Shajara

ҲАЗРАТИ ИМОМ АЛИ ибн АБУ ТОЛИБ

каррамаллоҳу важҳаҳу

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Исмлари: Али (каррамаллоҳу важҳаҳу)

Мансаблари: Амирал мўъминин (мўъминларнинг амири, хулафои рошидин).

Лақаблари: Асадуллоҳ (Аллоҳни шери), Муртазо (Танланган), Хайдар (Шер), Сайфуллоҳ (Аллоҳни қиличи), Боб Мадинатул Илм (Илм дарвозаси)….

Куньялари: Абул Ҳасан,  Абул Сибтайн (Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки набирасининг отаси), Абул Райҳонатайн (икки райҳон отаси), Абу Туроб (Тупроқ (ер)ни отаси)…

Оталари: Абу Толиб ибн Абдумутталиб ибн Ҳошим ал-Қурайший

Оналари: Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ал-Қурайший

Акалари: Ақил, Жаъфар Таййор ва Толиб (ундан авлод қолмаган)

Опалари: Умму Ҳоний (Фаҳита) ва Жумона

Умрлари: 63 ёш

Халифалик муддати: 5 йил.

Имомат муддати: 30 йил

Умр йўлдошлари: Фотима Заҳро Саййидатуннисо (р.а.), Уммул Банин бинти Хазама ибн Дорами Килабий, Умома бинти Абул Ос ибн Робиъа (онаси Зайнаб бинти Муҳаммад алайҳиссалом), Лайло бинти Маъсуд ибн Холид Нахшалий, Асмо бинти Умайс Ҳасъамий, Ҳавла бинти Жаъфар ибн Қайс Ҳанафия, Уммул Ҳабиб (Соҳба) бинти Робиъа Тағлабий, Уммул Саъд бинти Урва ибн Маъсуд Такафий, Муҳайё (Муҳаббат) бинти Имриул Қайс ибн Аъди Калбий…

Фарзандлари: Ансоб (насаб) илмига оид китобларда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг 29 та фарзандлари бўлганлиги зикр этилган, улар қуйидагилар:

Фотима Заҳро (р.а.)дан: Имом Ҳасан Мужтабо (р.а.), Имом Ҳусайн Шаҳид (р.а.), Зайнаб Кубро, Умму Кулсум (Зайнаб Суғро) ва Муҳассин (ёш вафот этган).

Ҳавла бинти Жаъфар ибн Қайс Ҳанафиядан: Муҳаммад Ҳанафия

Уммул Ҳабиб (Соҳба) бинти Робиъа Тағлабийдан: Амр (Умар) ва Руқийя.

Уммул Банин бинти Хазама ибн Дорами Килабийдан: Абулфазл Аббос, Жаъфар, Усмон ва Абдуллоҳ.

Лайло бинти Маъсуд ибн Холид Нахшалийдан: Муҳаммад Асғар (Абу Бакр) ва Убайдуллоҳ.

Асмо бинти Умайс Ҳасъамийдан: Яҳё.

Уммул Саъд бинти Урва ибн Маъсуд Такафийдан: Уммул Ҳасан ва Ромила.

Бошқа аёлларидан: Муҳаммад Авсат, Ҳадича, Умму Ҳоний, Уммул Жаъфар Жумона, Зайнаб Суғро, Умома, Руқия Суғро, Нафиса, Умму Салама, Уммул Киром, Маймуна, Фотима.

Бошқа манбаларда яна қуйидаги ўғиллари бўлганлиги келтирилган: Умар Асғар ва Аун.

Юқорида келтирилган ўғилларидан фақат 5 тасидан яъни: Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Муҳаммад Ҳанафия, Абулфазл Аббос ва Амр (р.а.)лардан авлодлар давом этганлиги баён этилган.

Туғилиш тарихи ва жойи: 30-фил йили (милодий 599 йил)  Маккаи Мукаррамада Масжидул Ҳаромдаги Каъбатуллоҳнинг ичида дунёга келганлар.

Ўлим тарихи ва жойи: 40-ҳижрий йил Куфа масжидида рамазон ойининг 19-кунида малъун хавориж Ибн Мулжам томонидан бошларидан зарбатланиб, рамазон ойининг 21-кунида (милодий 661 йил) шаҳид бўлганлар. Тарихнависларнинг фикрича Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг асосий қабрлари Ироқ давлатининг Нажаф шаҳридадир.

Муқаддас Каъба — Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг туғилган жойлари

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бирор марта ҳам бутларга сиғинмаганликлари ва жоҳилият ифлосликлари билан хулқланмаганликлари сабабли “Каррамаллоҳу важҳаҳу” — “Аллоҳ унинг юзини мукаррам қилсин” деб сифатланадилар.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг жиянлари, куёвлари, ашараи мубашшарадан яъни ҳаётлигида жаннат башорати берилган ўн кишидан бирларидир.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг оталари Абу Толиб ибн Абдумутталиб Қурайш қабиласининг улуғ ва ҳурматли шахсларидан бўлиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга Қурайш мушриклари азият етказганда ҳимоя қилган ва ислом динига жуда катта фойдаси теккан фозил киши эдилар. Абу Толиб ибн Абдумутталиб суюкли жияни Муҳаммад алайҳиссаломни энг оғир вақтларда, аҳволлари танг бўлиб қолганда доим ҳимоя қилиб келганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг амакилари Абу Толибнинг фарзандлари кўп эди. Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом амакилари Аббос ибн Абдумутталибга қарата «Эй амаки, акангиз Абу Толибнинг болалари кўпдир, ҳозир ризқда, яшашда кўп қийинчиликлар бўлиб турибди, шу сабабдан амаким Абу Толибнинг ҳузурларига бориб, болаларидан келадиган ташвишини бир оз енгиллатайлик», деб айтдилар. Шунда улар бориб, амакилари Аббос Жаъфар Таййорни, Расулуллоҳ алайҳиссалом эса Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуни ўз қарамоғларига оладилар. Мана шундан кейин Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Набий алайҳиссалом хонадонларида бирга яшай бошлайдилар, ўша пайтда ул зотнинг ёшлари бешда бўлган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тарбияларида бўлиб, ирфон хазиналаридан файз олганлар. Сарвари коинот алайҳиссаломга пайғамбарлик келганида эркаклардан биринчи бўлиб саккиз ёшли Али каррамаллоҳу важҳаҳу мусулмонликни қабул қилганлар.

Анас ибн Молик (р.а.): «Душанба куни нубувват келган, сешанба куни Али Исломга кирган», деб айтган.

Бу ҳақда Ибн Исҳоқ (р.а.) “Ас-Сийра” китобларида шундай ёзадилар:

“Али (р.а.) келса, Пайғамбар алайҳиссалом ва Хадича (р.а.) намоз ўқиётган эканлар.

“Эй Муҳаммад, бу нима?” деди Али.

“Аллоҳнинг ўзига танлаб олган ва у ила Расулларини юборган динидир. Сени ўзи ёлғиз бўлган ва шериги йўқ бўлган Аллоҳга, унинг ибодатига чақираман”, дедилар у зот.

“Бу мен бугундан аввал эшитмаган бир иш. Абу Толибга айтмай туриб бир ишни қилмайман”, деди Али.

Расулуллоҳ алайҳиссалом ўз ишларини эълон қилиш даражасига етмай туриб, сир ошкор бўлишини хоҳламадилар ва унга:

“Эй Али, агар Исломга кирмасанг, сир сақла”, дедилар.

Али ўша кечани ўтказди. Сўнгра Аллоҳ унинг қалбига Исломни солди. Эрта тонгда Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳузурига борди ва:

“Менга нима арз қилдингиз, эй Муҳаммад?” деди.

“Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига шаҳодат келтиришингни ва бутлардан воз кечишингни”, дедилар.

