Shajara

Fotima Zahro

ЖАННАТ АЁЛЛАРИ САЙЙИДАСИ

ҲАЗРАТИ ФОТИМА ЗАҲРО бинти МУҲАММАД МУСТАФО соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Оламлар Робби Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга ҳамда ул зотнинг аҳли-байти ва асҳобларига салавоту саломлар бўлсин!

 

Исмлари: Фотима, Закийя, Розия, Марзия, Муҳаддиса, Уммул Ҳасан, Уммул Ҳусайн, Уммул Муҳассин, Уммул Абиха (отасининг онаси)…

Энг машҳур исмлари: Заҳро, Сиддиқатал Кубро, Муборака, Тоҳира, Саййидатуннисо (Жаннат аёллари саййидаси).

Оталари: Сарвари Коинот Ҳазрати Муҳаммад Мустафо ибн Абдуллоҳ ибн Абдумутталиб ибн Ҳошим ал-Қурайший ал-Адноний соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам.

Оналари: Хадийжа бинти Хувайлид ибн Асад ибн Абдулуззо ибн Қусай ал-Қурайший розияллоҳу анҳо (исломни қабул қилган биринчи аёл).

Акалари: Қосим.

Опалари: Зайнаб, Руқайя ва Уммул Кулсум (р.а.).

Укалари: Абдуллоҳ, Иброҳим (онаси Мория Қибтийя р.а.).

Умрлари: 29 ёш.

Турмушга чиққан йиллари ва жойи: ҳижрий 2 йил (милодий 623 йил) Мадинаи Мунавварада.

Умр йўлдошлари: Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб ибн Абдумутталиб каррамаллоҳу важҳаҳу.

Фарзандлари: Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Умму Кулсум, Муҳассин (ёш вафот этган) ва Зайнаб (р.а.)лар.

Туғилиш тарихи ва жойи: Расулуллоҳ алайҳиссалом 35 ёшларида пайғамбарлик келишидан тахминан 5 йил аввал, милодий 605 йилда (ҳижратдан аввалги 18 йил), жумодул-охир ойининг 20 санаси, жума куни Маккаи Мукаррамада дунёга келганлар.

Ўлим тарихи ва жойи: ҳижрий 11-йил (милодий 632 йил) 29 ёшларида Мадинаи Мунавварада вафот этганлар. Васиятларига кўра ул зоти шарифа кечаси махфий ҳолда умр йўлдошлари Ҳазрати Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу томонларидан дафн этилганлар. Тарихий манбаларда ул зоти шарифанинг қабри Мадина шаҳридаги Бақиъ қабристонида эканлиги келтирилган.

shajara Muhammad saw

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ва Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг қизлари бўлган Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо кўпчилик тарихнависларнинг таъкидлашларича, Набий алайҳиссаломга пайғамбарлик келишидан тахминан беш йил олдин, Қурайш байтуллоҳни қайта қураётган пайтда таваллуд топганлар.

Жаннат аёлларининг саййидаси Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо бошқа қизларидан кўра оталарига ўхшашроқ ва яқинроқ бўлганлар. Ўрталарида ўзига хос яқинлик бўлгани боис “отасининг қизи” деб атаганлар. Муҳтарама онамизнинг асли исмлари Фотима (яъни “ёмонликлардан узоқлаштирилган”) бўлган эса-да, ниҳоятда гўзал, оқ юзли ва нафис бўлганлари боис Заҳро (нурли, ёрқин, гулдек) сифатини қўшиб айтганлар.

Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо беш ёш атрофида бўлганларида дунё тарихидаги энг муҳим ҳодиса юз берди. Аллоҳ таоло ўзининг энг охирги ва мукаммал дини Исломни, Ўзининг энг охирги ва энг мўъжизакор, қиёматгача боқий қолувчи китоби Қуръони Карим орқали Ўзининг энг охирги ва энг афзал пайғамбарига нозил қила бошлади. Ўша энг охирги ва энг афзал пайғамбар Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг меҳрибон оталари Ҳазрати Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам эдилар. Қуръони Каримни биринчи оятлари нозил бўлган кундан бошлаб Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо Ислом таълимотлари билан танишишни бошлаганлар ҳамда нубувват хонадонининг севимли кенжа қизи сифатида Исломда нима янгилик бўлса биринчи хабардор бўлганлардан бўлиб борганлар. Вақти соати етиб Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломга Ислом даъватини ошкор қилишга амр қилганда ҳам ул зот даъват қилинганлар ичида оила аъзоларидан фақат Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг номларини тилга олиб атаганлар.

Ҳали кичкина бола бўлганлари боис Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо кўчага фақат падари бузрукворлари Набий алайҳиссалом билан бирга чиқар эдилар. Доимо Пайғамбар алайҳиссаломнинг ёнларида юришлари ул зоти шарифанинг гўзал ахлоқ билан хулқланишига сабаб бўлган, шунингдек, у муҳтарама зот, оналари Ҳазрати Хадийжа розияллоҳу анҳо онамиздан ҳам жуда кўп яхши хислат ва фазилатларни олганлар.

