибн Хорис Солмоний – Ҳабаб ибн Хорис номи билан машҳур бўлган. Куфада Муслим ибн Ақил (р.а.) томонида бўлган, Муслим (р.а.) ўлдирилгандан кейин Куфадан чиқиб, Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган.
  15. Жабла ибн Али Шайбоний – Ҳазрати Али (р.а.) билан Сиффин жангида иштирок этган. Куфада Муслим ибн Ақил (р.а.) томонида бўлган, Муслим (р.а.) ўлдирилгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини Карбалога етиб келганида унга бориб қўшилган.
  16. Жунода ибн Кааб Ансорий – Маккадан Имом Ҳусайн (р.а.) томонга келиб қўшилган ва Карбалодаги жанг бошида шаҳид кетган.
  17. Жундуб ибн Ҳужайр Хавлоний – Куфадан Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган ва Карбалода Ашуро куни шаҳид кетган.
  18. Жун (Жавун) – Абу Зарр Ғифорийнинг қора танли қули бўлган, у ўлганидан кейин Имом Ҳусайн (р.а.)га хизмат қилган озод қул бўлган. Ибн Товус ўзининг “Лухуф” номли асарида, ул зот ҳақида қуйидагиларни ёзган: Ҳусайн (р.а.) унга “Мен Сенга жанг майдонини тарк этишингга рухсат бераман, чунки сен биз билан ўлим учун эмас, балки фаровонлик учун келгансан” дедилар, Жун айтди, “Эй Расулуллоҳнинг ўғиллари (набиралари)! Берган нонларингни фаровонликда йеб, Сизларни қийинчиликда қолдириб кетишим тўғрими?. Ҳидим ёқимсиз, жойим (мартабам) паст, терим қора, лекин Сиз орқали ҳидим ёқимли, жойим баланд, терим оқ бўладиган Жаннатни қозонишни истайман. Аллоҳга қасамки, менинг қора қоним Сизнинг қонингизга аралашмагунча Сизларни тарк этмайман” деган экан. Ул зот Карбалода душман билан охиргача жанг қилиб Ашуро куни шаҳид бўлган. Яна ривоят қилинадики, Имом Ҳусайн (р.а.) Аллоҳга дуо қилиб “Аллоҳим, унинг юзини оқ, ҳидини хушбўй қилгин ва уни Муҳаммад (сав) ва ул зотнинг авлодлари билан бирлаштиргин!” деб дуо ўқиганлари ривоят қилинади. Имом Муҳаммад Боқир (р.а.)дан ривоят қилинади: “Ашуро кунидан 10 кун ўтиб Жуннинг жасадини топишиб, ундан мушки анбар ҳиди келаётганини сездилар ва унинг жасади эса парчаланмаганини ва бузилмаганини кўрдилар. Унинг юзи ёруғ, қоронғу кечадаги тўлин ойдек оппоқ эди”, деб ривоят қилганлар.
  19. Жувайн ибн Малик Тамимий — Язид қўшини таркибидан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини томонга ўтган.
  20. Хорис ибн Амр Қайс Киндий — Язид қўшини таркибидан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини томонга ўтган.
  21. Хорис ибн Набҳон.
  22. Хабаб ибн Амр Шаабий — Муслим (р.а.) ўлдирилгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган.
  23. Хабши ибн Қайс Нахмий.
  24. Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан, Бану Асад қабиласидан, “ансорийлар шайхи” унвонига эга бўлган зот. Карбалода Ашуро кунида шаҳид кетганларида 75 ёш атрофида бўлганлар. Ул зотнинг қабри Карбало шаҳидларининг умумий қабридан алоҳида жойда яъни Имом Ҳусайн (р.а.) қабрларидан унча узоқ бўлмаган ерда жойлашган.

    Саҳобаи киром Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий (р.а.)нинг Карбалодаги қабрлари
  25. Хажжож ибн Бадр Саадий.
  26. Хажжож ибн Масруқ Жуфий.
  27. Ҳур ибн Язид Риёхий – Куфалик машҳур тажрибали жангчилардан бўлган. Ибн Зиёд (лаънатуллоҳ) уни Имом Ҳусайн (р.а.)нинг Куфага бўлган йўлини тўсиш учун юборади. Душманларнинг асл мақсадини билгандан сўнг Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтади ва Ашуро кунида шаҳид бўлади. Ривоят қилинадики, Имом Ҳусайн (р.а.) унинг жасадини кўриб “Сени онанг сенинг исмингни Ҳур деб (ҳур-эркин, озод маъносида) бежиз қўймаган экан. Сен бу дунё ва охиратда ҳақиқатдан ҳур озод бўлдинг” деган эканлар. Унинг мақбараси Карбалодан 5 км. узоқликда жойлашган.