Али ўшаларни бажо келтириб мусулмон бўлди. Шу билан бирга, Абу Толибдан қўрқиб юрди. Али ўзининг мусулмон бўлганини ошкор қилмади.

Ўша кундан бошлаб, Али каррамаллоҳу важҳаҳу инсониятни зулматдан нурга чиқариш учун Аллоҳнинг амри ила ёлғиз ўзлари кураш бошлаган, ёнларига турмуш йўлдошлари Хадича онамизни қўшган Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу эзгу ишларига учинчи киши бўлиб қўшилдилар.

У киши ўша кундан бошлаб Пайғамбар алайҳиссаломга Аллоҳ томонидан юборилаётган оятларни биринчилардан бўлиб эшитадиган, ўқиб амал қиладиган кишига айландилар. У киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ажрамас, у кишининг барча ишларида бирга бўлар эдилар.

Исломнинг дастлабки кунларидан бирида Қурайшнинг раҳнамоси Абу Толиб ўз ўғли Алининг Муҳаммад алайҳиссалом билан бирга беркиниб намоз ўқиётганини кўриб қолди. Бу ота учун янгилик эди. Отасидан иймонини ва ибодатини беркитиб юрган Али ўзининг намоз ўқиётганини отаси кўриб қолганидан афсусланмади. У намозни тугатиши билан, дарҳол отасининг олдига шошилди ва Али бориб, отасига:

“Эй отажон, мен Аллоҳга ва унинг Расулига иймон келтирдим. У киши келтирган нарсани тасдиқладим ва у зотга эргашдим”, дедилар.

Абу Толиб ўғлига: “У сени фақат яхшиликка етаклайди. Ундан ажрамагин ўғлим”, дедилар”.  

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг бутун ҳаётлари Набий алайҳиссалом билан ёнма-ён кечган. Ислом душманлари билан бўлган жангларнинг барчасида буюк қаҳрамонликлар кўрсатганлар, фақат Табук жангида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни ўз аҳли байтларига бошлиқ қилиб кетганликлари сабабли вақтинча иштирок эта олмаганлар.

Ибн Саъд, Табарий ва бошқа уламолар Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг сийратлари ҳақида қуйидагиларни ривоят қилишган: «У зот буғдойранг, кўзлари катта, соқоллари қалин, кўкраклари сержун, бўйлари ўрта, билак ва болдирларини мушаклари йўғон, юзи энг чиройли одамлардан эдилар. Соч ва соқолларига оқ тушган ўзгармас эди ва сертабассум инсон эдилар”.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу шижоатли, фасоҳатли, илмли, тақволи, сабр-тоқатли, ахлоқли, адолатли, дунёда зоҳид, ҳилмли, тавозуъли ва мусулмон йигитлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламга энг яқин киши бўлганлар, шунинг учун Набий алайҳиссалом: «Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али унинг эшигидир (яъни Боб Мадинатул Илм)», деб айтганлар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳижратлари асносида Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу катта шижоат, мардлик ва жасорат кўрсатганлар. Бу ҳақда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтирганлар: «Қурайш бир кеча Маккада машварат қилди. Кимдир эрталаб: «Муҳаммадни ушлаб, боғлаб қўйинглар», деди. Бошқалари эса: «Йўқ, уни ўлдириш керак», дейишди. Баъзилари: «Маккадан чиқариб юборинглар», деди. Охири улар ҳар қабиладан биттадан кучли ва чапдаст йигитни танлаб олиб, бир гуруҳ тузиш ва ўша гуруҳ кечаси Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ётган жойларига бостириб кириб, баравар бирданига қилич солишга келишдилар. Шундай қилинганда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қонлари барча қабилаларга тенг тар­қаб, у кишининг қариндошлари ҳеч кимдан ўч ола билмасликлари кўзда тутилган эди. Аллоҳ таоло буни Пайғамбар алайҳиссаломга билдирди. Ҳазрати Али Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг тўшакларига кириб ётдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам эса Маккадан чиқиб, ғоргача етиб олдилар. Мушриклар Али каррамаллоҳу важҳаҳуни Набий алайҳиссалом деб ўйлаб, кечаси билан пойлаб чиқдилар. Эрталаб ёпирилиб кириб, Али карамаллоҳу важҳаҳуни кўрганларида Аллоҳ уларнинг макрларини фош этди. Улар: «Оғайнинг қани?» деб сўрадилар. Али (р.а.): «Билмайман», деди. Улар Расулуллоҳ алайҳиссаломни изларидан қидириб кетишди. Тоққа етганларида адаштириб қўйишди. Тоғнинг тепасига чиқиб, у Зот Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) билан яшириниб ўтирган ғор ёнидан ўтишди. Ғорнинг оғзидаги ўргимчак уясини кўриб: «Агар у бу ерга кирганида, ўргимчак уяси бўлмас эди», деб ўтиб кетишди. Расулуллоҳ алайҳиссалом ўша жойда уч кун қолдилар».

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Маккаи Мукаррамадан Мадинаи Мунавварага қилган ҳижратлари тўғрисида қўйидагиларни айтганлар: “Расулуллоҳ Мадинага ҳижрат қилгач, менга Маккада қолишни тайинладилар. Чунки мен Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қурайшликларга бериши керак бўлган омонатларини етказишим зарур эди. Қурайш қабиласи Набий алайҳиссаломни «Амин» куняси билан сифатларди. Мен Қубайс тоғига чиқиб уч марта: «Кимнинг Муҳаммадга омонати бўлса, келиб олиб кетсин, деб эълон қилдим. Омонатларни адо этиб бўлганимдан сўнг Расулуллоҳ алайҳиссалом орқаларидан йўлга чиқдим. У зот қўним топган Амр ибн Авф уйига етиб келиб, Гулсум ибн Хидомнинг ховлисига жойлашдим”.

Қубо масжиди, Мадина 1895 йил.

Набий алайҳиссалом Мадинага келганларидан сўнг масжид қурилиши бошланиб кетади. Биринчи бўлиб Набий алайҳиссалом, кейин Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳумолар навбат билан ғишт қўйишди. Мусулмонларнинг куч қудрати ва аҳиллиги билан масжид қисқа муддатларда қуриб битказилди. Шундан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам муҳожирлар ва ансорларни бир-бирлари билан биродар бўлишга чақирдилар. Мадинада Ислом жамиятининг шаклланиши ва ривожланиб боришидаги барча ишларда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу араблар орасида қўрқмас, мард, шижоатли ботир паҳлавонлардан бўлиб, Бадр жангида мушриклар бошлиғи Валид ибн Утба билан бўлган жангда уни ер тишлатганлар.

Набий алайҳиссаломнинг қизлари Маккадан Мадинага кўчиб келишгач, Ҳазрати Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг қўлини сўраб, бир неча улуғ саҳобалар совчи қўйишди. Аммо Расулуллоҳ алайҳиссалом уларни қайтаравердилар. Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб (р.а.)лар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурмати баланд саҳобалардан эдилар, улар Пайғамбар алайҳиссаломга насаб жиҳатидан яқин бўлишни жуда хоҳлардилар. Бу борада Усмон ибн Аффон (р.а.) ҳар икковиларидан ўтиб кетдилар. Ҳазрати Усмон (р.а.) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг қизлари Руқийя розияллоҳу анҳога уйланиш бахтига мушарраф бўлдилар. Бадр жангидан кейин Руқийя розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг Набий алайҳиссалом Усмон ибн Аффон (р.а.)га иккинчи қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳони никоҳлаб бердилар. Ҳазрати Усмон (р.а.) Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг икки қизларига уйланганликлари туфайли “Зуннурайн” (икки нур эгаси) деган номга мушарраф бўлганлар.