Makka shahri
Маккаи Мукаррама

Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз Маккада ёлғизланиб қолганлар. Икки акалари кичик ёшида вафот этишади, меҳрибон опалари Зайнаб розияллоҳу анҳо Абул Ос ибн Робиъа розияллоҳу анҳу оиласига келин бўлиб кетадилар. Орадан яна қанчадир вақт ўтиб Руқайя ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳоларни Абу Лаҳаб ўғиллари Утба ва Утайбага келин қилиб олиб кетади, лекин кейинчалик Абу Лаҳабнинг қистови билан ажрашишади ва улар Усмон Зуннурайн (р.а.)га турмушга чиқишади. Ўша пайтлар Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз буткул ёлғизланиб қоладилар. Бу вақтда Пайғамбар алайҳиссалом ҳар тарафдан душманларнинг қаршилигига учраётган, Хадийжа онамиз севимли жуфтига далда бўлиб турган эдилар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз жуда кичик ёшданоқ азоб-уқубатларни ва қўрқинчли воқеаларни кўп кўрган эдилар. Макка мушрикларининг мусулмонларга қилган зулмларига қарши бўлган Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз азиятларни енгиш учун жон фидо қилишга ҳам тайёр бўлганлар. Ҳолбуки, ўша пайтларда ул зоти шарифа ҳали ожиза бир кичкинагина қизча эдилар. Исломга даъватнинг илк йилларида мўъминларга қилинган шафқатсизликлар, уларга кўрсатилган турли азобу уқубатлар, очликлар Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг соғлиғига қаттиқ таъсир ўтказган. Ана ўша дунё тарихида ўзининг ашаддийлиги ила тилларга достон бўлган адоватнинг барчасини Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо нубувват хонадони аъзоси ўлароқ ўз оталари билан бирга татидилар.
Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг мушриклардан эшитган озор ва маҳзунликка сабаб бўлувчи сўкишлари ва гаплари, улардан кўрган бошқа душманликлар ҳақида муҳаддис уламоларимиз кўпгина ривоятларни келтирганлар. Ўша озорларнинг энг кучлиси, Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг ўз меҳрибон оталари Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломга берилган озордан озорланишлари ҳақидаги бир ривоятни келтирамиз: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб саждага борганларида Уқба ибн Аби Муъайт туянинг қорнини олиб келиб Ул зотнинг бошлари аралаш елкаларига ташлади. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак бошларини кўтара олмай қолдилар. Кофирлар эса бир-бирларига қараб кулар эдилар. Ҳеч ким бирор ёрдам қилишга ботина олмас эди. Охири бир одам бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотимани чақириб келди. Фотима келиб ўша нарсани Ул зотнинг устиларидан олиб ташлади ва мушрикларни қарғади» (Бухорий, Термизий ва Муслим). Ушбу ривоятдаги уч нарсага эътибор қиламиз: биринчиси: Набий алайҳиссаломнинг бошларига ташланган туя қорнини биров журъат қилиб олиб ташлай олмагани ҳамда бундан мушриклардан ҳамма баробарига қўрққанлиги уларнинг ишига биров ошкора қарши чиқа олмаслиги чиқади; иккинчиси: хабарчи одамнинг бошқа ҳеч кимни эмас, балки айнан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизни чақириб келиши ҳамда бундан одамлар Пайғамбар алайҳиссаломни мазкур ноқулай ҳолатдан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиздан бошқа биров қутқара олмаслигини билишлари чиқади; учинчиси: Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг келиб Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг бошларидан туянинг қорнини олиб ташлаб, мушрикларни қарғашлари. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ёрдам сўраб кучлироқ забардаст бирор эркакнинг олдига бормадилар, чунки бу ҳолатда бировдан ёрдам чиқиши амри маҳол эди. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ўзлари келиб оталари охирзамон пайғамбари Набий алайҳиссаломнинг бошларидан туянинг қорнини олиб ташлаб, мушрикларни қарғадилар. Чунки ул зоти шарифада буни қилишига юрак бор эди, журъат бор ва жасорат бор эди.
Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ана шу тариқа Аллоҳ таолонинг дини йўлида тинимсиз кураш кўчасига кирдилар. Ул зоти шарифа бу кўча орқали оталари Сарвари Коинот Муҳаммад солаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўтган барча машаққат бекатларидан матонат билан бирга ўтдилар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо оталарига етган ҳар бир озорга ул зотнинг ёнларида туриб шерик бўлдилар. Набий алайҳиссалом ўз саҳобаларига етган мусибатларга қайғурганларида бирга қўшилиб қайғурдилар. Ҳар доим беғубор бола қалби билан падари бузрукворларини қўллаб доим ёнларида юришга ҳаракат қилдилар. Шу боисдан “Уммул Абиха – Отасининг онаси” деган номни олдилар.

Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо дунё аёлларининг саййидаси, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг биринчи ёрдамчиси, меҳрибон волидалари Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо вафот этганларида ҳам оталари Набий алайҳиссалом билан бирга амал чекдилар. Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо вафотлари йилида Набий алайҳиссаломнинг яна бир содиқ тарафдорлари ҳақиқий, чин ёрдамчилари, амакилари Абу Толиб ибн Абдумутталибдан жудо бўлдилар. Абу Толиб Қурайшнинг энг ҳурматли кишиларидан ва обрў-эътиборли оқсоқолларидан эдилар. Ул зотнинг катта ҳурмати бўлиб, бу Набий алайҳиссалом ва ул зотнинг саҳобаларига зарар етказувчи будпарастларни жиловлаб турарди. Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толиб тирик экан, Қурайш мушриклари Набий алайҳиссаломни тўғридан–тўғри сиқиб чиқаришга йўл топа олмасдилар. Абу Толиб бутун умрлари давомида Набий алайҳиссаломга хизмат қилиш ва ҳимоя қилишда бир қадам ҳам чекинмаган шижоатли киши эдилар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ўша пайтдаги вужудга келган шароитга биноан оталари билан бирга ҳижрат қилмаган бўлсалар ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳижрат машаққатларига шерик бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўз ҳижратларини амалга ошириб жойлашиб бўлганларидан кейин ўша вақтда нубувват хонадони хонимлари бўлиб турган Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо, у кишининг опалари Умму Кулсум розияллоҳу анҳо ва мўъминларнинг онаси Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳоларни Маккадан Мадинага олиб келишни топширдилар. Набий алайҳиссалом ўз оила аъзоларини Маккадан Мадинага олиб келиш учун энг ишончли ва кўпгина камолот талабларига жавоб бера оладиган саҳобаларни танлашлари керак эди. Ана ўша одам ул зотнинг энг ишонган саҳобалари сифатида Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу бўлдилар.  У киши Маккага бориб мўъминларнинг онаси Савда бинти Замъа розияллоҳу анҳо онамизни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг қизлари Фотима Заҳро ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳоларни ва ўз умр йўлдоши Умму Айманни олиб келдилар. Албатта, мушриклар кўз-қулоқ бўлиб турган бир пайтда бу ҳажмдаги муҳим ишни амалга ошириш мушкул иш бўлган.  Ибн Исҳоқ (р.а.) ўзларининг “Ас-Сийра” китобларида зикр қилишларича: “Ҳижрат йўлида уларнинг ортида бир гуруҳ мушриклар қувиб қолдилар. Ҳувайрис ибн Нуқайз туяни ҳуркитиб юборгани учун туя қочиб Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ва опалари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони ерга йиқитди. Аммо улар Аллоҳ таолонинг ёрдами ила қаттиқ шикаст топмадилар. Мушриклар таъқибидан қутилиб Мадинага етиб олишга муваффақ бўлдилар”.  Шундай қилиб, Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ўн саккиз ёш атрофларида Маккаи Мукаррама билан видолашадилар.