    Карбало яқинидаги Ҳур ибн Язид Риёхийнинг мақбараси
  28. Халас ибн Амру Росибий – у укаси Нўмон ибн Амру Росибий билан биргаликда Язид қўшини таркибида бўлган ва кейинчалик Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини тарафига ўтганлар.
  29. Нўмон ибн Амру Росибий.
  30. Ханзала ибн Асад Шомий (Ашбомий) – Куфалик ҳофизу қуръонлардан бўлган.
  31. Ханзала ибн Амру Шайбоний – Ашуро куни биринчилардан бўлиб шаҳид кетган.
  32. Рофий – Муслим ибн Аздийнинг озод қулларидан эди.
  33. Зоҳир ибн Амру Киндий.
  34. Зуҳайр ибн Бишр Ҳасамий.
  35. Зуҳайр ибн Сулайм Аздий.
  36. Зуҳайр ибн Қайн Бажлий – Куфалик эди. Муслим ибн Ақил (р.а.) ўлдирилгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилиб мардонавор жанг қилган.
  37. Зиёд ибн Урайб Саидий.
  38. Салим – Амир ибн Муслимнинг озод қулларидан эди.
  39. Саад – Ҳазрати Али (р.а.)нинг озод қулларидан эди.
  40. Саад ибн Абдуллоҳ – Амр ибн Ҳолиднинг озод қули эди.
  41. Саид (Саъид) ибн Абдуллоҳ Ҳанафий – Муслим ибн Ақил (р.а.) ўлдирилгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган. Ибн Товус ул зот ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Пешин намози вақти эди. Ҳусайн (р.а.) Зуҳайр ибн Қайн ва Саид ибн Абдуллоҳ Ҳанафийга ва омон қолган сафдошларига пешин намозини ва нафл намоз (намози хавф)ни ўқиш учун сафланишни буюрдилар. Шу пайтда Ҳусайн (р.а.)га камон ўқи учиб тегди, Саид ибн Абдуллоҳ Ҳанафий ул зотнинг томонга учиб келаётган камон ўқларига ўзини урди ва яраланиб ерга йиқилиб “Ё Аллоҳим, уларни Самуд ва Од қавмини лаънатлаганинг каби лаънатла! Ё Аллоҳим, Пайғамбаринг (сав)га саломимни етказгин ва ушбу яралар дардидан азоб чекаётганимни билсинлар. Чунки мен Пайғамбар (сав)нинг зурриётларига ёрдам бериш орқали Сенинг мукофотингни истайман”, деб илтижо қилиб шаҳид кетди. Унинг танасида қиличлардан олган жароҳатларидан ташқари ўн учта камон ўқлари бор эди”.
  42. Солмон ибн Музариб Бажлий – Зуҳайр ибн Қайн Бажлийнинг жияни эди.
  43. Сулаймон – Имом Ҳусайн (р.а.)нинг озод қулларидан бўлган.
  44. Савар ибн Муним ибн Ҳабис — Муслим ибн Ақил (р.а.) ўлдирилгандан кейин Куфадан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган. Карбало жангида душман қўшини томонидан асирга тушиб олган жароҳатлари туфайли шаҳид бўлганлиги ривоят қилинади.
  45. Сувайд ибн Амру ибн Аби Мутоъ – асли Басралик бўлиб, Карбалода охирги шаҳид кетган жангчи. Имом Ҳусайн (р.а.) шаҳид кетганларидан кейин яраланиб, олган жароҳатлари туфайли жанг майдонида хушсиз ётган. Душман қўшини уни ўлган деб ўйлаб ташлаб кетишган. У хушига келганида, душман қўшини Имом Ҳусайн (р.а.)нинг ўлимидан ҳурсандчилик қилаётганларини кўради, куч тўплаб пичоқ билан уларга ташланади ва шаҳид кетади.
  46. Сайф ибн Хорис ибн Сария Жабирий – ўсмир ёшда бўлган. Малик ибн Абдуллоҳ ибн Сария исмли амакиваччаси билан Куфадан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига келиб қўшилган.
  47. Сайф ибн Малик Абдий – Басралик эди. Аввал Куфага боради сўнг Имом Ҳусайн (р.а.) қўшини Карбалога келганидан хабар топиб унга бориб қўшилган.
  48. Шабиб ибн Абдуллоҳ — Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинига Сайф ибн Малик Абдий билан бирга келиб қўшилган.
  49. Шавзаб – Бани Шокирнинг озод қули эди. Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб ул зотнинг барча жангларида иштирок этган.
  50. Сарғама ибн Малик – Куфада Муслим ибн Ақил (р.а.) тарафида эди, ул зот ўлдирилгандан кейин ўзини Язид ибн Муовиянинг тарафдориман деб унинг қўшини таркибига қўшилган, қўшин Карбалога етиб келиши билан пайтдан фойдаланиб Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтган.
  51. Айиз ибн Мажма Айизий – ўз отаси Мажма ибн Абдуллоҳ Айизий билан Куфадан чиқиб Имом Ҳусайн (р.а.)нинг сафига келиб қўшилган.
  52. Абис ибн Аби Шабиб Шокирий – Ҳазрати Али (р.а.)га содиқ бўлган ва ўзларининг жасоратлари билан танилган қабиладан эди. Сиффин жангида иштирок этган. Карбалода Ашуро куни мардонавор жанг қилиб душман қўшини қуршовида қолиб шаҳид кетган.
  53. Амир ибн Ҳассан – Жамал ва Сиффин жангларида қатнашган. Имом Ҳусайн (р.а.) билан биргаликда Маккадан Карболага келган ва биринчи жангда шаҳид кетган.
  54. Амир ибн Муслим Абдий – Басралик эди. Салим исмли хизматкори билан бирга Макка шаҳрига келиб Имом Ҳусайн (р.а.) томонига қўшилган.
  55. Ибод ибн Муҳожир Жухний – Куфадан келиб Имом Ҳусайн (р.а.) карвонига қўшилган.
  56. Абдул Аъло ибн Язид Калбий – Муслим (р.а.) билан бирга Куфада бўлган. Ибн Зиёд қўшини томонидан Куфа кўчаларидан бирида асирга олиниб унинг олдига олиб борилади. Ибн Зиёд уни қатл қилишга буюради.
  57. Абдураҳмон Архабий – Куфаликлар мактубини Макка шаҳрига Имом Ҳусайн (р.а.)га етказган ва Карбалода бирга бўлган.
  58. Абдураҳмон ибн Абдурабба Ансорий – Пайғамбар алайҳиссаломнинг саҳобаларидан эдилар. Куфадан келиб Имом Ҳусайн (р.а.)га қўшилганлар.
  59. Абдураҳмон ибн Урва Ғаффорий – укаси Абдуллоҳ ибн Урва билан биргаликда Куфадан чиқиб Имом Ҳусайн (р.а.)га қўшилган. Уларнинг бобоси Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб ул зот билан жангларда иштирок этган.
  60. Абдураҳмон ибн Масъуд Таймий – у отаси Маъсуд ибн Хажжож Таймий билан биргаликда Язид ибн Муовиянинг қўшини таркибида эдилар, Карбалога етиб келгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтганлар.
  61. Абдуллоҳ ибн Бишр Ҳасамий – душман қўшини томондан Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтган.
  62. Абдуллоҳ ибн Урва Ғаффорий – Абдураҳмон ибн Урва Ғаффорийнинг укаси.
  63. Абдуллоҳ ибн Умайр ибн Жаноб Калбий – навқирон йигит эди, хотини билан биргаликда Куфадан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.) тарафида жанг қилиб Ашуро куни шаҳид кетган, эрини ўлдирилганини кўрган хотини жанг майдонига бориб уни юзидаги чангларни арта бошлайди, буни кўрган Шимр исмли душман саркардаси аёлни ўлдиришга буюради ва душман жангчиси уни ўлдиради.
  64. Абдуллоҳ ибн Язид Абдий – у отаси Язид ибн Собит Абдий ҳамда укаси Убайдуллоҳ ибн Язид Абдий билан биргаликда Басрадан чиқиб Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтганлар. Ашуро куни барчалари ёнма-ён курашиб шаҳид кетганлар.
  65. Убайдуллоҳ ибн Язид Абдий – Абдуллоҳ ибн Язид Абдийнинг укаси.
  66. Уқба ибн Сомон – Имом Ҳусайн (р.а.)нинг Рубоб исмли аёлини хизматкори эди.
  67. Уқба ибн Салт Жаҳдий – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан эдилар. Мадина шаҳрида Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига қўшиладилар.
  68. Аммор ибн Салхаб Аздий — Муслим (р.а.) билан бирга Куфада бўлган. Ибн Зиёд қўшини томонидан асирга олиниб қатл қилинган.
  69. Имрон ибн Кааб ибн Хориса – Ашуро куни жангида биринчилар бўлиб шаҳид кетган.
  70. Аммор ибн Ҳассан Тоий – Имом Ҳусайн (р.а.) билан биргаликда Маккадан Карбалога келган.
  71. Аммор ибн Аби Салама Даланий – Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан эди, ул зот билан барча жангларда қатнашган.
  72. Амру ибн Абдуллоҳ Жундаий.
  73. Амру ибн Ҳолид Аздий.
  74. Амру ибн Ҳолид Сайдавий.
  75. Амру ибн Курза Ансорий – унинг отаси Курза Ансорий Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб жангларда иштирок этган.
  76. Амру ибн Мутаа Жуфий – асли Яманлик бўлиб Куфада яшаган, Карбалода жангда яраланиб шаҳид кетган.
  77. Амру ибн Жунада Ансорий – ёш навқирон йигит эди. Уни онаси жангда ўғлини бошидан жудо қилинганини гувоҳи бўлган.
  78. Амру ибн Забиа Забаий – Куфадан Карбало томонга чиққан Умар ибн Саъд бошчилигидаги душман қўшини таркибида бўлган, Карбалога етиб келгандан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтган.
  79. Қориб – Имом Ҳусайн (р.а.)нинг озод қулларидан бўлган.
  80. Қосит ибн Зуҳайр Тағлабий – Карбало воқеалари чоғида нуроний ёшда эди. Укалари Муқоссит ибн Зуҳайр ва Қардус ибн Зуҳайр Тағлабийлар билан Ҳазрати Али (р.а.) жангларида бирга иштирок этган. Учала ака-укалар ҳам Имом Ҳусайн (р.а.)га Карбалода қўшилиб Ашуро куни шаҳид кетганлар.
  81. Қосим ибн Ҳабиб Аздий — Куфадан Карбало томонга чиққан Умар ибн Саъд бошчилигидаги душман қўшини таркибидан Имом Ҳусайн (р.а.) тарафга ўтган.
  82. Қардус ибн Зуҳайр Тағлабий – Қосит ибн Зуҳайр Тағлабийнинг укаси.
  83. Кинона ибн Отик Тағлабий – Куфалик жасур жангчилардан бўлган.
  84. Малик ибн Давдон – Ашуро куни мардонавор жанг қилган.
  85. Малик ибн Абдуллоҳ ибн Сария – Сайф ибн Хорис ибн Сария Жабирийнинг амакиваччаси.
  86. Мажма Жухний – Яманлик бўлган.
  87. Мажма ибн Абдуллоҳ Айизий — Айиз ибн Мажма Айизийнинг отаси.
  88. Муҳаммад ибн Башир Хазрамий.
  89. Маъсуд ибн Хажжож Таймий — Абдураҳмон ибн Маъсуд Таймийнинг отаси.
  90. Муслим ибн Авсаж – Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобаларидан эдилар. Имом Ҳусайн (р.а.)га Куфада байят қилган ва Карбалодаги жангда дўсти бўлган саҳобаи киром Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий билан бирга иштирок этганлар. Ибн Товус ул зот ҳақида қуйидагиларни ёзган: “Сўнгра Муслим ибн Авсаж чиқиб сўнгги нафасигача ерга йиқилгунга қадар душман билан қаттиқ жанг қилди. Шунда унинг ёнига дўсти Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий ҳамда Имом Ҳусайн (р.а.)лар яқинлашдилар. Имом Ҳусайн (р.а.) қуйидаги Қуръон оятларини ўқидилар “Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар (Аҳзоб сураси 23-оят)”. Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий дўстига яқинлашиб “Эй Муслим, Сендан ажралиш мен учун оғирдир, жаннатда шод бўлгин” деди. Муслим унга заиф овозда “Аллоҳ сенга шодлик берсин” деди. Ҳабиб ибн Музоҳир “Агар сендан кейин ўлишимни билганимда сўнгги васиятингни сўраб олган бўлардим” деди. Шунда Муслим “Сенга Уни васият қиламан!” деб Имом Ҳусайн (р.а.)га қўли билан ишора қилди ва “Унинг олдида ўлгунинча жанг қил!” деди. Ҳабиб ибн Музоҳир “Кўзларингиз шодланиши учун албатта мен сиз хохлаганиздек қиламан”, деди. Кейин Муслим ибн Авсаж вафот этди, Аллоҳ ундан рози бўлсин”. Баъзи манбаларда Муслим ибн Авсаж билан бирга унинг ўғиллари ҳам Карбало жангида иштирок этиб шаҳид кетганликлари ривоят қилинган.
  91. Муслим ибн Касир Аздий – Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб, ул зот билан жангларда иштирок этган.
  92. Муқассит ибн Зуҳайр Тағлабий — Қосит ибн Зуҳайр Тағлабийнинг укаси.
  93. Мунжаҳ – Имом Ҳусайн (р.а.)нинг озод қулларидан бўлган.
  94. Мавкий ибн Самома Асадий.
  95. Нафий ибн Ҳилол Жумлий — Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб, ул зот билан барча жангларда иштирок этган.
  96. Наср – Ҳазрати Али (р.а.)нинг озод қулларидан бўлган.
  97. Нўъмон ибн Амру Росибий — Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлган.
  98. Наим ибн Ажлон Ансорий — Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб, Куфадан кетиб Имом Ҳусайн (р.а.)га қўшилган.
  99. Возиҳ Румий – Хорис Салмонийнинг озод қули эди.
  100. Вахоб ибн Абдуллоҳ (Жаноҳ) Калбий – манбаларда уни 25 ёш атрофидаги Куфалик гўзал ва жасур йигит бўлганлиги айтилган. Карбалодаги жангда мардларча курашиб шаҳид кетишини унинг онаси билан хотини гувоҳ бўлганликлари ривоят қилинган.
  101. Язид ибн Собит Абдий – ўғиллари Абдуллоҳ ибн Язид Абдий ҳамда Убайдуллоҳ ибн Язид Абдий билан биргаликда Басрадан чиқиб Имом Ҳусайн (р.а.) тарафига ўтганлар. Ашуро куни барчалари ёнма-ён курашиб шаҳид кетганлар.
  102. Язид ибн Зиёд ибн Муҳасир Киндий – Душман саркардаси Умар ибн Саъд қўшини таркибида Куфадан чиқиб Карбалога етиб келганда Имом Ҳусайн (р.а.) тарафга ўтган.
  103. Язид ибн Мағфал Жуфий – Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида яшаган шоир бўлган, Аҳли байт шарафига атаб шеърлар ёзганлиги ривоят қилинган. Ҳазрати Али (р.а.)нинг сафдошларидан бўлиб, ул зот билан жангларда иштирок этган.