Набий алайҳиссалом суюкли қизлари Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳони Али каррамаллоҳу важҳаҳуга завжаликка муносиб кўрганларини сезган саҳобалар Али каррамаллоҳу важҳаҳуга бу ҳақда маслаҳат беришди. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларнинг гапларидан шижоатланиб, Фотимаи Заҳро онамизнинг қўлларини сўраш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг ҳузурларига бордилар. Набий алайҳиссаломга яқинроқ жойда турдилар ва у Зот эшитадиган қилиб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизларига совчилик қилмоқчи бўлган эдим», дедилар. Пайғамбар алайҳиссалом бу гапни дарҳол мулоҳаза қилиб, у кишига оғир ботмайдиган қилиб: «Бирор нарсанг борми (маҳрга)?» дедилар. «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», деб жавоб бердилар Али (р.а.). «Ҳутамийя совутинг қани?» дедилар. «Ўзимда, эй Аллоҳнинг Расули», дедилар. «Бўлмаса, ўшани бер», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам. Али каррамаллоҳу важҳаҳу тезда бориб, совутни олиб келдилар. Набий алайҳиссалом уни сотиб, келинга сеп қилишни буюрдилар. Совутни Ҳазрати Усмон Зуннурайн тўрт юз етмиш дирҳамга сотиб оладилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу бу пулни келтириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг олдиларига қўядилар. Набий алайҳиссалом муборак қўллари билан уларни оладилар ва бир қисмини Билол розияллоҳу анҳуга бериб, атир ва хушбўй нарса сотиб олиб келиш учун топширадилар. Қолганини Умму Салама розияллоҳу анҳога бериб, келинга керакли нарсаларни сотиб олишни тайинлайдилар. Сўнгра Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам ўз саҳобаларини чақириб, қизлари Фотимаи Заҳрони Али ибн Абу Толиб (р.а.)га тўрт юз мисқол кумуш маҳр билан, қоим суннат ва вожиб фаризат шарти ила никоҳлаб бераётганларига уларни гувоҳ қиладилар. Никоҳ хутбасида келин-куёвнинг ҳақларига дуолар қилиб, уларга бахт-саодат ва солиҳ зурриётлар тилайдилар. Ушбу никоҳ воқеаси кўплаб саҳобалар томонидан ривоят қилинган.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу билан Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳонинг турмушларидан Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Зайнаб ва Умму Кулсум дунёга келганлар. Яна бир ўғиллари Муҳассин ёш вафот этади.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу камбағал ва дунё ишларига зоҳид бўлганларидан уларнинг оилавий ҳаётлари йўқчилик, иқтисодий танглик билан ўтар эди. Бу ҳақиқат мўътабар ҳадис, сийрат ва тарих китобларимизда келган кўплаб ривоятларда аксини топган.

Уҳуд тоғи тепалиги
Уҳуд тоғи тепалиги

Ҳижратнинг учинчи йили шаввол ойида Уҳуд жанги бўлди. Унда Аллоҳ таолонинг лашкарлари ўз динлари ва ватанларини ҳимоя қилиб, тоғутнинг лашкарлари устига шердек ташландилар. Аллоҳнинг лашкарлари орасида «Асадуллоҳ (Аллоҳни шери)» лақабини олган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу фидокорликлари билан алоҳида ажралиб турганлар. Ҳазрати Асадуллоҳ розияллоҳу анҳунинг баҳодирликлари, мардликлари, шижоатлари ва ислом душманларига бўлган нафратлари ибратга лойиқдир. У киши кескир қиличларини ҳавода ўйнатиб, «Аллоҳу Акбар!» деб, мушрикларнинг бошига тинмай ажал уруғини сочганлар. Жанг давомида мисли кўрилмаган қаҳрамонлик ва фидокорлик кўрсатиб урушаётган мусулмонларнинг байроқдори Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу шаҳид бўлади. Ислом байроғи у кишининг қўлидан тушиб кетади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни чақириб, байроқни у кишига топширадилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу эса бир қўллари билан Ислом байроғини, иккинчи қўллари билан машҳур “Зулфиқор” номли қиличларини тутиб, мушрикларга қирон келтиришни давом эттирадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бу икки шуҳрат эгасини тақдирлаб: «Зулфиқордек қилич йўқ, Алидек йигит йўқ!», деганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни бир неча жангчи гуруҳлар, яъни сарийяларга бошлиқ қилиб, алоҳида топшириқлар билан ҳам юборганлар. Бу сарийяларнинг энг каттаси Яманга юборилган сарийя эди. Уларнинг ҳаммасида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўзларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам томонларидан юкланган вазифаларни шараф билан адо этганлар. Умму Атийя розияллоҳу анҳодан қилинган ривоятда у киши айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бир лашкар юбордилар. Уларнинг ичида Али (р.а.) ҳам бор эди. Набий алайҳиссалом қўлларини кўтариб туриб: «Эй Аллоҳим, менга Алини кўрсатмай туриб мени вафот эттирмагин», деганларини эшитдим» (Термизий ривояти).

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг яна бир лақаблари Хайдар (Шер) бўлган, Хайбарни фатҳ этишда мардонавор иштирок этганлар. Ўша пайтда ёшлари ҳали йигирмадан ўтмаган бўлган.

Ибн Исҳоқ (р.а.) “Ас-Сийра” китобларида: менга Язид ибн Муҳаммад ибн Ҳайсам Муҳорибий Муҳаммад ибн Каъб Қуразийдан, у Язиднинг отаси Муҳаммад ибн Хайсамдан, у Аммор ибн Ёсир (р.а.)дан ривоят қилди: Ам­мор: «Мен билан Али ибн Абу Толиб ал-Ушайра ғазотида шерик эдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам у ерга тушиб, ўрнашгач, Бани Мудлиж деҳқонларининг булоқ ва хурмозорларида ишлаётганларини кўрдик. Али ибн Абу Толиб менга: «Эй Абул Яқзон! Анави қавмнинг ол­дига бориб, қандай ишлаётганларини кўрамизми?» – деди. Мен: «Хоҳласанг, борамиз», – дедим. У жойга бориб, уларни бир оз ку­затдик. Сўнг уйқумиз келди. Али иккаламиз бориб бир хурмонинг тагида текис тупроқ устига ётиб ухладик. Аллоҳга қасамки, бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламгина оёқлари билан қимирлатиб уйғотдилар. Ёт­ган жойимизга кўра ҳамма ёғимиз тупроққа беланган эди. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Али ибн Абу Толибга устидаги тупроқни кўриб: «Сенга нима бўлди, эй Абу Туроб?» – дедилар, сўнг: «Сизларга энг бахтсиз икки инсон ҳақида айтиб берайми?» – деб сўрадилар. Биз: «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам», – дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Бири−Солиҳ алайҳиссалом туясининг пайларини қирқиб ташлаган Самуд қавмилик Уҳаймир (лақабли одам); Иккинчиси − Сенинг мана бу ерингга ура­диган инсон», – деб, қўлларини Алининг бошининг тепа қисмига қўйдилар ва: «Ундан мана бу еринг ҳўл бўлади», – деб соқолини ушладилар, деб ривоят қилган. Яна бир ривоятда эса: Ибн Исҳоқ: менга илм аҳлидан бирининг айтишича: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Алини «Абу Туроб» дейишлари: Али қачон Фотима билан аразлашиб қолса, унга гапирмас ва ёмон сўз ҳам айтмас, фақат тупроқ олиб бошига қўйиб олар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам бу тупроқни кўриб, Фотима билан аразлашганини билар ва: «Сенга нима бўлди, эй Абу Туроб?»дер эдилар, деб ривоят қилган. (Бухорий, Терзимий). Қайси бири тўғрилигини Аллоҳ билгувчироқдир. Шу воқеадан кейин Ҳазрати Али (р.а.) лақабларидан бири Абу Туроб (тупроқни отаси, тупроққа беланган) бўлган экан.