Қубо масжиди, Мадинаи Мунаввара
Қубо масжиди, Мадинаи Мунаввара

Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ҳижрат қилиб келиб Мадинаи Мунавварада ташкил қилинган нубувват хонадонида яшай бошладилар. Ўша вақтда ул зоти шарифа ўн саккиз ёшга тўлган эдилар. Мадинаи Мунавварада нисбатан осойишта ҳаёт онлари бошланганда Фотима Заҳро розияллоҳу анҳони кўз остига олиб юрган таниқли саҳобалар ул зоти шарифанинг қўлларини сўраб совчи қўя бошладилар. Жумладан, Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумолар ҳам сўрадилар. Набий алайҳиссалом уларнинг ҳаммаларига ўта мулойим равишда рад жавобини берар эдилар. Бу масала тез орада кўп саҳобаларни қизиқтириб қолди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг бу иш бўйича ўзларини тутишларидан баъзи кишилар ўзларича хулоса чиқара бошладилар. Уларнинг фикрларича, Набий алайҳиссалом севимли қизлари Фотима розияллоҳу анҳони жиянлари Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга илинаётган бўлишлари керак эди. Улар секин Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ёнларига кириб ул зотга маслаҳат бера бошлайдилар. Уларнинг фикрича, Пайғамбар алайҳиссалом Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳумоларга узр айтганларидан кейин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан бошқа кишини куёвликка кўзламаган бўлар эдилар. Шунинг учун улар Али каррамаллоҳу важҳаҳуни Набий алайҳиссаломга Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг қўлларини сўрашга қистайдилар.

Ибн Исҳоқ (р.а.) ўзларининг “Ас-Сийра” китобларида қуйидагиларни зикр қилганлар: Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Набий алайҳиссалом ҳузурларига бордилар. Аммо бироз уялганларидан ва ҳижолат чекканларидан ташриф сабабини айтолмадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Амаким Абу Толиб ўғлининг қандай эҳтиёжи бор экан?» дедилар. Али каррамаллоҳу важҳаҳу тортина-тортина гап бошладилар: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг қўлларини сўраб келдим». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг муборак чеҳраларида мамнуният ҳислари намоён бўлди”. Эртасига Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу такрор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Набий алайҳиссаломга яқинроқ жойда турдилар ва ул Зот эшитадиган қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни дарҳол мулоҳаза қилиб, ул зотга оғир ботмайдиган қилиб: «Бирор нарсанг борми (маҳрга)?» дедилар. «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деб жавоб бердилар Али (р.а.). «Ҳутамийя совутинг қани?» дедилар. «Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. «Бўлмаса, ўшани бер», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам. Али каррамаллоҳу важҳаҳу тезда бориб, совутни олиб келдилар. Набий алайҳиссалом уни сотиб, келинга сеп қилишни буюрдилар. Совутни Ҳазрати Усмон Зуннурайн тўрт юз етмиш дирҳамга сотиб оладилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу пулни келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг олдиларига қўядилар. Набий алайҳиссалом муборак қўллари билан уларни оладилар ва бир қисмини Билол розияллоҳу анҳуга бериб, атир ва хушбўй нарса сотиб олиб келиш учун топширадилар. Қолганини Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизга бериб, келинга керакли нарсаларни сотиб олишни тайинлайдилар. Сўнгра Сарвари Коинот алайҳиссалом саҳобаи киром Анас розияллоҳу анҳу орқали Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон, Талҳа, Зубайр ва ансорлардан яна шунча кишини ҳузурларига чорлайдилар.

Набий алайҳиссалом дилбандлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг қошларига бориб: «Эй қизим Фотима! Али сенга уйланмоқчи, бунга нима дейсан?» дедилар. Муҳтарама қизлари қаттиқ ҳаё ва иболари боис сукут сақлаб, ҳеч қандай жавоб бермадилар. Бу эса розилик аломати эди. Бу аснода чақирилган саҳобалар ҳам етиб келишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам уларга шундай дедилар:

– Танҳо ҳамду санога лойиқ, қудрати ила бутун мавжудотни яратган Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло оила қуришни ва қариндош-уруғларни ҳурматлашни амр этди: «У сувдан – нутфадан инсонни яратиб, сўнг уни насл-насаб эгаси ва қуда-анда қилиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, Парвардигорингиз (ҳар ишга) қодирдир» (Фурқон, 54 оят). Энди мақсадга келсак, Ҳақ таоло амрига кўра, Фотимани Алига никоҳлаб бераман. Агар рози бўлса, тўрт юз мисқол кумуш эвазига вожиб бир амал ва қоим бир суннат ила Фотимани Али ибн Абу Толиб (р.а.)га узатаётганимга сизларни шоҳид қиляпман. Аллоҳ уларнинг мол-дунёларига барака бериб, наслларини азиз қилсин. Мана шуни сизларга маълум қилиб, ўзимга ва барчангизга Аллоҳдан мағфират тилайман, дедилар. Сўнгра Набий алайҳиссалом бир товоқ хурмо келтириб, ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилдилар. Бу орада Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам етиб келдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам табассум ила: «Эй Али! Мен тўрт юз мисқол кумуш эвазига Фотимани сенга никоҳладим», дедилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу шукр саждасини адо қилдилар. Сарвари Коинот алайҳиссалом Ҳазрати Али ва Фотима (р.а.)ларнинг ҳаққига: «Аллоҳ оилангизга барака ва хурсандчилик берсин. Сизларга солиҳ фарзандлар ато этсин», деб дуо қилдилар.

Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ ҳар бир Пайғамбарнинг зурриётини унинг насабидан яратгандир. Менинг зурриётим эса Алининг насаби ила давом этади», деганлар (Бухорий, Муслим). Ушбу никоҳ воқеасини кўплаб муҳаддис уламолар ривоят қилганлар. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг оила қуришлари иккинчи ҳижрий санада Бадр урушидан кейин бўлганлигини уламоларимиз ўз китобларида баён қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам тўйдан тўрт кун ўтганидан кейин ёш келин-куёвнинг уйларига бориб хабар олдилар. Ўша пайтда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу йигирма беш ёшда, Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ўн саккиз ёшда эдилар. Келинни Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ижарага олган хонага туширишган эдилар, шундоқ қилиб икки ёшнинг оилавий ҳаётлари бошланган эди. Мазкур ижарага олинган хона масжиди набавийдан узоқроқда бўлган. Набий алайҳиссалом вақтлари бўлганда бориб дилбандлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳодан хабар олиб турдилар. Кейинроқ Набий алайҳиссалом уларни яқинга кўчиришни режа қилдилар. Бу режадан хабар топган саҳоба Ҳориса ибн Нўъмон (р.а.) Набий алайҳиссаломнинг хоналарига бирига ҳамдевор бўлган хонасини ёш келин-куёвга бўшатиб бердилар.