Имоми Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад”ларида қуйидаги ҳадис келтирилган: Собит ал-Бунаний (Анас ибн Моликнинг мавлоси), Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинади, ёмғир ёғиши учун масъул бўлган фаришта Аллоҳдан изн олиб Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг олдиларига ташриф буюради. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом Умма Салама (р.а.) онамизга қараб “Ҳечким кирмасин, фаришта келди ҳузуримга” деб ишора қиладилар, шунда Ҳусайн (р.а.) ёш бола эдилар, Ҳусайн (р.а.) ҳеч нарсага қўлоқ солмасдан кириб келадилар ва боболарини елкаларига осилиб оладилар, Пайғамбар алайҳиссалом Ҳусайн (р.а.) лабларидан ўпиб эркалайдилар, шунда фаришта “Ё Расулуллоҳ, уни яхши кўрасизми?” деб сўради, Расулуллоҳ алайҳиссалом “Ҳа, яхши кўраман!” дедилар. Фаришта “Ё Расулуллоҳ, бу ўғлингизни (набирангизни) қаерда қатл этилишини кўрсатайми?” деб сўради ва Карбалодан қизил тупроқ олиб кўрсатди ва уни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кафтларига тўлдириб тўкди” ва “Мана шу тупроқ Карбало деган жойни тупроғи, ўша ерда мана шу набирангиз Ҳусайн шаҳид қилинади” деб айтди”. Пайғамбар алайҳиссалом ушбу тупроқни Умму Салама (р.а.) онамизга берган эканлар. Ўша қизил тупроқни Умму Салама (р.а.) онамиз рўмолларига тугиб сақлаб қўйганликлари ривоят қилинган.