Пайғамбар алайҳиссалом Али каррамаллоҳу важҳаҳуни жуда яхши кўрганликлари, иззат-эҳтиром кўрсатиб ҳурматлаганлари кўплаб ҳадисларда ривоят қилинган, жумладан:

Имом Термизий ҳасан ҳадис деб Зайд ибн Арқам (р.а.)дан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилганлар: “Шак йўқки, мен сизларга иккита (қимматли) нарсани ташлаб кетаяпман. Мадомики ул иккисини маҳкам ушларкансиз, мендан сўнг ҳаргиз залолатга кетмайсиз. Икковидан биринчиси кейингисидан улуғроқдир: (биринчиси) Аллоҳнинг китоби – осмондан ергача чўзилган арқондир ва (иккинчиси) Аҳли байтим – менинг авлодимдир. Иккови ҳавзи Кавсарга келгунча айрилмагай. Демак, иккови борасида менга қандай хилоф қилаётганингизга қаранглар!”. Ислом тарихида Набий алайҳиссаломнинг ушбу машҳур нутқлари “Ғадир Хум” воқеаси деб аталган ва ушбу воқеа ҳақида Бухорий, Муслим, Ибн Можа, Ҳокимлар ҳам ривоят қилганлар.  Яна бир ҳадисда, Зайд ибн Арқам (р.а.) ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом: «Мен кимнинг мавлоси (ҳомий, йўлбошчиси) бўлсам, Али ҳам унинг мавлосидир», дедилар. (Термизий, Насоий ривояти).

Ғадир Хум
Ғадир Хум — Макка ва Мадина шаҳарлари ўртасидаги Хум кўли яқинидаги жой.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Алини мунофиқ яхши кўрмайди. Уни мўъмин ёмон кўрмайди», дер эдилар» (Термизий ривояти);

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ мени тўрт кишини севишимга буюрди ва У Зотнинг Ўзи уларга муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, бизга уларнинг исм­ларини айтиб беринг», дейишди. «Али улардан биридир», деб уч марта айтдилар. Кейин «Абу Зарр, Миқдод ибн Асвад ва Салмон», дедилар. «У Зот уларга муҳаббат қилишни менга буюрди ва Ўзи ҳам уларга, албатта, муҳаббат қилишининг хабарини берди», дедилар» (Термизий ривояти);

Ҳабаший ибн Жунада розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Али мендандир. Мен Алидандирман. Мен адо этишим лозим бўлган нарсаларни фақат ўзим ёки Алигина адо этади», дедилар» (Термизий ривояти);

Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламдан бир нарса сўрасам, берар эдилар. Агар сукут қилсам, ўзлари берар эдилар» (Термизий ривояти);

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг олдиларида бир парранда (гўшти) бор эди. Шунда у Зот: «Эй Аллоҳим, ҳузуримга халқингнинг ичидан Ўзингга энг севимлисини келтиргин, мен билан ушбу паррандадан есин», дедилар. Али келиб, у Зот билан еди»; Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳикмат ҳовлисиман, Али унинг эшигидир», дедилар» (Термизий, Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган).

Худди шу ривоятнинг Ибн Абдул Барр келтирган лафзида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам: «Мен илмнинг ҳовлисиман, Али унинг эшигидир. Ким илмни истаса, унинг эшигидан келсин», деганлар.

Расулуллоҳ алайҳиссалом Али розияллоҳу анҳу ҳаққига: “Аллоҳ кимнинг дўсти бўлса, Али унинг дўстидир. Ё Аллоҳ, уни дўст тутганни Сен ҳам дўст тут, унга душманлик қилганга Сен ҳам душман бўл”, деб дуо қилганлар. (Имом Аҳмад ривояти).

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг ўзларидан эса бундай ривоят келтирилган: «Расулуллоҳ алайҳиссалом қасам ичиб айтганлар: «Мени фақат мўъмин яхши кўради, мени фақат мунофиқ ёмон кўради” (Муслим ривояти).

Саъд ибн Абу Ваққос (р.а.) бундай ҳикоя қилади: «Расулуллоҳ алайҳиссалом Али (р.а.)га айтган уч нарсани эслайман. Қани эди улардан биттаси менга берилганида! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам Табук ғазотида Али розияллоҳу анҳуни Мадинада ўринларига қўйиб кетмоқчи бўлдилар. Шунда Али розияллоҳу анҳу: «Ё Аллоҳни Расули, мени аёл ва болалар билан қолдириб кетяпсизми?” деб сўради. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Ҳорун Мусога ўринбосар бўлгани каби менга ўринбосар бўлишга рози эмасмисан? Фақат мендан сўнг пайғамбар келмайди», деб жавоб бердилар. Яна Хайбар кунида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Бу байроқни Аллоҳ ва Расулини яхши кўрадиган, Аллоҳ ва Расули ҳам уни яхши кўрадиган кишига, бераман”, деганларини эшитдим. Ҳаммамиз байроқни олиш ниятида эдик. Бироқ Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Алини чақиринглар”, деб буюрдилар. Ўша пайтлари Али (р.а.)нинг кўзи оғриган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг кўзига туфлаб қўйдилар, сўнг байроқни топширдилар. Аллоҳ таоло Али (розияллоҳу анҳу)га нусрат берди” деб ривоят қилинган (Муслим ривояти). Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳақларида ва ул зотнинг юксак фазилатлари билан боғлиқ ҳақиқатдан гўзал ва ҳавас қилгулик маълумотларни ҳадис китобларидан топиш имкони бор ва етарлидир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг Ҳайбар куни Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сенинг сабабингдан бир кишини ҳидоятга солмоғи, сен учун энг афзал неъматлардан кўра яхшироқдир», деган сўзлари мусулмонларнинг фатҳ ишларидаги шиори бўлиб қолган эди (Бухорий ривояти). Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг Ҳандақ ва Табук ғазотларидаги жасоратлари, фидойиликлари ҳам тилларда достон бўлган ва бу ҳақда тарихнавислар асарлар битганлар.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу мусулмон уммати ичида Пайғамбар алайҳиссаломдан кейинги энг илмли киши бўлганлар. Ечилиши қийин бўлган масалаларни ул зоти шариф ечар эдилар. Арабларда ҳозиргача бирор масала ечилмай қолса, “Бу масалани ечгани Абул Ҳасан йўқ”, деган гап айтилади. Абул Ҳасан Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг кунялари бўлган. Ул зот шариат билимдони, юксак аҳлоқ соҳиби, Исломнинг машҳур нотиғи ва воизи эдилар. Расули Акрам алайҳиссаломдан 586 та ҳадис ривоят қилганлар. Ул зотдан: Имом Ҳасан, Имом Ҳусайн, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо Ашъарий, Абу Саъид Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Барро ибн Озиб, Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумолар ва бошқа саҳобаи киромлар, Саид ибн Мусаййиб, Қайс ибн Хозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний каби тобеъинлар ҳадис ривоят қилганлари ҳадис китобларимизда келтирилган.

Жаннатул Бақи қабристони
Жаннатул Бақи қабристони, Мадина шаҳри 1880 йил.