Фотима онамиз уйлари Мадина
Манбаларга кўра Мадинаи Мунавварада Ҳазрати Али ва Фотима Заҳро (р.а.)лар уйларининг эҳтимолий макети. Биноларда уларга тегишли деб ҳисобланган буюмлар ва жиҳозлар ҳам жойлаштирилган.

Фотима онамиз уйлари

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо оила қурганларидан кейин бир йил ўтиб учинчи ҳижрий сананинг Рамазон ойи ўрталарида тўнғич ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу дунёга келдилар.
Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу туғилганлари ҳақидаги хабарни эшитган Набий алайҳиссалом ниҳоятда хурсанд бўлдилар, шошилиб келиб гўдакни қучоқларига олиб қулоқларига озон ва иқомат айтдилар.

Рофеъ (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим» (Абу Довуд ва Термизий). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам учун набиралари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг туғилишлари катта қувонч боиси бўлди. Чунки ҳозиргача, ул зот эллик етти ёшга кириб қолган бўлсалар ҳам зурриётларидан ўғил фарзанд турмаган эди. Аллоҳ таоло ул зотнинг зурриётининг давоми айнан шу гўдакдан бошланишини ирода қилган эди. Набий алайҳиссалом кўзларининг қувончи бўлиб туғилган бу муборак фарзандга «Ҳасан» (Яхши) деб исм қўйдилар. Ўша кунгача биров ўз боласига бу номни қўймаган эди. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг дунёга келганлари Мадинаи Мунавварада тўйга айланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам халққа ақийқа қилиб бердилар. Имом Термизий Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасанга бир қўй сўйиб ақийқа қилдилар ва: «Эй Фотима, унинг сочини олиб, сочи вазнида кумуш садақа қилгин»-дедилар. Бас, тортсак, унинг вазни бир дирҳам ёки дирҳамнинг баъзисича чиқди». Ана ўша кумуш ҳам камбағалларга садақа қилинди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг таваллудларидан тахминан бир йилу бир ой ўтиб, тўртинчи ҳижрий сананинг шаъбон ойида Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу дунёга келдилар. Набий алайҳиссаломнинг қувончларига қувонч қўшилди. Ул зот алайҳиссалом қўш набирали бўлиб икки набираларини меҳр-муҳаббат билан тарбия қила бошладилар.

Фотима онамиз уйлари
Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо уйлари

Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ва Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг турмушларидан туғилган Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумолардан ташқари яна Зайнаб ва Умму Кулсум исмли қизлар дунёга келганлар. Яна бир ўғиллари Муҳассин эса гўдаклигида вафот этади.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганларидан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз билан оилавий ҳаётлари йўқчилик, иқтисодий танглик билан ўтган. Бу ҳақиқат мўътабар ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда келган кўплаб ривоятларда ўз аксини топган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг райҳонлари бўлмиш Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетганидан, мешда сув ташийвериб елкалари шилинганидан, уй супуриб кийимлари чанг бўлганидан турмуш ўртоқлари Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бироз шикоят қилдилар. Ҳазрати Имом Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга асирлар келганини, ул зотдан ходима (ёрдамчи) сўрашларини айтдилар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига бордилар. Ул зотнинг ҳузурларида бир неча саҳобалар бор эди. Уларнинг олдида эҳтиёжларини айта олмадилар. Оиша розияллоҳу анҳога секин нима сабабдан келганларини айтдилар ва қайтиб кетдилар. Набий алайҳиссаломнинг олдиларидан саҳобалар кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг келганларини айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам нури дийдалари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг уйларига бордилар. Улар ухламоқчи бўлиб туришган экан. Киришга изн сўрадилар. Сўнгра кириб уларга дедилар: “Сизларга ходимдан ҳам яхшироқ нарсани айтайми? Ухлаш учун тўшакка кирсангиз ўттиз уч марта тасбеҳ (Субҳаналлоҳ) айтинг, ўттиз уч марта таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтинг, ўттиз уч марта такбир (Аллоҳу Акбар) айтинг. Ана шулар сиз учун ходимдан яхшироқдир!, дедилар” (Бухорий, Термизий).

Жаннат аёлларининг саййидаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг жигарпоралари бўлмиш Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо тегирмон айлантиравериб қўллари қавариб кетибди. Сув ташийвериб елкалари шилинибди. Уй супуравериб кийимлари чанг бўлибди. Бу билан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг қадрлари эрлари наздида камайдими, оталари наздида камайдими, Роббилари наздида камайдими?!

Эр ҳатто уй ишларида хотинига ёрдамлашиб туриши гўзал муомалат ва суннатдандир. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо чўри эмас эдилар. Ул зоти шарифани ҳеч ким хорламаган эди. Аммо уй юмушлари ул зоти шарифани чарчатган эди. Умр йўлдошлари Имом Али розияллоҳу анҳунинг ходима олиб бермаганларига сабаб иқтисодий қийинчилик эди, ортиқча пуллари йўқлиги эди, бу ҳам Аллоҳ таолони бандаларининг сабр-қаноатини синаш учун юворган синовлари эди. Мақсад Фотима Заҳро розияллоҳу анҳони қийнаш эмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ҳам дилбандлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳога ходима бермадилар. Зеро, ул зот одил эдилар. Агар қизлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳога ходима берсалар, Мадинадаги бошқа аёлларга ҳам ходима бериш лозим бўлиб қолар эди, шу сабабдан бу ишни қилмаган эдилар.