Дашти  Карбалода ҳижрий 61 йил Муҳаррам ойининг ўнинчи куни, жумъа куни яъни Ашуро куни рўй берган соатма-соат воқеалар:

Доктор Аҳмад Бирашкнинг Эрон тақвимидаги ҳисобига кўра, Карбало воқеаси шамсий тақвим ҳисобига биноан, 59-шамсий йили 21-меҳр ойида юз берган экан. Шамсий сана қамарий сана каби ўзгарувчан эмас. Ернинг қуёшга нисбатан мавқеи собит ва ўзгармас бўлиб, ўша санадаги Дашти Карбалонинг шаръий вақтларини қўлга киритиш билан, Карбало фожиасини ёзиб қолдирган тарихнависларнинг сўзларини соат ва дақиқага айлантириш мумкин.

Юқорида айтилган шамсий тақвим ҳисобига асосан, 61-ҳижрий санада Муҳаррам ойининг ўнинчи куни (Ашуро куни) рўй берган Карбало воқеасининг соат ва дақиқаларини келтиришни лозим топдик (“Карбало фожеаси”):

Соат 5:47 Бомдод намози вақти;

Имом Ҳусайн (р.а.) Бомдод намозидан кейин сафдош ёронларига нутқ сўзлаб, уларни сабр ва жиҳодга чақирдилар ва сўнгра:

«Эй Аллоҳим, барча кўнгилсиз ҳодисаларда Сен Ўзинг менинг таянчиғимсан» – деб дуо қилдилар. Муқобил тарафда турган аҳд-паймон бузувчи куфаликлар эса Умар ибн Саъднинг орқасида туриб унинг пешнамозлигида намоз ўқишди ва бомдод намозидан кейин улар қўшинларни сафлаш ва кучларни жойлаштиришга киришдилар.