Ўн биринчи ҳижрий йилнинг биринчи ойи муҳаррам ўтиб, сафар ойининг охирига келди, ушбу ойнинг душанба куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хасталиклари бошланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг беморликларига қарашда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бош-қош бўлдилар. Ул Зотнинг вафотлари, дафнлари ва бунга тегишли барча ишларни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бошқардилар. Ибн Можа, Ибн Саъд ва Табаронийлар қилган ривоятнинг  Табароний Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирган матнида қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам оғирлашиб қолганларида ҳузурларида Оиша ва Ҳафса бор эди. Бирдан Али розияллоҳу анҳу кириб келди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам уни кўришлари билан бошларини кўтардилар ва: «Менга яқинроқ кел! Менга яқинроқ кел!» дедилар. У келиб, у Зот (алайҳиссалом)ни ўз кўксига суяди. Сўнгра вафот этгунларича у Зот (алайҳиссалом)нинг олдиларида бўлди. Вафот этганларида эса у Зот (алайҳиссалом)ни ювиш, жанозаларини ўтказишга бош бўлди”. Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Муҳаммаддан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам сўрига қўйилганда Али: «У Зотга (жанозасига) биров имом бўлмайди. У Зот тирикликларида ҳам, маййитликларида ҳам имомингиздир», деди. Одамлар тўп-тўп бўлиб кириб, саф-саф бўлиб туриб, жаноза ўқир эдилар. Уларнинг имоми йўқ эди. Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг тўғриларида туриб олиб: «Ассалому алайка, айюҳаннабийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Эй Аллоҳим! Биз гувоҳлик берамиз. У Зот ўзларига нозил бўлган нарсани етказдилар. Умматга насиҳат қилдилар. Аллоҳнинг йўлида то Аллоҳ динини азиз қилгунча ва калимасини олий қилгунча уруш қилдилар. Эй Аллоҳим! Бизни у Зотга нозил бўлган нарсага эргашадиганлардан қилгин. У Зотдан кейин бизни саботли қилгин. У Зот билан бизни жам қилгин», дер эди. Одамлар «Амин!» дейишар эди. Шундай қилиб, у Зотга эр кишилар, сўнгра аёллар, кейин болалар жаноза ўқидилар». Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламни Али ибн Абу Толиб, Фазл ибн Аббос ва Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳум қабрга қўйганлар.

Масжид ал-Набавий
Масжид ал-Набавий, Мадина шаҳри 1930 йил.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламнинг вафотларидан кейин мусулмонлар жамоаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни халифа қилиб сайлайдилар. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бу хабарни етказишганда, ул зот Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу олдиларига бориб айрим тушунмовчиликлар ўлароқ байъат қилганликлари, шунингдек, бу маънода баъзи хилофларга сабаб бўладиган ҳолатларга ҳам қаршиликлар билдирилганликлари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васалламдан қолган мерос ҳақидаги халифа Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу билан Фотимаи Заҳро розияллоҳу анҳо онамиз ораларида бўлиб ўтган тушунмовчиликда тарафларни имкон қадар яраштиришга ҳаракат қилганликлари ҳадисларда ривоят қилинган.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу биринчи халифа даврида иккинчи вазир бўлган бўлсалар, иккинчи халифа Умар Фаруқ розияллоҳу анҳунинг даврларида халифага яқин маслаҳатчи бўлдилар. Ҳеч бир шўро мажлиси у кишисиз ўтмас, Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг фикрларини эшитмай туриб, бирор катта қарорни қабул қилмаганликлари ривоят қилинади. Ҳазрати Умар Фаруқ  розияллоҳу анҳу нинг даврларида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу Ислом жамиятининг бош қозиси ҳам бўлганлар. Ибн Саъд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Умар ибн Хаттоб: «Али ичимизда энг яхши қозидир», деди». Ибн Саъд Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан: «Умар ибн Хаттоб Ҳазрати Али йўқ бўлган пайтдаги қийин масалада Аллоҳнинг паноҳини сўрар эди», деб ривоят қилган (Бухорий, Термизий).  

Усмон Зуннурайн розияллоҳу анҳунинг даврларида Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг Ислом жамиятидаги тутган ўринлари юқори ўринга кўтарилган. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важ­ҳаҳунинг ўзлари  халифаликка энг яхши номзод бўлсалар-да, ўз номзодларини қайтариб олмаган бўлсалар ҳам, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу Ҳазрати Усмон Зуннурайннинг номзодларини олдинга сурганларида, айрим тушунмовчиликлар ўлароқ у кишидан кейин байъат қилганликлари ривоят қилинган.

Ҳазрати Усмон Зуннурайннинг хаворижлар томонидан фожиали ўлдирилишидан сўнг тўртинчи халифа этиб сайланган Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қийин ҳолда қоладилар. Ул зот ўзларига бўйсунмаганларни тартибга чақиришга, ислоҳ қилишга, уларни тўғри йўлга солишга мажбур бўладилар.

Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафиядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинганида отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга: «Анави киши қатл қилинди, энди одамларга имом лозим. Бугунги кунда бу ишга сендан кўра ҳақли одам йўқ. Сендан аввал Исломга кирган ҳам йўқ. Сендан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дейишди. «Бундай қилманглар, менга вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди. «Аллоҳга қасамки, сенга байъат қилмай қўймаймиз», дейишди. «Ундай бўлса, фақат масжидда, менга байъат махфий бўлмаслиги керак. Менга байъат фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар байъат қилишди. Сўнгра бошқалар байъат қилишди». Сўнгра Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу минбарга чиқиб, халифа сифатида ўзларининг биринчи хутбаларини қилдилар. Аллоҳ таолога ҳамду сано айтганларидан кейин қуйидагиларни айтдилар: «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ҳидоят қилувчи Китоб нозил қилгандир. Унда яхшилик ва ёмонлик баён қилингандир. Бас, яхшиликни олингиз, ёмонликни қўйингиз! Аллоҳнинг фарзларини адо қилсангиз, У Зот сизга жаннатни беради. Албатта, Аллоҳ ҳаромларни ҳаром қилгандир. Улар маж­ҳул эмасдир. У Зот мусулмоннинг ҳурматини ҳамма ҳурматлардан афзал қилди. Мусулмонларни ихлос ва бирликка қаттиқ амр қилди. Одамлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган киши чин мусулмондир, фақат ҳақ билан бўлса, мустасно. Мусулмонга озор бериш жоиз эмас, фақат вожиб бўлган нарса билан бўлиши бор». Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга халифа сифатида ўттиз бешинчи ҳижрий сана, Зулҳижжа ойининг йигирма бешинчиси, жума куни байъат қилинган.

Ислом оламининг раҳбари бўлишига қарамай Халифа Али карамаллоҳу важҳаҳу камтарлик, ҳокисорлик, қаноатлик, оддий кийиниш ва зуҳду тақвони унутмадилар. Абу Нуъайм Амр ибн Қайсдан ривоят қилади: «Алига: «Эй мўъминларнинг амири, нима учун кўйлагингизни ямаб юрасиз?» дейилди. «Қалбнинг хушуъси учун ва мўъминнинг иқтидо қилиши учун», деди»;

Абу Нуъайм Зайд ибн Ваҳддан ривоят қилади: «Алининг ҳузурига Басра аҳлининг ҳайъати келди. Уларнинг ичида хавориж аҳлидан Жаъд ибн Наъжа деган ҳам бор эди. У Алини кийимида айблади. Шунда Али: «Кийимимга нима бўлибди? Кибрдан узоқроқ, мусулмоннинг иқтидо қилишига лойиқроқ», деди»; Аъмаш розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али розияллоҳу анҳу тушликка ҳам, кечқурун­га ҳам Мадинадан келтирган нарсасини ер эди» (Бухорий ва Термизий).

Амирал мўъминин Али каррамаллоҳу важҳаҳу адолатли, сахий, тақводор ва донишманд инсон бўлсаларда, ул зотнинг халифалик даврларида ислом душманлари томонидан кўп фитналар уюштирилади, жумладан, Халифа Усмон Зуннурайннинг фитначилар томонидан ўлдирилишида қасос олмоқчи бўлган қариндоши Шом амири Муовия ибн Абу Суфён билан кечган Сиффин жангини, сўнг Халифа Усмон Зуннурайн қотилларининг жазоланмай қолганидан норози бўлганлар билан кечган Жамал (Туя) жангини ва фитначи хавориж (хорижий)лар билан бўлган жангларни айтиш мумкин.

Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўз волийларига Шомга бориш учун тайёргарлик кўриш ҳақида амр юборадилар. У киши ўз ҳузурларидаги кишиларни ҳам тартибга соладилар. Байроқни ўғиллари Муҳаммад Ҳанафия (р.а.)га бердилар. Ўнг қанотга Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)ни, чап қанотга Амр ибн Абу Салама (р.а.)ларни қўмондон қиладилар. Ҳазрати Усмон Зуннурайнга қарши чиққанларни олмадилар. Қусам ибн Аббос розияллоҳу анҳуни Мадинада ўз ўринларига қолдирадилар. Шом амири Муовия ибн Абу Суфён қўшини билан бўлган жангда Муовиянинг қўшини заифлаша бошлайди. Бундай вазиятни кўрган Шом амири Сиффин жанги асносида аскарларига найза ва қиличлари учига Қуръон саҳифаларини кўтариб олишни буюради. Фақиҳ Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бу ҳукм чиқаришда бир найранг қўлланганини сезиб қоладилар. Бу иш охир-оқибатда Ҳазрати Али тарафидан Абу Мусо Ашъарий (р.а.) ва Муовия ибн Абу Суфён тарафидан эса саҳоба Амр ибн Осни ҳакам бўлиб музокара ўтказишга келишиб олиш билан якун топгандек бўлади. Икки тарафнинг  ҳакамлари сиёсий музокара ўтказиш учун учрашишади. Саҳоба Амр ибн Ос Абу Мусо Ашъарий (р.а.) билан учрашганда ҳар иккалалари ҳам ўз соҳибларини халифаликдан бўшатишни ва бу ишни мусулмонлар жамоасига қўйиб беришни, мусулмонлар жамоаси умумйиғилишда кимни хоҳласалар, шу инсонни халифа қилиб сайлашларига ихтиёр беришни таклиф қиладилар. Бу таклиф саҳобаи киром Абу Мусо Ашъарий (р.а.)га маъқул келиб минбарга чиқиб жамоатга буни етказадилар ва мусулмон жамоати бунга шоҳид бўладилар. Аммо Муовия ибн Абу Суфённинг вакили бўлган саҳоба Амр ибн Ос эса жамоат олдига чиқиб Абу Мусо Ашъарий (р.а.) билан келишган ҳолда Амирал мўъминин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни халифаликдан бўшатишни қувватлаганини айтади ҳамда Шом амири Муовия ибн Абу Суфённи эса халифаликда қолганини эълон қилади. Ушбу чиқишдан кейин Абу Мусо Ашъарий (р.а.) Шом амири томонидан сиёсий найранг ишлатилганини сезадилар, лекин мазкур вазиятни ўнглаш учун харакат қилишга энди кеч бўлган эди. Мазкур мағлубиятли сиёсий музокарадан кейин Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг қўшини ўртасида ихтилоф чиқа бошлайди. Қўшиндан бир гуруҳи ажраб чиқиб ўзларини “хаворижлар” деб эълон қиладилар, улар асосан Куфа ва Басра аҳолисидан иборат эди. Ушбу тоифанинг фитналари туфайли халифаликдаги сиёсий аҳвол умуман бошқа томонга ўзгариб кетганди (А.Шаънавий “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошлари”).

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг тасарруфотини кўпчилик тушунолмай хуноб бўлар эдилар. Ҳатто баъзилар бу киши соддалик қилиб, баъзи нарсаларни тўғри тушуна олмаяпти, деган фикрга ҳам борар эдилар. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзлари эса, босган бирор қадамларига ҳам надомат қилмас эдилар. Ул зот қилаётган ишлари ҳақ эканига иймонлари комил эди ва аслида шундай ҳам эди. Бу фикрнинг далили сифатида Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу билан катта ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо розияллоҳу анҳу ораларида бўлиб ўтган бир суҳбатни келтириш мумкин: Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу оталари учун жуда кўп куйинардилар, ул зотга бирор яхшилик қилиш йўлида бутун вужудлари билан ёнар эдилар. Азиз оталарини ҳар тарафдан ўраб олган хавф-хатарларни ва қийинчиликларни мулоҳаза қилган ҳолда ўзларининг баъзи мулоҳазаларини айтдилар:

«Отажон! Мен сизга Усмон қамал қилинган куни, Мадинадан чиқиб кетинг, агар у қатл қилинса ҳам сиз йўғингизда қатл қилинсин, демабмидим!?

Отажон! Мен сизга Усмон қатл қилинган куни одамлар ҳузурингизга келиб-кетиб бу (халифалик) ишни қабул қилишни сўрашганда, ҳамма тарафлардан байъат келмагунча қабул қилманг, демабмидим!?

Отажон! Сизга Зубайр билан Толҳанинг мўминларнинг онаси Оишани олиб, Басрага юрганлари хабари етганда, Мадинага қайтиб, уйингизда ўтиринг, демабмидим!?

Буларнинг бирортасида ҳам менинг гапимни қабул қилмадингиз», деди.

Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг ушбу мулоҳазаларини мазкур ҳодисалардан хабардор бўлган ҳар бир киши ҳам бериши мумкин. Ҳақиқатда, агар Имом Ҳасан айтганларидек бўлганда, ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўзларига яхши бўлмас эдими?

Оддий ўлчов билан ўлчанганда, агар ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўғиллари Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг маслаҳатларини олганларида ўзлари учун яхши бўлар эди. Аммо Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўлчовлари бошқа эди. У кишининг ўғилларига берган жавобларини эшитиб кўринг:

«Усмон қамал қилинган куни чиқиб кетишим мумкин эмас эди. Одамлар Усмонни ўраб олганларидек мени ҳам ўраб олган эдилар.

Ҳамма тарафдагиларнинг байъатини кутмаганим бўлса, байъат икки ҳарамайнда ҳозир бўлган муҳожир ва ансорлар билан собит бўлади. Улар рози бўлиб, байъат қилсалар, барча мусулмонларга рози бўлиш ва байъат қилиш вожиб бўлади.

Ортга қайтиб, уйимда ўтиришим эса, умматни алдаш ва унга хиёнат қилиш бўлар эди» (Ҳадис ва ҳаёт 22-жуз, 304-5 б).