Фотима Заҳро уйлари

Ибн Исҳоқ (р.а.) ўзларининг сийрат китобларида қуйидагиларни зикр қилганлар: “Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу саҳарлаб оиласига егулик топиш учун иш истаб чиқиб, лой қоришга қудуқдан сув ташигани ишчи излаб юрган аёлга тўғри келиб қоладилар. Ўзаро келишиб, бир пақир сувга бир донадан хурмога ишлашга рози бўладилар. Натижада йигирма дона хурмога ишлайдилар. Аёлдан меҳнат ҳақини олиб уйига қайтаётган эдилар, йўлда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учраб қолдилар. Ёнидаги нарса нималигини сўрадилар. “Бу – хурмо. Арқон билан қудуқдан сув тортиб, қўлларим қавариб, меҳнатим эвазига топган хизмат ҳақим”, дедилар Али каррамаллоҳу важҳаҳу”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ул зотнинг қўлларини силаб уқалаб қўйдилар. Сўнг юзларини сийпалаб туриб: “Бу қўлларга Аллоҳ барака берсин!, деб дуо қилдилар ва яна: “Эй Али, хурмодан менга ҳам дориликка бир дона бер”, дедилар”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам суюкли қизлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг уйларига келиб: “Ўғилчаларим қани?, деб Имом Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумоларни сўрадилар. Фотима розияллоҳу анҳо жавоб бердилар: “Эрталаб турсак уйимизда егулик нарса қолмаган экан. Али менга “Мен уларни олиб кетаман. Уйда ҳеч нарса қолмабди, тағин сенга ғалва қилишиб қолмасин” деб иккаласини ҳам олиб яҳудийникига кетган эди”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўша томонга бориб қарасалар набиралари ҳовуз бўйида ўйнаб ўтиришган экан. Ёнларида бир қанча хурмо. “Эй Али, кун қиздирмасдан туриб буларни олиб уйга қайтмайсанми?”, дедилар. “Эй Аллоҳнинг Расули! Эрталаб турсак уйда ҳеч нарса қолмаган экан. Бир оз ўтириб турсалар Фотимага ҳам хурмо тўплаб олар эдим”, деди Али каррамаллоҳу важҳаҳу. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бир оз ўтириб турдилар. Али розияллоҳу анҳу яҳудийнинг хурмосини териб берар ва бир пақир хурмога бир дона хурмо ҳақ олар эди. Бир қанча хурмо териб олгач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам билан бирга хурмоларни кўтариб Ҳасан ва Ҳусайнлар билан бирга уйга қайтдилар”.

Абу Саълаба (р.а.)дан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бирор сафардан қайтсалар, аввало, масжидга кириб, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳони зиёрат этиб, кейин завжаларининг ҳузурларига кирар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бир куни суюкли дилбандларига шундай илтифот этдилар: «Эй Фотима, Аллоҳ сен рози бўлган кимсалардан рози бўлур, аксинча, сен ғазабланган кимсадан эса ғазабланур!» (Бухорий, Термизий ва Муслим).

Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг оталик меҳрларидан доимо баҳраманд бўлар эдилар. Ул зоти шарифа турмуш қуриб алоҳида оилалик бўлганларида ҳам бу ҳолат давом этган. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ўз умр йўлдошлари Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу билан камтарона ва саодатманд ҳаёт кечирар эдилар. Уларнинг ҳаётлари ибодат, тақво, зоҳидлик ва ислом динининг барча бошқа қоидаларига мувофиқ ҳаёт бўлганидан ҳам шундоқ эди. Аммо иссиқ жон, суяксиз тил деганларидек баъзи ҳолларда эри хотин ўрталарида “аразлашиб” қолишлар ҳам юзага чиқиб қолар эди, ўшандоқ пайтларда уларнинг ораларини созлашга шошиладиган биринчи шахс Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ўзлари эдилар. Ибн Саъд (р.а.)нинг «Табақот»ларида ва бошқа тарих манбаларида қуйидаги маънодаги ривоят зикр қилинган: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз қизлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳоникига ўта ғамгин ҳолда кириб кетаётганлари кўрилди. Ул зот у ерда маълум вақт бўлдилар. Кейин эса юзларидан қувонч барқ урган ҳолда чиқдилар. Буни кўрган саҳобалар у зотдан: «Эй Аллоҳнинг Расули, бир ҳолда кириган эдингиз, қайтиб чиққанингизда юзингизда бунчалик қувончни кўрмоқдамиз?» дедилар. «Мен қувонмай ким қувонсин! Ахир мен ўзимга энг маҳбуб икки кишининг орасини ислоҳ қилдим!», дедилар”.

Мусаввир ибн Маҳрима (р.а.) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг минбарда туриб, шундай деганларини эшитдим: «Фотима мендан бир парчадир. Унга азият берган менга жафо қилибди. Уни безовта этган менинг ҳаловатимни бузибди» (Термизий).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси ул зот билан Фотима (розияллоҳу анҳо)нинг эшикларини тақиллатиб: «Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар. «Эй, Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади» дедим. Бас, Ул зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин, Ул зотнинг бурилиб кетаётиб, сонларига уриб: «Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим (Бухорий, Муслим ва Насаий). Бу ўз навбатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ва ул зот шарифанинг оилаларини кечаси нафл ибодат қилишга чорлашлари эди. Ана шундай тарбиялар таъсирида Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз дунёдаги энг ибодатли шахслардан бўлиб етишдилар. Набий алайҳиссалом Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизда зоҳидалик, тақводорлик ҳисси доимо ҳойи ҳавас, дунё муҳаббатидан устун туриши учун ҳаракат қилар эдилар.

Фотимаи Заҳро уйи

Имом Байҳақий «Далоилун Нубувва» номли китобларида Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг Уҳуд жангидаги иштироклари ҳақида қуйидагиларни келтирганлар: «Муҳожир ва ансорий аёллар чиқдилар. Елкаларида таом ва сувни кўтардилар. Улар билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизи Фотима ҳам чиқди. У отасини ва у зотдан оқаётган қонларни кўргандан қучоқлади ва юзларидан қонни арта бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлсалар: «Расулуллоҳнинг юзини қонатган қавмга Аллоҳнинг ғазаби шиддатли бўлди», дер эдилар».
Саҳл ибн Саъд (р.а.) ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларида дубулғалари синдирилганда, юзлари қонатилганда ва тишлари синдирилганда, Али қалқонда сув олиб келар, Фотима бўлса, қонни ювар эди. У қонни зиёда бўлаётганини кўриб бўйрани олдида куйдириб жароҳатга босди. Шунда қон тўхтади».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Маккани фатҳ қилгани борганларида Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ҳам ул зот алайҳиссалом билан бирга эдилар. Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Умму Ҳоний бинти Абу Толиб розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Фатҳ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам ғусл қилаётган эканлар. Фотима эса, у кишини тўсиб турар эди. Бас, Ул зот: «Ким бу?» дедилар. «Мен, Умму Ҳонийман», дедим”. Ушбу ҳадиснинг ровийлари Умму Ҳоний розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг қизларидир. У киши Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг опалари бўлганлар. Умму Ҳоний Маккалик эдилар, шунинг учун ҳам Макка фатҳ этилган куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг келганларини эшитиб, ҳузурларига борганлар. Кейин эса, ҳадисда васф қилинган ҳолатни кўрганлар. Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламни ғусл қилаётганларида тўсиб турганлари ул зоти шарифа падари бузрукворларининг хизматларида доимо ҳозиру нозир эканликларини кўрсатади. Умму Ҳоний розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Макка фатҳи куни бўлганда Фотима келиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чап томонларига, Умму Ҳоний ўнг томонларига ўтирди. Чўри қиз бир идишдан шароб келтириб, ул зотга тутди. Бас, ул зот ундан ичдилар. Сўнгра Умму Ҳонийга тутдилар. У ҳам ундан ичди ва: «Эй, Аллоҳнинг Расули, оғзимни очиб юбордим, рўзадор эдим», деди. «Бирор нарсанинг қазосини тутаётган эдингми?» дедилар. «Йўқ», деди. «Агар нафл бўлса, сенга зарар қилмайди», дедилар». Яна бошқа бир ривоятда эса: «Нафл рўза тутувчи ўз нафсининг амини ёки амиридир. Хоҳласа тутади, хоҳласа очиб юборади» дедилар» (Сунан эгалари ва Имом Аҳмад ривояти). Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ёнларида ўтиришлари ҳам ул кишининг эътиборлари улуғ эканлигига далолат қилади.
Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз сийратлари ва барча фазилатлари ҳақида сўз юритишга инсон на сўз, на журъат топа олади. Ҳа, ҳеч шубҳа йўқки ул зоти шарифа ислом дини инсониятга мусулмон аёл ҳаётда қандай яшаши кераклигини намоён этувчи идеал шахс эдилар. Ул зоти шарифанинг маънавий қиёфалари шахсан Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг тарбиялари ила шаклланган эди. Сарвари Коинот алайҳиссалом суюкли қизларини башариятни ҳали-ҳали ҳайратга солиб келаётган ўткир донишмандлиги билан покиза ҳолда улғайтирган эдилар.