Эрталаб соат 6 атрофида;

Имом Ҳусайн (р.а.) душман орқадан ҳужум қилишининг олдини олиш учун чодирларнинг атрофида хандақ қазиб, уни тикан буталари билан тўлдириб сўнг уни ёқишни буюрдилар.

Соат 7:06 кун чиқиш пайти;

Кун чиқишидан бир оз ўтгач, Имом Ҳусайн ҳазратлари яхшироқ кўринишлари учун туяга миниб, сўнг Куфа қўшини томон йўл олдилар ва баланд овоз билан уларга хутба ўқидилар. Хутбада ўзларининг, ота ва акаларининг хислат ва фазилатларини ҳамда Куфаликлар ул ҳазратга мактуб ёзганларини уларга эслатдилар. Ҳатто Куфа қўшинининг бир неча бошлиқларини тилга олиб, Ҳажжор ибн Абжар ва Шабас ибн Рибъийдан сизлар мени даъват қилмаганмидиларинг?,-деб сўрадилар. Улар инкор этишди. Шунда Имом Ҳусайн (р.а.) уларнинг мактубларини ўзлари томон отиб юбориб, уларга ҳужжатни тамом қилгани учун Аллоҳ таолога шукр қилдилар.

Имом Ҳусайн ҳазратларига қарши турган душман бошлиқларидан бири ул зотдан сўради: «Нима учун у Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳукмини қабул қилмайсиз ва уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам фарзанди билан тўқнашиш иснодидан қутқазмайсиз?»

Ушбу саволнинг жавобида Имом Ҳусайн (р.а.) ўзларининг ёруғ йўлни кўрсатувчи машҳур каломларини баралла баён қилиб дедилар:

«Огоҳ бўлингизким, пасткашнинг ўғли бўлмиш пасткаш кимса мени икки йўл ўртасида бирини танлашга ундади; қилич тортиб ўлим билан юзланиш ёки хорликни қабул қилиб унга тан беришни! Зиллат-хорлик биздан йироқдир!».

Имом Ҳусайн (р.а.)нинг нутқлари тахминан ярим соат давом этди.

Эрталаб соат 8 атрофида;

Имом Ҳусайн ҳазратларининг нутқларидан сўнг, ул зотнинг бир неча сафдош ёронлари, жумладан «Саййидул Қурро», яъни куфалик Қуръон ҳофизларининг сарвари бўлмиш Бурайр ибн Ҳазийр ва бир ривоятга кўра, Зуҳайр бин Қайн Бажалий душман қўшинига Имом Ҳусайн (р.а.)нинг нутқларига ўхшаш сўзларни айтдилар.

Зуҳайр ва Бурайрларнинг сўзларидан кейин Имом Ҳусайн (р.а.) тарихда машҳур бўлган фарёд тариқасидаги сўзларини:

«Менга ёрдам берадиганлар борми?» баралла айтдилар. Шунда бир неча киши, жумладан Ҳур ибн Язид Риёхий шубҳага тушдилар.

Уруш кескинлашаётганини кўрган бошқа айрим кишилар ҳам Куфа қўшинидан қочиб кетган бўлиши муҳтамалдир.

Эрталаб соат 9 атрофида;

 Бу соатда эди, лаънатланган Шимр ибн Зилжувшан, малъун Умар ибн Саъдга: нега урушни кечиктирияпсан?, деб қўполлик қилди. Охир-оқибат, Умар ибн Саъд урушни бошлашга розилик билдирди. Сўнгра унинг ўзи биринчи ўқни Имом Ҳусайн ҳазратларининг қўшини томон узиб, ўзининг лашкарларига қараб:

“Мен биринчи ўқни узганим тўғрисида Убайдуллоҳ ибн Зиёд ҳузурида гувоҳлик беринглар” деди.

Умар ибн Саъд томонидан ўқ узилганидан сўнг Куфа қўшинининг ўқотар камондорлари биргаликда ўқ ота бошлайдилар.

Имом Ҳусайн (р.а.) сафдошларига қараб: «Булар бу қавмнинг вакилларидир. Қабул қилишдан ўзга чора бўлмаган ўлимга тайёр бўлинглар» дедилар. Ушбу ўқ отишлар натижасида Имом Ҳусайн ҳазратларининг қўшинларидан бир неча нафари ўлдирилдилар. Камон отишмаларида ўлганлар сони билан биринчи ҳамлада ўлганларнинг сони манбаларда 50 кишигача бўлганлиги қайд айтилган.

Эрталаб соат 10 атрофида;

 Отишмадан сўнг, Куфа қўшинидан бўлган Зиёд ибн Абийҳнинг қули Ясор ва Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қули Солим урушнинг аввалида яккама-якка жанг қилиш учун чиқишди.

Абдуллоҳ ибн Умайр Имом Ҳусайн (р.а.)дан жангга чиқишга рухсат сўради. Шунда ул ҳазрат унга қараб: «Ўлдирувчи рақибсан деб ўйлайман»,-дедилар. Абдуллоҳ иккаласини ҳам ер тишлатиб, жаҳаннамга равона айлади, аммо чап қўлининг бармоқлари кесилди.

Ушбу яккама-якка жангдан кейин Куфа қўшинининг ҳар томонлама ҳужум қилиши бошланди. Дастлаб, Аллоҳнинг лаънатига учраган Ҳажжор Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинининг ўнг қанотига ҳужум қилди, лекин Ҳабиб ибн Музоҳир ва унинг ҳамроҳлари уларга қарши туришди ва ерга тиз чўкиб ҳужумни найза билан даф қилишди. Шу пайтнинг ўзида, Аллоҳнинг лаънатига учраган Шимр ибн Зилжувшан Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинининг чап қанотига ҳужум қилди. Зуҳайр ибн Қайн ва унинг ҳамроҳлари босқинчиларга қарши жангга киришди. Бу ҳужумда малъун Шимрнинг ўзи ҳам яраланди.