Бундан Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг бутун умрбўйи ўзлари учун, обрў учун, шуҳрат учун яшамаганлари, балки ҳақ учун, адолат учун ва Ислом уммати учун яшаганлари келиб чиқади. Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу доимо ҳақ йўлни ахтарар ва Аллоҳ таолонинг розилигини топадиган ишни қилишга ўтар эдилар. Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда, Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу қаёққа бурилсалар, ҳақ ҳам ўша ёққа бурилишини Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам дуо қилиб сўраганликлари келтирилган. Аммо баъзи одамлар Ҳазрати Али карамаллоҳу важҳаҳуни айнан ҳақ учун курашганликлари учун кўп кўрдилар. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу фитначи хаворижлар билан турли йўлларни ишга солиб, гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар, аммо фойдаси бўлмади. Ниҳоят, уларни йўлга солишдан умидларини узганларидан сўнг: «Агар бизга қарши хуруж қилмасангиз, сизларни масжидларимиздан ман қилмаймиз. Модомики, қўлларингиз биз билан экан, сизларни ўлжадан маҳрум қилмаймиз. Бизга қарши уруш қилмагунингизча, биз сизга қарши уруш қилмаймиз», дедилар. Бу Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг ниҳоятда бағрикенг инсон эканларига яна бир далилдир. У киши ўзларини кофир деб турган қавмга ана шундай илтифотларни кўрсатаётган эдилар.  Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўз одамларига урушни зинҳор аввал бошламасликни қаттиқ тайинлаб қўйган эдилар. Хаворижлар биринчи бўлиб уруш бошладилар. Урушда уларнинг деярли кўп қисми қирилиб битади. Хавориж тоифалар билан бўлган жангда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг одамларидан етти жангчи шаҳид бўладилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу умрларини охирларида Куфа шаҳрида амир саройида эмас балки оддий одамлар каби оддий уйда яшадилар. Ҳижратнинг қирқинчи йили, 19-рамазон кечасида хаворижлар гуруҳидан бўлган уч нафар Маккада замонанинг уч нафар таниқли шахслари Амирал мўъминин Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни, Шом амири Муовия ибн Абу Суфённи ҳамда Амр ибн Осни қатл қилиш учун келишиб оладилар. Мана шу уч нафар хаворижлардан бири бўлган малъун Абдурраҳмон ибн Мулжам Ҳазрати Али бин Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуни шаҳид қилиш мақсадида Ироқнинг Куфа шаҳрига қараб йўл олади. У ҳижратнинг қирқинчи йили, шаъбон ойининг йигирманчи санасида Куфа шаҳрига кириб келади. Абдураҳмон ибн Мулжам ўзининг ҳамроҳи Шабиб ибн Бажра Ашжаий билан биргаликда Қитом бинти Алқамадан қатл дастурини олиб, ўн тўққизинчи рамазон саҳар пайтида “Катта Куфа масжиди” га қараб йўл олади. Малъун Абдураҳмон ибн Мулжам Ҳазрати Али каррамалоҳу важҳаҳуни то мазкур масжидга қараб ортдан кузатиб келиб, масжид ичига кириб олиб, Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг масжидга киришларини кутиб ўтиради. Малъун Қитом бинти Алқама Абдураҳмон ибн Мулжам билан биргаликда ўз қабиласидан бўлган Вардон ибн Мужаллад ва яна бир хаворижни ҳам шу қабиҳ ишнинг амалга ошишини назоратга олиш учун йўллаган эди.  Ашъас ибн Кинди Қайс исмли хавориж асли Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қўшини таркибидаги Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳуга нисбатан норозилик кайфиятида юрган жанчилардан бири бўлиб, у малъун Абдураҳмон ибн Мулжамга бу ишни қилишда яқиндан ёрдам беради. Қитом бинти Алқама исмли нобакор аёлга Абдураҳмон ибн Мулжам совчи қўйган бўлади, у Амирал мўъмининни қатл қилса унга хотин бўлиб тегишга ҳамда уни бойликлар билан сийлашга ваъда берган эди.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу рамазон ойининг ўн тўққизинчи кун кечасида қизлари Умму Кулсум розияллоҳу анҳонинг уйларида меҳмонга келиб, видолашаётгандек насиҳатлар қилганликлари, қизлари ҳам хавотирга тушганликлари, шу оқшом ул зот ўхламасликлари, саҳарга қадар Аллоҳга тоату-ибодатлар ва розу-ниёз билан ўтказишлари ҳақида ривоятлар келтирилган. Абу Довуд ва Ибн Асокирларнинг Қатода (р.а.)дан ривоят қилишларича: “Ўша кечаси Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу тинмай безовта бўлавердилар. У кишининг аҳли аёллари бундан ташвишга тушдилар ва тўпланишиб, у кишидан эҳтиёт бўлишни илтимос қилдилар. Шунда Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу уларни тинчлантириб “Албатта, ҳар бир одамга икки фаришта вакил қилинган. Улар уни қадари келгунча ҳимоя қилиб турадилар. Қачон қадари келса, қадари билан унинг орасини очиб қўядилар”, дедилар” (Бухорий, Термизий). Тарихий манбаларда, Ҳазрати Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу уйларидан чиқиб, масжид томон йўл олаётган пайтларида ғозлар йўлларини тўсиб йиғлаган оҳангларда овоз чиқарганликлари ҳам келтирилган.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўн тўққизинчи рамазон саҳар чоғида Куфадаги катта масжидга кириб келишлари билан масжидда тунаб қолганларни намоз учун уйғотадилар. Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу жамоат намозини адо этиш мақсадида масжид меҳробига бориб намозни бошлайдилар. Намознинг биринчи саждасидан муборак бошларини кўтаришлари билан дастлабки ҳужумни малъун Шабиб ибн Бажра Ашжаий уюштириб, муваффақиятсизлик билан тугайди. Яъни, унинг қиличи меҳробга тегиб, ортга қайтади. Шундан сўнг, Вардон ибн Мужалладнинг буйруғи билан Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу иккинчи саждага боришлари билан малъун Ибн Мулжам Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг муборак бошларига заҳарланган қиличи билан уради, шунда Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу “Бисмиллаҳи ва биллаҳи ва ъалаа миллати Расулуллоҳ ва фазту бироббил Каъбаҳ!”, яъни Каъбанинг Парвардигорига қасамки, Роббим йўлида нажот топганлардан бўлдим!” – деб ерга қулайдилар. Шу ўринда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг ўз қотиллари малъун Абдураҳмон ибн Мулжам билан бўлган муомалалари ҳақида қисқача тўхталсак.

Ҳазрати Имом Али каррамаллоҳу важҳаҳу зарба олиб йиқилгач, бутун оломон тўпланиб Ҳазрати Амирал мўъминин Али розияллоҳу анҳу учун малъун Ибн Мулжамдан интиқом олишга аҳд қилганларида, хусусан Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг тўнғич ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо розияллоҳу анҳу “Отажоним, рухсат беринг бу қабиҳдан интиқом олайлик!” – деб изн сўраганларида, Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу “Йўқ ўғлим, биз дунёга интиқом олишга келмадик. Мен неча кун, неча соат ҳаёт бўлсам, мен нимани еб-ичсам, унга шу нарсани едириб-ичиринглар. Агар дунёдан ўтадиган бўлсам, сўнгра ўзларингиз Аллоҳнинг изни билан ҳукм чиқаринглар!– дея, марҳамат қиладилар.

Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу вафотларидан аввал ўғилларига: Аллоҳга итоатда бўлиш, мусулмон ҳолида ўлиш, гуруҳларга бўлинмаслик, етимлар бошини силаш, қўшнилар билан яхши муомалада бўлиш, намозга диққатли бўлиш, закотни вақтида бериш каби бир қанча масалаларда васият қилиб қолдирадилар. Амирал мўъминин Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга жума куни бомдодда суиқасд қилинган бўлса, у киши шанба куни мағриб вақтида жон таслим қилдилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу бу дунёни тарк этганларида олтмиш уч ёшда эдилар. Ҳазрати Амирал мўъминин Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу рамазон ойининг йигирма биринчи санасида (милодий 661 йили) шаҳид бўлдилар. Аллоҳ ул зоти шарифдан рози бўлсин.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Муовия (ибн Абу Суфён) менга Абу Туроб (Али р.а.)ни сўкишни амр қилди. Мен унга: “Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга айтган уч нарса эсимда турар экан, мен уни зинҳор сўкмайман! Ана шулардан биттаси менга бўлишини қизил туялардан (дунёнинг энг яхши неъматларидан) устун кўраман. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни баъзи урушларда ўз ўринларига қолдирдилар. Бас, Али: “Эй Аллоҳнинг Расули, мени аёллар ва болалар билан бирга қолдирасизми!?” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Сен менинг ўрнимда Ҳорун Мусонинг ўрнида бўлганидек бўлишга рози бўлмайсанми!? Фақатгина мендан кейин набий йўқ, холос”, деганларини эшитдим.  Яна мен у зот (алайҳиссалом)нинг Хайбар куни: “Албатта, эртага байроқни Аллоҳни ва Унинг Расулини яхши кўрадиган ва Аллоҳ ва Унинг Расули уни яхши кўрадиган кишига берурман”, деганларини эшитдим. Ҳаммамиз унга интиқ бўлдик. Бас, у зот: “Менга Алини чақиринглар”, дедилар. Бас, уни кўзи оғриб турган ҳолида келтиришди. У зот унинг икки кўзига туфладилар ва унга байроқни бердилар. Аллоҳ унга фатҳни берди. “Келинглар, болаларимизни ва болаларингизни… чақирамиз”, — деб айтгин” ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алини, Фотимани, Ҳасанни ва Ҳусайнни чақирдилар ва “Аллоҳим, мана шулар менинг аҳлим”, дедилар”, дедим”. (Муслим ва Термизий ривоят қилганлар). Ушбу ривоятда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг юксак фазилатлари ҳақида зикр қилинган.  Ҳатто баъзи ноўрин уринишлар ҳам кишиларнинг Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга бўлган муҳаббатларини қайтара олмади. Амирал мўъминин Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг тирикликларида у кишига қарши бир оғиз ёмон сўз айтишдан кўра, ўлимни афзал кўрган кишилар ул зотнинг вафотларидан кейин ҳам ул зотга қарши бирор оғиз сўз айтишдан кўра, ўзлари учун ўлимни афзал кўрдилар. Ушбу юқоридаги ривоятда Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга бўлган муҳаббатлари ва чексиз эҳтиромлари яққол намоён бўлиб турибди. Зотан, ҳар бир мўъмин шундай бўлиши керак, зеро мўъминлар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аҳли байтини яхши кўришликка, уларга муҳаббатли бўлишга буюрилганлар. Аммо афсуслар бўлсинким, ўша даврнинг тўс-тўполонли замонларида баъзи кишилар турли сабабларга кўра, бу бахтга муяссар бўла олмадилар. Вақти келиб, адолат юзага чиқиб ҳамма нарса ўз ўрнини топди, ҳамма мўъмину мусулмонлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудек зотнинг ҳурмат эҳтиромларини ўз жойига қўйдилар ва қўймоқдалар, ул зоти шарифни севдилар ва севмоқдалар. Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу ўзларининг бутун умрлари ва имкониятларини Ислом хизмати учун сарфлаган бўлсалар, бутун халифалик фаолиятларини мусулмонлар орасидаги сиёсий фитналарни ҳамда яҳудий Абдуллоҳ ибн Саъба бошлиқ хаворижлар пайдо қилган фитналарни зарарсизлантиришга сарф қилдилар.