Фотима Заҳро уйлари

Оиша бинти Абу Бакр (р.а.) қуйидагиларни айтганлар: «Кўринишда, ҳайъатда, ўзини тутишда, ўтиришда ва туришда Фотимачалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшаш одамни кўрмадим. Агар у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирса, ул зот ўринларидан туриб, ўпиб кутиб олар ва ўз ўринларига ўтказар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига кириб қолсалар, у туриб ул зотни ўпиб кутиб олар ва ўз ўрнига ўтказар эди». Яна Оиша (р.а.) айтганлар: «Одамларнинг ичидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг маҳбуби ким эди?» деб сўралди. «Фотима эди», деди. «Эркакларданчи?» дейилди. «Фотиманинг эри эди. Унинг фақат соиму қоимлигини биламан», деди» (Абу Довуд, Термизий).
Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: «Аҳл жаннатнинг афзали Хадийжа ва Фотимадир» (Бухорий ривояти). Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: «Оламларнинг аёлларидан тўрттаси сенга етади; Мариям бинти Имрон, Хадийжа бинти Хувайлид, Фотима бинти Муҳаммад (алайҳиссалом) ва Осиё Фиръавннинг аёли» (Аҳмад ривояти).

Зилҳижжа ойининг ўн саккизинчи куни (милодий 632 йили) видо ҳажини бажариб мингдан зиёд бўлган саҳобалар билан бирга Маккадан Мадина томон йўл олган Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам саҳродаги Ҳум кўли яқинида жойлашган “Ғадир Ҳум” деб ном олган ерда тўхтадилар ва саҳобаларига қарата қуйидаги ҳадиси шарифда келтирилган машҳур нутқларини сўзладилар: Зайд ибн Арқам (р.а.)дан ривоят қилинади: Пайғамбар алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: “Шак йўқки, мен сизларга иккита (қимматли) нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: (биринчиси) Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (иккинчиси) Аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавзи Кавсарга келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга қаранглар!”. Ислом тарихида Набий алайҳиссаломнинг ушбу машҳур нутқлари “Ғадир Хум” воқеаси деб аталган ва ушбу воқеа ҳақида Термизий, Бухорий, Муслим, Аҳмад, Ибн Можа, Ҳокимлар ҳам ривоят қилганлар. Яна бир ҳадисда, Зайд ибн Арқам (р.а.) ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилдилар: «Мен кимнинг мавлоси бўлсам, Али ҳам унинг мавлосидир», дедилар. (Термизий, Насоий ривояти).

Ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи ойи муҳаррам ўтиб, сафар ойининг охири келди, ушбу ойнинг душанба куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хасталиклари бошланди. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз бу хабарни эшитишлари билан дарҳол падари бузрукворларининг ҳузурларига бордилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом суюкли қизларини табассум ила кутиб олдилар. Сўнгра кулоқларига ниманидир шивирладилар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз бирданига қаттиқ хафа бўлиб, йиғладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам қизларини қулоқларига такрор бир нарса деб яна шивирлаган эдилар, бу гал табассум қилдилар. Оиша бинти Абу Бакр (р.а.)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қабз қилинган хасталикларида қизлари Фотимани чақирдилар. Бас, ул зот унга бир сир гап айтдилар. У йиғлади. Сўнгра ул зот унга бир сир гап айтдилар. У кулди. Мен ундан бу ҳақда сўрадим. Бас, у: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўзларининг ушбу беморликларида қабз қилинишларини сир гап ила хабар қилдилар. Мен йиғладим. Сўнгра ул зот ўзларига аҳли байтларидан биринчи бўлиб эргашадиган мен эканимни сир гап ила хабар қилдилар. Мен кулдим», деди». Яна Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари ул зотнинг хасталикларида ҳузурларида жам бўлдилар. Бас, Фотима ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юришларига ўхшаш юриши билан юриб келди. Ул зот: «Марҳабо қизим!» дедилар ва уни ўнг ёки чап тарафларига ўтказдилар. Сўнгра унга бир сир гап айтдилар. Фотима йиғлади. Сўнгра ул зот унга бир сир гап айтдилар. У кулди. Мен унга: «Сени нима йиғлатмоқда?» дедим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини фош қилмайман», деди. «Бугунгидек маҳзунликка яқин масрурликни кўрмаганман», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабз қилинганларидан кейин ундан бу ҳақда сўрадим. Бас, у: «Ўшанда ул зот менга одатда Жаброил ўзларига Қуръонни ҳар йили бир марта арз қилганлигини, бу йил эса икки марта арз қилганини айтдилар ва, буни ажалим яқинлашиб қолгани деб биламан. Албатта, сен аҳлимдан биринчи бўлиб менга етишувчисан, дедилар, деб айтди” (Бухорий, Муслим ва Термизий).