Куфа қўшинининг ҳар иккала қаноти ортга чекингач, нобакор Умар ибн Саъд яна 500 нафар ўқотарни жанг майдонига юборди. Улар яна бир бор Имом Ҳусайн (р.а.) қўшинини ўққа тутишди. Ушбу камон отишлар натижасида Имом Ҳусайн ҳазратларининг сафдошларидан бир гуруҳи шаҳид бўлишди.

Тарихнавислардан Ибн Аъсам «Ал-Футуҳ» китобида бу ҳужумларда шаҳид бўлганлар сонини 50 нафар ва Ибн Шаҳр Ошуб эса 38 киши деб келтирган.

Малъун Шимрнинг бир гуруҳ қўшини орқа томондан Имом Ҳусайн ҳазратларига ҳужум қилмоқчи бўлишди. Бироқ улар олов ёқилган хандаққа дуч келишди. Шунда Зуҳайр ва яна 10 киши душман аскарларига ҳамла қилишди.

Эрталаб соат 11 атрофида;

Бу ҳужумлардан сўнг, Имом Ҳусайн (р.а.) ўз ёронларига бирма-бир жанг майдонига бориш учун изн бердилар. Сафдош ёронлар ўзаро шундай келишиб олгандилар; токи улар тирик эканлар, бани Ҳошим тоифасидан ҳеч кимга жанг майдонига чиқишга йўл қўймасинлар.

Гўё улар Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш учун бир-бирлари билан мусобақалашаётдек эдилар. Уларнинг баъзилари Имом Ҳусайн (р.а.) нигоҳлари (назарлари) баробарида шаҳид бўлишди. Биринчилардан бўлиб шаҳид бўлганлардан бири тақволи, парҳезкор ва кекса ёшли Бурайр ибн Ҳазийр Хамдоний эди.

Сўнгра Муслим ибн Авсаж чиқиб сўнгги нафасигача ерга йиқилгунга қадар душман билан қаттиқ жанг қилди. Шунда унинг ёнига дўсти Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий ҳамда Имом Ҳусайн (р.а.)лар яқинлашдилар. Имом Ҳусайн (р.а.) қуйидаги Қуръон оятларини ўқидилар “Мўминлардан Аллоҳга берган ваъдаларига содиқ қолган кишилар бордир. Бас, улардан баъзилари ажалини топди. Баъзилари эса, интизор бўлиб турибдир. Улар бирор нарсани алмаштирмадилар (Аҳзоб сураси 23-оят)”. Ҳабиб ибн Музоҳир Асадий дўстига яқинлашиб “Эй Муслим, Сендан ажралиш мен учун оғирдир, жаннатда шод бўлгин” деди. Муслим унга заиф овозда “Аллоҳ сенга шодлик берсин” деди. Ҳабиб ибн Музоҳир “Агар сендан кейин ўлишимни билганимда сўнгги васиятингни сўраб олган бўлардим” деди. Шунда Муслим “Сенга Уни васият қиламан!” деб Имом Ҳусайн (р.а.)га қўли билан ишора қилди ва “Унинг олдида ўлгунинча жанг қил!” деди. Ҳабиб ибн Музоҳир “Кўзларингиз шодланиши учун албатта мен сиз хохлаганиздек қиламан”, деди. Кейин Муслим ибн Авсаж вафот этди, Аллоҳ ундан рози бўлсин”.

Бир марта Имом Ҳусайн (р.а.)нинг асҳобларидан етти нафар душманнинг қўршовида қолишди. Ҳазрати Аббос ибн Али (р.а.) душманнинг қамалини синдириб, уларни қутқардилар.

Соат 12:50 Зуҳр (пешин) азони вақти;

Ҳабиб ибн Музоҳир зуҳр (пешин) азони вақтида шаҳид бўлди. Имом Ҳусайн (р.а.) асҳобларига хитоб қилиб дедилар: «Бир киши Умар ибн Саъд ёнига бориб у билан музокара қилсин ва зуҳр (пешин) намози учун урушни тўхтатишни ундан сўрасин». Шунда Куфа қўшинидан бир малъун шахс фарёд этиб: «Сизларнинг намозингиз қабул бўлмайди!» деди.

Ҳабиб унга жавобан: «Эй тентак, сизларнинг намозингиз қабул бўлади-ю, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам фарзандининг намози қабул бўлмайди, деб ўйлайсанми?» деди-да, у билан урушишга чиқди. Бироқ Куфа қўшинидан ўша малъун шахснинг ёрдамига келишди ва оқибат, бу қонли тўқнашувда Ҳабиб бин Музоҳир шаҳид бўлди.

Имом Ҳусайн (р.а.) Ҳабибнинг шаҳид бўлишидан таъсирланиб, илк маротаба Ашуро кунида йиғладилар ва осмонга қараб: «Эй Аллоҳим, ўзимнинг жонимни ва дўстларимнинг жонини Сенинг ҳисобингга қўяман» дедилар.

Имом Ҳусайн (р.а.) пешин ва нафл намоз «хавф намози»ни ўқидилар. Сафдошлардан бир гуруҳи Имом Ҳусайн ҳазратларига иқтидо қилиб намоз ўқидилар ва қолганлари эса урушишга киришдилар. Зуҳайр ибн Қайн ва Саъид ибн Абдуллоҳ Ҳанафий ўзларини имом Ҳусайн (р.а.) учун қалқон қилишди. Тарихнависларни ёзиб қолдиришларича, Саъид ибн Абдуллоҳга 13 ўқ ва найза қадалади ва оқибат у шаҳид бўлади.

Тушлик вақти соат 13:00 атрофида;

 Имом Ҳусайн (р.а.)нинг сафдош ёронларидан ўттиз киши намоз вақтига қадар тирик эдилар ва бу соатдан кейин шаҳид бўлдилар, жумладан Зуҳайр ва Ҳурлар. Ул ҳазратнинг ёронлари жанг майдонида бири-кетин шаҳид бўлганларидан сўнг, навбат Бани Ҳошимга етиб келди.