Шу ерда “Фитначи хаворижлар кимлар эдилар?” Улар қаердан ва нима учун чиқдилар?” деган ҳақли саволлар туғилиши тайин. Фитначи ва хаворижлар асосан саҳровий ва четдан келган араблар ва араб бўлмаган ғаразгўй кимсалар бўлганлар. Агар Ямандан келиб, фитнабошига айланган Абдуллоҳ ибн Саъбанинг яҳудийлигини ва унинг атрофидагилардан баъзиларининг бошқа дин ва миллатларга мансуб эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, фитначиларнинг асосий қисми Исломга қарши душманлик ўти билан ёнган ташқи кучлар томонидан ҳамда халифаликдаги сиёсий вазиятдан фойдаланиб қоламан деган айрим амалдорлар томонидан уюштирилган эди. Уларнинг орасида улуғ саҳобаи киромларнинг оламшумул ғалабаларини кўриб, уларнинг шуҳратига ҳасад кўзи билан қараганлар ва юқори мансабларга интилганлар ҳам оз эмас эди. Орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳуга ҳам қўшилмаган, балки ул зотга талаб қўйиб, талаби бажарилгандагина ул зотга байъат қилишларини айтган тоифалар ҳам бор эди. Уларнинг гаплари ва қилган ишлари Жамал (Туя) ва Сиффин ҳодисаларидан ҳаммамизга маълумдир.

Мусулмонлар жумҳури бу масалада ижмоъ ила энг адолатли ва сўнгги нуқтани қўйганлар. Яъни орада бўлиб ўтган кўнгилсиз ҳодисаларда Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ва ул зотнинг тарафдорлари ҳақда бўлганлари ўз исботини топган. Улар ҳақларида бошқача гап бўлиши мумкин эмас. Бунга далил ва ҳужжатлар етарлидир. Уларнинг энг ишончли ва кучлиси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган кўплаб ҳадислардир. Хулоса ўрнида аҳли сунна ва жамоанинг энг машҳур ақийда китобларидан бири бўлмиш “Шарҳи ақийдаи Таҳовийя”да келтирилган “Ҳашр” сурасининг 10-оятини келтирамиз: “Биз уларнинг ҳаммалари ҳақида яхшилик билан: “Роббимиз! Бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга қалбимизда ғашлик солмагин. Роббимиз! Албатта, Сен Роуф ва Роҳиймсан” деймиз. Аллоҳ таоло бизнинг қўлларимизни ўз вақтида бўлиб ўтган фитнада асрагин. Бас, биз Аллоҳдан тилларимизни ҳам мазкур фитнадан сақлашини сўраймиз”.

Ҳазрати Амирал мўъминин Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг халифаликлари беш йил давом этган. Ибн Саъднинг ривоят қилишларича, Ҳазрати Имом Али розияллоҳу анҳуни ул зотнинг ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо розияллоҳу анҳу ва Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳу ҳамда Абдуллоҳ ибн Жаъфар Таййор розияллоҳу анҳу ювганлар. Жанозаларини Имом Ҳасан Мужтабо розияллоҳу анҳу ўқиганлар.

Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг дафнларидан сўнг шариат ҳукмига биноан, малъун қотил Абдураҳмон ибн Мулжамдан қасос олинган. Қасос олишни Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг тўнғич ўғиллари Имом Ҳасан Мужтабо розияллоҳу анҳу адо этганлар.

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг оилалари жаноза маросимларини ва дафнларини хавориж тоифалардан махфий тутиш учун яширин ҳолатда ўтказганлар. Манбаларда Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг жанозалари ва дафнлари ҳақида аниқ маълумотлар кам келтирилган. Аксар тарихнависларнинг келтирган маълумотларига кўра ул зотнинг асосий қабри Ироқ давлатининг Нажаф шаҳрида жойлашган, дунёдаги бошқа мақбаралар эса рамзий дейилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг мақбаралари, Нажаф шаҳри (Ироқ)
Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг мақбаралари, Нажаф шаҳри (Ироқ)
Ҳазрати Имом Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳунинг Нажаф шаҳридаги қабрлари (Ироқ)

Аллоҳим, Бизга ҳақни ҳақ сифатида, ҳақ ўлароқ ва бўлгани каби, борича, ботилни ботил ўлароқ ва бўлганидек, борича кўрмоқ бахтиёрлигини насиб этгин!

Аллоҳим, бизларга буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлишлигимизни насиб айлагин!

Аллоҳумма солли ъала Саййидина Муҳаммадин ва ъала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаийн!

 

Фойдаланилган манбалар:

1)“Тафсири Ҳилол”, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.

2) Бухорий, “Саҳиҳ ал-Бухорий”

3) Термизий, “Сунани Термизий”

4) Аҳмад Лутфий Қозончи “Ҳазрат Усмон ва Ҳазрат Али розияллоҳу анҳумо”

5) Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф “Ҳадис ва ҳаёт” 22-жуз

6) Абдулқодир ибн Муҳаммад Амин “Мажма ал-Ансоб вал ашжар”

7) Муфтий Мулло Авлиёхожа ибн Муфтий Мулло Мусохожа Мусавий Раззавий Самарқандий “Мулаҳҳас ал-Ансоб”

8) Шайх Абу Наср Саҳл Бухорий “ Сир Силсилат ал-Алавия”

9) Шайх Ҳусайн ибн Абдуллоҳ Ҳусайний Самарқандий “Ансоб ал-Толибин”

10) Қўлёзма шажараларнинг гўзал сўзбошиларида келтирилган маълумотлар.

 

 Саййид Илҳомхон Баҳодир Раззавий Ҳусайний,

 «Туркистон Саййидлари ва Эшонлари»

хорижий халқаро жамиятининг ҳамда

дунёдаги бир неча ҳалқаро нақобат ташкилотларининг

Ўрта Осиё бўйича минтақавий вакили,

ислом цивилизацияси тарихи ва ансоб (насаб) илми

халқаро Рhd доктори, нақиб ал-ашраф

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.