Зулфиқор қиличи

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг беморликларига қарашда Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо ҳамда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳулар бош-қош бўлдилар. Набий алайҳиссаломнинг вафотлари, дафнлари ва бунга тегишли барча ишларда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу барча ишларни бошқардилар. Ибн Можа, Ибн Саъд ва Табаронийлар қилган ривоятнинг Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган матнида қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам оғирлашиб қолганларида ҳузурларида Оиша ва Ҳафса бор эди. Бирдан Али (розияллоҳу анҳу) кириб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уни кўришлари билан бошларини кўтардилар ва: «Менга яқинроқ кел! Менга яқинроқ кел!» дедилар. У келиб, ул зот (алайҳиссалом)ни ўз кўксига суяди. Сўнгра вафот этгунларича у зот (алайҳиссалом)нинг олдиларида бўлди. Вафот этганларида эса ул зот (алайҳиссалом)ни ювиш, жанозаларини ўтказишга бош бўлди” (Табароний, Ибн Можа, Ибн Саъд).

Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммад (р.а.)дан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сўрига қўйилганда Али: «Ул зотга (жанозасига) биров имом бўлмайди. Ул зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомингиздир», деди. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб туриб, жаноза ўқир эдилар. Уларнинг имоми йўқ эди. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларида туриб олиб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳим! Биз гувоҳлик берамиз. Ул зот ўзларига нозил бўлган нарсани етказдилар. Умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳнинг йўлида то Аллоҳ динини азиз қилгунча ва калимасини олий қилгунча уруш қилдилар. Эй Аллоҳим! Бизни ул зотга нозил бўлган нарсага эргашадиганлардан қилгин. Ул зотдан кейин бизни саботли қилгин. Ул зот билан бизни жам қилгин», дер эди. Одамлар «Амин!» дейишар эди. Шундай қилиб, ул зотга эр кишилар, сўнгра аёллар, кейин болалар жаноза ўқидилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум қабрга қўйганлар” (Ибн Саъд ривояти).

Тарих китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг вафотларидан сўнг Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо билан Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўрталарида келишмовчилик бўлиб ўтгани баён этилган. Бунга Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо оталаридан қолган Мадинадаги ердан, Хайбар хумсидан ва Фадакдаги ердан тегадиган улушларини мерос сифатида сўраганликлари сабаб бўлган. Баъзи тарих китобларида Расули Акрам алайҳиссалом Фадакдаги ерни Фотима розияллоҳу анҳога ҳадя қилганликлари ҳам келтирилган. Ушбу мерос борасидаги тушунмовчиликлар тўғрисида муҳаддис уламолар ривоятлар ҳам келтиришган. Урва ибн Зубайр (р.а.) Оиша бинти Абу Бакр (р.а.)дан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима Абу Бакрга одам юбориб, Расулуллоҳ алайҳиссаломдан қолган Мадинадаги, Фадакдаги ва Хайбарнинг хумсидан тегадиган меросини сўради. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биздан мерос олинмайди. Биз тарк қилган нарса садақадир” деганлар. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг садақалари тасарруфини ул зотнинг даврларидагидан ўзгартирмайман. Ул зот қилган нарсадан бошқа нарсани қилмайман», деди, ва Абу Бакр Фотимага бирор нарса беришдан бош тортди. Бунинг натижасида Фотима Абу Бакрдан аччиқланди» (Бухорий 3092 ҳ., Муслим 1759 ҳ., Ибн Хиббон 4823-6607 ҳ., Аҳмад 1/6 9 ҳ.). Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)нинг бу тасарруфларидан орада кўпгина ноқулайликлар келиб чиққан эди. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ул зотга гапирмай қўйгандилар. Ул зоти шарифанинг ҳурматларидан умр йўлдошлари Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ҳам вақтинчалик бўлса ҳам Абу Бакр (р.а.)га нисбатан муомалаларини ўзгартирган эдилар. Саҳиҳ Бухорий ва Саҳиҳ Муслимда қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган: “Фотима розияллоҳу анҳо Абу Бакр (р.а.)дан аччиқланиб, у киши билан то вафотига қадар гаплашмай қўйди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Фотима розияллоҳу анҳо олти ой яшади. Вафот этгач, эри Али (р.а.) жанозасини ўқиб кечаси дафн қилди, жанозани ўқиб бериш учун Абу Бакр (р.а.)ни унинг олдига қўймадилар” (Саҳиҳ Бухорий 5/82/4540 ҳ., 4/42/3093 ҳ., 8/3/6726 ҳ., Муслим 5/154/4471 ҳ.). Манбаларда Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликларда иккала томонни имкон қадар яраштиришга ҳаракат қилганликлари баён этилган. Бошқа бир ҳадисда аш-Шаъбий (р.а.)дан ривоят қилинади: «Фотима розияллоҳу анҳо бемор бўлганида унинг ҳузурига Абу Бакр (р.а.) келди ва киришга изн сўради. Али розияллоҳу анҳу: «Эй Фотима, мана, Абу Бакр сенинг олдингга киришга изн сўрамоқда», деди. «Унга изн беришимни истайсизми?», деди Фотима розияллоҳу анҳо. «Ҳа», деди Али розияллоҳу анҳу. У изн берди. Бас, у кириб ундан розилик сўраб: «Аллоҳга қасамки, мен диёрни, молни, аҳлни ва қариндошларни тарк қилган бўлсам, фақат Аллоҳнинг розилигини деб, Унинг Расулининг розилигини деб ва сиз Аҳли-байтнинг розилигини деб тарк қилдим, холос», деди. Кейин Фотима розияллоҳу анҳодан розилик сўради, у рози бўлди» (Байҳақий ривояти). Аллоҳ билгувчироқдир.