Бани Ҳошимдан биринчи бўлиб жанг майдонига чиққан киши Имом Ҳусайн (р.а.)нинг ўғиллари Ҳазрат Али Акбар эдилар. Ибн Аъсам «ал-Футуҳ» номли китобида Абдуллоҳ ибн Муслим ибн Ақилни Бани Ҳошимнинг биринчи шаҳиди деб келтирган. Абдуллоҳ ибн Муслим (р.а.) номардларча ўлдирилади. Унинг шаҳид бўлиши Бани Ҳошим йигитларига оғир ботди. Улар биргаликда отлиқ ҳолда душманга ҳамла қилдилар, аммо Имом Ҳусайн (р.а.) уларни тинчлантириб:

«Эй амакивачиларим, ўлимга сабр қилинглар. Аллоҳга қасамки, бундан сўнг сиз ҳеч бир хорлик ва зиллат кўрмагайсиз»,- дедилар.

 Соат 14:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (р.а.) сафдошларининг ҳаммаси шаҳид бўлгач, бани Ҳошим эркаклари бирин-кетин жанг майдонига йўл олдилар. Улар жон-жаҳдлари билан урушгач, ҳаммалари шаҳид бўлишди. Тарихда Бани Ҳошим эркакларидан шаҳид бўлганлар сони 28 киши эканлиги қайд этилган.

Оқибат Имом Ҳусайн (р.а.) ва Ҳазрати Аббос ибн Али (р.а.) ёлғиз қолдилар. Ҳазрати Аббос (р.а.) Имом Ҳусайн ҳазратларидан жанг майдонига чиқишга рухсат сўради, аммо Имом Ҳусайн (р.а.) унга аёл ва болаларга сув етказиб беришни буюдилар. Душман икки ака-уканинг ўртасига оралиқ солди.

Довюрак Аббос ибн Али (р.а.) аёллар ва болаларга сув мешини етказиб бериш учун бутун шижоатлари билан ҳаракат қилаётиб, душман қўшини қамалида қоладилар ва оқибат ул зотнинг икки қўллари кесилади ҳамда темир гурзи билан бошларига уришади. Шунда ул ҳазрат отдан ерга қулайдилар ва баланд товуш билан акаларини чақирадилар:

“Эй биродарим, эй Ҳусайн, мендан сизга салом бўлсин. Эй биродарим, биродарингизни қутқаринг!”

Шу пайт Ҳазрати Ҳусайн (р.а.) саросима ҳолда ўзларини яшин янглиғ биродарларининг бўлакларга бўлинган жасадига етказдилар. Ул ҳазрат биродарлари Аббос ибн Али (р.а.)ни Фурот дарёси қирғоғида чанқаган, қонига беланган ва икки қўли кесилган ҳолда кўрдилар. Биродарларининг бўлак-бўлакларга бўлинган баданини кўриб, Имом Ҳусайн (р.а.) иккинчи марта йиғлаб:

«Вой биродарим, вой Аббосим! Энди белим синди, чорасиз бўлдим ва умидим узилди»,- дедилар.

Душман Имом Ҳусайн ҳазратларини кўриб бир оз орқага чекинди.

 Соат 15:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (р.а.)нинг муборак кўзларидан ёш оққан ҳолда оилалари билан видолашиш учун чодирлар томонга қайтиб келдилар. Ва шунингдек, куйлакларини йиртиб эгниларига кийдилар, токи душманлар ғорат қилиш пайти куйлакни ечиб олиб ул ҳазратни яланғоч қилмасинлар деб. Имом Ҳусайн ҳазратлари Аҳли-Байтлари билан видолашиш вақти ўзларининг Али Асғар (Абдуллоҳ Розий) исмли сутэмар гўдакларини сувга қондириш учун жанг майдонига элтдилар. Аммо душманлар болага сув бериш ўрнига Аллоҳнинг лаънатига учраган Ҳармала исмли шахс гўдак болага ўқ отиш билан шаҳид этди.

Шунда Имом Ҳусайн (р.а.) осмон сари юзланиб: «Эй Аллоҳим, агар ёрдамингни биздан дариғ тутсанг, унинг баробарида биз учун яхшироқ бўлган нарсани ато этгин»,- дедилар.

Имом Ҳусайн (р.а.) жанг майдонига чиқдилар, лекин ул ҳазрат билан беллашишга журъат қилганлар жуда оз эди. Айримлар ул ҳазратга ўқ узардилар, баъзилар эса узоқдан туриб найза отардилар. Шимр ва ўн киши Имом ҳазратлари билан урушишга келишди. Ушбу жангда Имом Ҳусайн (р.а.) кўпларни қиличдан ўтказиб, дўзахга равона айладилар. Оқибат ул ҳазрат яккаю ёлғиз ҳолда Аллоҳ таолонинг ҳузурига йўл олиб шаҳид бўладилар. Имом Ҳусайн (р.а.) шаҳид бўлганларидан сўнг, ул зотнинг муборак баданларида 33 найза жароҳати ва 34 та қилич жароҳати бор эди.

Тарихнавислар ёзишича, Имом Ҳусайн (р.а.) шаҳид бўлиш арафасида эдилар, аммо ҳеч ким ул ҳазрат томонига боришга журъат этолмасди. Ул зотнинг Аҳли-Байтлари Зулжаноҳ исмли тулпорларининг кишнашини эшитиб, чодирлардан ташқарига югурдилар. Шу пайт Абдуллоҳ ибн Имом Ҳасан (р.а.) исмли гўдак жияни югуриб, қатлгоҳ томонга келди-да, ўзини амакиси Имом Ҳусайн (р.а.)нинг қучоғига отди. Аммо у виждонсиз разиллар гўдак болага раҳм қилмай амакисининг қучоғида ўлдиришди. Имом Ҳусайн ҳазратлари қаттиқ ранжиб чуқур қайғуга ботдилар ва куфаликларни қарғаб:

«Эй Аллоҳим, осмон ёмғирию ер ўсимликларини улардан ол»,- дедилар.

