Shajara

Shajara

Аждодларни ёд этиш ёҳуд қабрдан таралаётган нур ва ёқимли ҳид

 Бир куни Ҳазрати Исо алайҳиссалом йўлда кетиб турсалар, четдаги бир қабрга назарлари тушади. Қабрдан эса кўзни қамаштирувчи нур ва ёқимли ҳид таралиб турган эди. Исо алайҳиссалом буни шундай тарк этишни хоҳламасдан, Аллоҳ таолога қабр эгасини тирилтириб, у билан гаплашишини истаб дуои муножот қиладилар. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарининг бу муножотини қабул қилади. Шу онда қабр икки тарафга очилибди, қарасалар ичида бир инсон, олдида Жаннатнинг дастурхони очилган, Жаннат меваларидан еб ўтирибди экан. Ҳазрати Исо алайҳиссалом таралиб турган муборак ҳидни айнан шу неъматлардан келиб турганини билиб, қабр соҳибига қараб:

Сен ким бўласан? – деб сўрабдилар.

Эй Рухуллоҳ, сизни яҳудий тоифаси ўлдирмоқчи бўлганларида, сизга қочинг деб хабар берган киши бўламан, — дебди.

Яхши, бу неъматларга қайси амалларинг туфайли ноил бўлдинг? – деб яна сўрабдилар Исо алайҳиссалом.

Бу неъматлар менинг амалим билан берилмаяпти. Дунёда яшаётган менинг бир неварам бор. У ҳар доим менинг руҳимга дуои-фотиҳалар, ҳайрликлар ва садақалар қилиб туради. Булар ўша садақаларининг савобидир. Бу неъмат ва нур ўшалардан. Булар менинг Аллоҳ йўлида яшаётган солиҳ неварамнинг мен учун юбораётган ҳадяларидир, дебди қабр соҳиби.

Ҳазрати Исо алайҳиссалом қабрдаги инсонга қараб туриб:

Бизга фарзанд (авлод)нинг фойдаларидан хабар бергин, — деб сўрабдилар.

Эй Рухуллоҳ, сиз дунёда нубувват билан билинасиз. Биз эса қабрда дунёда қолдирган солиҳ фарзанди, набираси билан фахрланган ҳолда таниламиз. Хусусан, жума кечаси бўлганда Аллоҳ таоло солиҳ зурриётларимизнинг дуои-фотиҳалари, садақалари ва истиғфорлари туфайли бизларга ўз малоикалари орқали нурдан бўлган катта лаганларда неъматлар эҳсон қилади. Келган бу неъматлар сабабидан байрам қиламиз. Ҳар кимга зурриётининг юборган садақаси, яхшиликлари миқдорича эҳсонда бўлинади. Ўғли, фарзанди йўқ, неваралари бўлмаган маййитлар, ёки зурриётлари ва қариндошлари бўлса ҳам улардан хайр ва ҳасанотлар олмайдиган маййитлар “Менинг фарзандим йўқ, ўғлим йўқ. Менинг набираларим йўқ. Шунинг учун мени яхшиликлар билан ёдга олмаяптилар”, дейди.

Ровий Ҳаммамдан ривоят қилинади:

«Каъбул Аҳборга: «Ота-онага қилолмай қолган яхшилигим учун ҳам Аллоҳдан савоб умид қиламан», дедим.

«Уларга яхшилик қилишинг ўтиб кетгани йўқ. Улар учун истиғфор айт. Уларга намозингдан, рўзангдан ва садақангдан насиба ажрат. ИншаАллоҳ, яхшилик қилувчилардан бўласан», дедилар

Аждодлар

Ҳа, ўтган ота-онамиз ва аждодларимиз вафот этиб кетган бўлсалар, ҳозир ҳам ортларидан яхшилик қилсак бўлаверар экан. Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларига меҳрибон Зот. У бизга ўтиб кетган яқинларимизга уларнинг ўлимидан кейин ҳам орқаларидан яхшиликларимиз етиб борадиган эшикларни очиб қўйган. Бунинг учун биз ўзлигимизни яъни қандай улуғ аждодларнинг авлодлари эканлигимизни англашимиз, уларнинг пок номларини тиклашимиз, ҳақларига истиғфор айтиб дуои-фотиҳалар қилиб туришимиз зарур экан. Ибодатларимизда «Аллоҳим, ота-онамни ва ўтган аждодларимни мағфират қил, уларнинг гуноҳларини кечир», деб дуо қилишимиз керак.  Ўтган аждодларнинг руҳини шод қилишлик нафақат уларга солиҳ амалларнинг савобини бағишлаш билан балки, Аллоҳ қайтарган харом ишлардан тийилиб, солиҳ амалларда бардавом бўлиш билан ҳам ҳосил бўлади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг қилаётган амалларингиз қабрда ётган қавму қариндошларингизнинг руҳига кўрсатиб турилади. Агар яхши амал қилиб юрган бўлсангиз хурсанд бўлиб, рухдошлари олдида фахрланадилар. Бордию гуноҳ ишлар қилиб юрган бўлсангиз, ранжийдилар ва: “Эй Аллоҳим, бизларни хидоятга бошлаганингдек, фарзандларимизни ҳам тўғри йўлга солмагунингча уларни жонини олмагин”, деб дуо қилиб турадилар (Термизий, Бухорий).

Ҳа, Инсон ўзлигини англаб ўтмиш аждодларини хотирлаши билан қандай авлод эканини янада дилдан ҳис қила бошлайди. У бу дунёни тарк этиб, дорулбақога рихлат этган ота-боболарини, қавму қариндошлари, ёру биродарларини эслар экан, ҳаёт ўткинчи эканлигини бу оламда ҳеч ким абадий қолмаслигини, бу дунёда ундан фақатгина яхши ном ҳамда солиҳ зурриётлар қолиши кераклигини янада равшанроқ англаб етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: “Бу дунёдан ўтган биродарларингизни яхши сифатларини эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини эслашдан сақланинглар!”-деганлар.

Шундай экан ўзлигимизни англашимиз, улуғ аждодларимизнинг шажараларини ўрганишимиз, ўтган азизларимизни руҳларини шод этиб, ҳамиша уларнинг пок номларини яхши сифатлар билан хотирлаб, бизларга қолдириб кетган маънавий меросларини, таълим-тарбия ва насиҳатларини ўсиб келаётган ёш авлодларга етказишимиз керак экан.

Қуръони Каримда: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: “Эй, Роббимиз! Ўзинг бизларни ва биздан илгари иймон билан ўтганларни мағфират этгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотларга нисбатан гина пайдо қилмагин! Эй, Роббимиз! Албатта, Сен меҳрибон ва раҳмли зотдирсан!» — деб мархамат қилган (Хашр сураси, 10-оят). Ушбу оят вафот этган кишиларни хайрли дуолар билан эслаш яхши амаллардан эканлигига далолатдир.

 

 Манба: “Биррул волидайн ва ҳуқуқҳума”, “Яхшилик ва силаи раҳм”.

 

Саййид Илҳомхон Баҳодир Раззавий Ҳусайний,

ислом цивилизацияси тарихи ва ансоб (насаб) илми

халқаро Рhd доктори, нақиб ал-ашраф

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.