Фотима онамиз уйлари

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг вафотларидан чамаси олти ой  (бошқа манбаларда 95 кун) ўтиб Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз хасталаниб қолдилар. Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни (бошқа манбаларда жумодус соний ойининг учунчи куни), душанба эди. Шу пайтгача ора-сира касал бўлардилар, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамасди. Яхши-ёмон кунларида ул зоти шарифани ёлғиз қолдирмаган умр йўлдошлари Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу яна ёнларида эдилар. “– Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…” паст овозда айтилган бу жумла Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг юрак бағирларини тилкалади. Ул зоти шарифани хафа қилмаслик учун ўзларини тушунмаганликка олдилар. Фарзандларини волидаи муҳтарамасига яқинлаштирдилар. Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо уларни бирма-бир қучиб эркаладилар. Сўнг Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга имо қилдилар. Юраклари эзилган ҳолда, болаларини ташқарига чиқардилар. Асмо бинти Умайс (р.а.) билан Умму Рафиъа (р.а.)лар кириб келишди. “– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон?”. “– Ҳа”.  Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо Умму Рафиъа (р.а.)ни «онажон» деб чақирар эдилар, чунки бу аёл ул зоти шарифага доим оналик қилиб келгандилар. “– Менга сув қуйиб турасизми, онажон?” “– Албатта, қизим”.  Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо яхшилаб ювиндилар, аёллар ёрдамида энг яхши либосларини кийдилар. “– Тўшагимни хона ўртасига солинглар”. “– Хўп”. Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда изтироб чекишарди. “– Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг”. “– Хўп”. “– Энди мени ёлғиз қолдиринг!”. “– Аммо…”. “– Илтимос”. “– Аммо…”. “– Роббимга дуо ва илтижо қилмоқчиман!…”. Дуо ва илтижога шунчалар берилиб кетдиларки, жонлари қандай чиқиб кетганларини ҳам билмай қолдилар. Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг вафот этганларини кўришди. Ушбу шум хабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди. Набий алайҳиссаломнинг нури дийдалари бўлган севимли қизлари ҳам бу ёлғон дунёни тарк этгандилар. Энди йигирма саккиз (бошқа манбада йигирма тўққиз) ёшга кирган эдилар…Бир ўғиллари (Муҳассин) гўдак чоғида вафот этганди. Ортларида кўзлари ёш умр йўлдоши ва беш фарзандлари қолгандилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг суюкли кенжа қизлари, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг севимли завжаси Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо вафот этганларида Имом Ҳасан (р.а.) саккиз ёшда, Имом Ҳусайн (р.а.) етти ёшда, Умму Кулсум (р.а.) беш ёшда, Зайнаб (р.а.) уч ёшда, Руқийя (р.а.) икки ёшда эдилар. Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳонинг қабрига кўз ёш билан боқаркан, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ёдларига севимли аёли вафотидан бироз олдин айтган гаплари тушди: “– Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умома бинти Абул Ос ибн Робиъага уйланинг”. Гулларнинг гули бирма-бир дунёни тарк этишганди. Илоҳий тақдир шундай эди. Зотан, одамзотнинг қисмати шу эди. Бири келади, бири кетади…Қиёматгача давом этади бу ҳол…Аввал Ҳазрати Руқийя…сўнг Ҳазрати Зайнаб…сўнг Ҳазрати Умму Кулсум…ва охирида жаннат аёлларининг саййидаси Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳолар… Гулларнинг гуллари энди боқий дунёда яшаяжак эдилар. Ва севганларнинг кўнгилларида…Улар гулларнинг гуллари эдилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг нури дийдалари эдилар. Буни билган, кўрган англар. Қурбон бўлсин унга жонлар. (“Гулнинг гуллари” китоби).

Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиздан сўнг Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу Зайнаб розияллоҳу анҳонинг қизлари Умома бинти Абул Ос ибн Робиъага уйландилар ва кейинчалик бир неча марта уйландилар ва кейинги аёлларидан бир неча фарзандлар кўрдилар. Аммо бошданоқ севимли ёрлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамизнинг болаларини айириб, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг қизлари Умома розияллоҳу анҳо билан биргаликда уларга алоҳида меҳр билан муносабатда бўлдилар. Шу боисдан кейинчалик Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг бошқа аёлларидан бўлган авлодлари — “Бану Али (Алавийлар)” деб аталишди, Фотима Заҳро розияллоҳу анҳодан бўлган фарзандларининг авлодлари —  “Бану Фотима (Фотимийлар)” – деб аталишди. Бу бизнинг одатларимизга тўғри келмайдиган ҳодиса эди. Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг фарзандлари Фотима Заҳро розияллоҳу анҳодан ном олган эдилар. Бунда биз Пайғамбар алайҳиссалом уларга алоҳида меҳр билан қараганларини кўрамиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари орасида фақат ул зоти шарифанинг фарзандлари шундай номга эга бўлган эдилар. Бизнинг диёрларда “Бану Фотима”лар — “саййидлар” ва “шарифлар” деб, “Бану Али”лар — “хожа (хўжа)”лар деб номланиб келинган.

Ҳазрати Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзларидан эшитган ўн саккизта ҳадисни ривоят қилганлар. Фотима Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз вафот этган сана хусусида манбаларда ҳар хил қарашлар мавжуд. Айримларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам вафотларидан олти ой ўтгач, ҳижрий ўн биринчи йил шаъбон ойи (бошқа манбаларда рамазон ойи)нинг учинчи санаси, сешанба куни (милодий 632 йил, 23 октябрь) 29 ёшларида вафот этганлар дейилган. Яна бошқа манбаларда эса, оталари вафотидан 95 кун ўтгач, жумодус-соний ойининг учунчи куни (милодий 632 йил, 25 август), деб кўрсатилган. Шунингдек, ривоятларга кўра, ул зоти шарифанинг жанозаларини умр йўлдошлари Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўқиганлар ва кечаси Мадинаи Мунавварадаги Бақиъ қабристонига дафн этганлар.

Жаннатул Бақи қабристони
Жаннатул Бақиъ қабристони, Мадинаи Мунаввара,1880 йил фотосурати.

Набий алайҳиссаломнинг суюкли қизлари, Ҳазрати Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг завжалари, Имом Ҳасан Мужтабо ва Карбало қаҳрамони Имом Ҳусайн Шаҳид розияллоҳу анҳумоларнинг ҳамда Зайнаб ва Умму Кулсум розияллоҳу анҳоларнинг меҳрибон волидаси Ҳазрати Фотима Заҳро Саййидатуннисо онамиздан Аллоҳ рози бўлсин!

 Аллоҳумма солли ъала Саййидина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаийн!

 

Фойдаланилган манбалар:

Бухорий, “Саҳиҳ ал-Бухорий”.

Термизий, “Сунани Термизий”.

Муслим, “Саҳиҳ Муслим”.

“Қаҳрамон мўъмина аёллар”, “Мавороуннаҳр”.

“Бир юз бир улуғ саҳобийлар”, Тошкент Ислом университети.

“Пайғамбар алайҳиссалом қизлари Фотима (р.а)”, “Муҳаррир” нашриёти.

Шайх Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ҳусайний Самарқандий “Ансоб ал-Толибин”.

Қўлёзма шажараларнинг гўзал сўзбошиларида келтирилган маълумотлар.

 

 Саййид Илҳомхон Баҳодир Раззавий Ҳусайний,

 «Туркистон Саййидлари ва Эшонлари»

хорижий халқаро жамиятининг ҳамда

дунёдаги бир неча ҳалқаро нақобат ташкилотларининг

Ўрта Осиё бўйича минтақавий вакили,

ислом цивилизацияси тарихи ва ансоб (насаб) илми

халқаро Рhd доктори, нақиб ал-ашраф

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.