 Соат 16:06 Аср намози вақти;

Тарих китобларида Имом Ҳусайн (р.а.)нинг шаҳид бўлиш вақтлари аср намози вақти деб айтилган. Табарий китобида ёзилишича, малъун Умар ибн Саъд қўшини орасидаги воқеаларни ёзувчи Ҳамид бин Муслим Имом Ҳусайн (р.а.)нинг шаҳид бўлишларини қуйидагича баён қилган:

Ҳусайн ибн Али (р.а.)нинг ўлдирилишидан олдин унинг ушбу сўзларни айтаётганини эшитдим:

«Аллоҳга қасамки, мендан кейин бирор одамни ўлдирмайсизки, Аллоҳ унинг ўлдирилишидан мени ўлдиришдан кўра кўпроқ сизларга ғазаб қилсин».

Сўнгра айтади: Кейин Шимр аскарларга қараб: «Сизларга вой бўлсин, нимани кутмоқдасиз?! Оналаринг азангизда йиғласинлар, уни ўлдинглар!»,- деди.

Унинг айтишича, шу пайтда Синон ибн Анас Имом Ҳусайн (р.а.)га ҳарба қилиб ул ҳазратнинг баданига найза суқди.

Соат 17:00 атрофида;

Имом Ҳусайн (р.а.)нинг шаҳид бўлишларидан сўнг душман қўшинининг бир гуруҳи ул ҳазратнинг кийимларини талон-тарож қилишди. Сўнгра Имом Ҳусайн (р.а.) ва ул ҳазрат ёронларининг мол-мулкларини жамоа бўлиб талон-тарож қилиш бошланди. Умар ибн Саъд бир муддатдан сўнг ғорат қилишни тўхтатишни буюрди.

Басралик Сувайд ибн Амру ибн Аби Мутоъ исмли шахс Имом Ҳусайн (р.а.) шаҳид бўлганларидан кейин Карбалога етиб келиб ул зотнинг аҳли оилаларини ҳимоя қилиш учун жанг қилди ва оқибат бу аёвсиз қонли тўқнашувда охирги шаҳидлардан бири бўлди.

Кун ботишига оз қолганди. Имом Ҳусайн (р.а.)нинг муборак бошларини шафқатсизларча танидан жудо қилиб шу кечанинг ўзидаёқ лаънати Ибн Зиёд ҳузурига элтиш учун малъун Хувлийга беришди. Сўнгра Умар ибн Саъднинг буйруғи билан Имом Ҳусайн ҳазратлари ва ул зот ёронларининг суякларини ҳам янчиб-эзиб ташлаш учун уларнинг пок-мутаҳҳар баданлари устидан отларни чоптиришди.

Соат 18:49 Мағриб (Шом) азони вақти;

Душман жангчилари Куфа қўшинининг ўлганларини тўплайдилар, Ашуро кунининг қайғули воқеаси мана шундай тугайди; Ҳолбуки, Аллоҳнинг лаънатига учраган Умар ибн Саъд  Шом намозини жамоат билан ўқишга буюраётган вақт Синан ибн Анас одамлар орасида югириб:

«Отим (тулпорим)нинг югани ва эгарини олтиндан қилингиз, чунки, мен энг яхши одамларни ўлдирдим» деб ваъзу ражаз ўқирди.

Тарихчиларни қайд этишларича, кейинчалик бу Карбало воқеасида қатнашган душман жангчилардан тортиб уларнинг  бошлиқларигача ҳаммаси бедаво касалликларга дучор бўлиб, девона бўлиб, ёмон интиқом топиб, хору-зорликда ўлиб кетишган.

«Огоҳ бўлингизким, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир» (Ҳуд сураси, 18-оят)

«Зулм қилганлар (золимлар) эса, тезда (яқинда) қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар» (Шуаро сураси, 227-оят)

Аллоҳ таоло Карбалода шаҳид кетган Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг набиралари Имом Ҳусайн (р.а.)дан ва жумла аҳли-байтларидан ҳамда шаҳид кетган барча сафдош ёронларидан рози бўлсин. Ва соллаллоҳу аъла саййидина ва набиййина мавлана Муҳаммад ва аъла алиҳи ва азважиҳи ва зурриятиҳи ва абвабиҳи ва асҳабиҳи ажмаъин би роҳматика йа арҳамар роҳимийн. Амин.

 

Фойдаланган манбалар:

  1. “Тафсири Ҳилол”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
  2. Бухорий, “Саҳиҳ ал-Бухорий”.
  3. Термизий, “Сунани Термизий”
  4. Термизий 5/3786, 3788; Насоий 5/8148, 8464; Табароний “Мўъжам ал-авсат” 3/3439, 4/3542; “Мўъжам ал-кабир” 3/2678-2683
  5. “Муснад” Аҳмад ибн Ханбал.
  6. Ибн Ҳажар, «Ас-савоиқул муҳриқаҳ», Миср, «Мактабатул Қоҳира».
  7. Шабровий, «Итҳоф».
  8. Ҳамзовий Моликий, «Машориқ».
  9. Зарқоний, «Ал-мавоҳиб».
  10. Саббон «Ал-исъоф».
  11. “Карбало фожеаси”
  12. Қўлёзма насаб шажараларнинг гўзал сўзбошиларида келтирилган маълумотлар.

 

Саййид Илҳомхон Баҳодир Раззавий Ҳусайний,

 «Туркистон Саййидлари ва Эшонлари»

хорижий халқаро жамиятининг ҳамда

дунёдаги бир неча ҳалқаро нақобат ташкилотларининг

Ўрта Осиё бўйича минтақавий вакили ва нақиби

 

 

 

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *