Shajara

Регистон, 1911 йил
Ўрта Осиёдаги МИРАКОНИЙ САЙЙИДЛАР сулоласининг машҳур вакиллари

Мавлоно Қози Калон Мударрис Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Садр Самарқандий ибн Қози Муфтий Мулло Саййид Мир Ширинхожа (1840-1934) (Ширинхўжаев) – мираконий саййидларнинг машҳур вакилларидан бўлиб, XIX аср охири ва ХХ аср биринчи чорагида нафақат Самарқанд балки Ўрта Осиё илмий муҳитида катта таъсир кўрсатган етук олимдир. Ул зотнинг насаб шажараси Саййид Муҳаммад Исмоил ибн Саййид Амир Аҳмад ибн Саййид Муҳаммад Аъробий ибн Саййид Абу Муҳаммад Қосим ибн Саййид Абул Қосим Ҳамза ибн Имом Мусо Козим р.а.га бориб туташади.

Qozi Kalon

Саййид Муҳаммад Исохонхожа 1840 йилда Самарқанд шаҳрининг қадимий Қози Калон маҳалласида Қози Муфтий Мулло Саййид Мир Ширинхожа хонадонида туғилган. Шу маҳаллада ул зотнинг ота-боболари  Аштархонийлар сулоласи ҳукмдори Нодир Муҳаммадхон ибн Динмуҳаммадхон (1594-1651) давридан буён яшаб келишган. Ўшандан бери бу саййидлар сулоласи вакиллари шаҳар ва вилоятларда Қози Калон, Қози, Садр ва муфтий амалларига сарафроз этилиб хизмат қилиб келишган. Отадан ёш қолган Саййид Муҳаммад Исохонхожа аввалига катта акаси Муфтий Мулло Саййид Мусохонхожа қарамоғида фиқҳ илмини ўрганади. Муфтий Мулло Саййид Мусохонхожанинг Муҳаммад Исохонхожадан ташқари яна Муфтий Мулло Саййид Ҳодихожа ва Қози Саййид Абдулҳайхожа деган укалари ҳам бўлган. Ушбу оға-иниларнинг энг кичиги Саййид Муҳаммад Исохонхожа бўлиб, узоқ йиллар илм билан шуғулланиб, аввал тумани Қозиси, сўнг шаҳар ва Самарқанд вилоят Қози Калонлигига тайинланади. Бу лавозимгача ул зот Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини ҳам бажарган. Асосан фиқҳ, калом, усул илмларида замонасининг пешвосига айланади. Ул зотнинг бу соҳалардаги билимини арабу ажам олимлари ҳам эътироф этишган. Қози Калонлик амали бўлгани ҳолда Шердор мадрасасида фиқҳий илмлардан дарс бергани туфайли, халқ орасида “Қози-мударрис” шарафли лақабига эга бўлган. Ул зотнинг обрўси нафақат илм аҳли, маҳаллий халқ орасида, ҳатто ўша вақтдаги колониал тузум генерал-губернаторликда ҳам шул даражада баланд эдики, кўпгина сиёсий, ижтимоий ишлар ул зотнинг ҳомийлигида амалга ошириб келинган. 1896 йилда Россия империясининг тахт вориси Николай-II тахтга чиқиши муносабати билан Бухоро амирлигидан таклиф этилганлар яъни Бухоро Амири Абдулаҳадхон, тахт вориси Амир Олимхон, бош вазир Остонақул Девонбеги, амир ёрдамчиси Мир Солихбой каби аёнлар қаторида Қози Калон Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа ҳам таклиф этилиб, рус императори томонидан орден ва медаллар билан тақдирланиши ул зотнинг нуфузи катта эканидан дарак беради.

Samarqand Qozi Kaloni
Чапдан биринчи: Самарқанд вилояти Қози Калони Мавлоно Мир Муҳаммад Исохонхожа Садр Мусавий Раззавий Самарқандий. чапдан иккинчи: Остонақулбий Девонбеги. учинчи: Бухоро амири Амир Саид Абдулахадхон. тўртинчи: Амирнинг ўғли тахт вориси Саид Мир Олимхон. бешинчи: Полковник Кузнецов. олтинчи: Империя давлат маслаҳатчиси Шохалибеков. орқада чапдан биринчи: Полковник Галкин. иккинчи: Бухоро амирининг ёрдамчиси Мир Солибой. (Россия давлат тарихи архивидаги фотосурат, Москва-1896 й.)

1910-1917 йиллари Самарқанд вилояти ҳокимлигини бошқарган ҳамда янги (совет) судлари ташкил этилгунга қадар вилоят қозиларининг раиси – садри (садри-судур) ҳам бўлган. Қози Калон Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Садр Мусавий Раззавий Самарқандийнинг мулки, ерлари кўп бўлиб, 1917 йилги Октябр тўнтарилишидан сўнг барча зиёлилар қатори ул зот ҳам таъқибга учрайди ва барча мулкидан маҳрум этилади. Шу йили Қози-мударрис Саййид Исохонхожа (Ширинхўжаев) “Муровиж ул-Ислом шуро” (“Шўрои Ислом” ислом кенгаши) Туркистон тараққийпарвар зиёлиларининг (жадидчилар) ижтимоий-сиёсий ташкилоти Самарқанд бўлимини ташкил этиб, ташкилотга раислик ҳам қилган. Самарқанд вилояти жадидчилик бўлимининг асосчиси саналади, ул зотнинг раҳнамолигида Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919) жадидчилик фаолиятини олиб борган. Жумладан, 1917 йил 13 июнида Самарқандда “Шўрои Ислом” идораси раиси бўлиб турган Садр Саййид Муҳаммад Исохонхожа Ширинхожа ўғли Самарқанд мусулмон ижроия қўмитаси раиси муовини лавозимида ишлаётган Маҳмудхўжа Беҳбудий билан биргаликда мусулмон ижроия қўмитасининг мажлисини чақиртиради, мазкур мажлисда халққа ноннинг қиммат сотилаётганини айтиб, мажлисда ноннинг нархини оширмаслик тўғрисида махсус қарор қабул қиладилар:

Қарорнома “Нажот” рўзномаси

Аллома олим Саййид Муҳаммад Исохонхожа Мусавий Самарқандий умрининг охирги йилларини қийинчиликлар билан ўтказиб, 1934 йилда (бошқа манбада 1932 й.) вафот этади ва Шоҳизинда мажмуасидаги юқори йўлакнинг ўнг тарафидаги мозорот қисмида, яъни Шоҳизинда қабрларининг жануб томонида дафн этилади. Ул зотга авлодлари томонидан ўрнатилган қабртош қози-мударриснинг акалари Муфтий Саййид Мусохонхожа, Муфтий Мулло Саййид Ҳодихожа ва Қози Саййид Абдулҳайхожаларнинг қабрлари ёнида жойлашгандир.

Shohizinda Qozi Kalon Samarqand

Шоҳизинда қабристони, Мираконий саййидларнинг қабрлари, Самарқанд. 

Мираконий саййидлар сулоласининг “ал-Мусавий ар-Раззавий” шоҳасининг машҳур намояндаси, Самарқанд вилояти Қози Калони Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Самарқандий таҳрири остида ва ул зотнинг саъйи ҳаракати билан илми калом ва тавҳидга оид хижрий 1326 сана, 1907 милодий йилда чоп этилган “ат-Тамҳид баён ут-Тавҳид” асари билан ҳамда ул зотнинг жияни Муфтий Мулло Саййид Авлиёхожа Самарқандий ибн Муфтий Саййид Мусохонхожа билан биргаликда ёзилган саййидлар сулоласи насабномасига бағишланган “Мулаххас ул-ансоб” китоби ҳозирда ушбу зотларнинг авлоди бўлган Саййид Икромхон ибн Саййид Ибодхон эшонбобо оиласида бобокалонларидан мерос бўлиб сақлаб келиняпти.

Тамхид баёнул Тавхид, Мулаххас ул-Ансоб

«Ат-Тамҳид баён ут-Тавҳид» ва «Мулаххас ул-Ансоб» асарлари (1326 хижрий)

Китоблардан кўриниб турибдики, Қози-мударрис Саййид Муҳаммад Исохонхожа калом илми билан бир қаторда ансоб илми билан ҳам шуғулланган кенг қиррали аллома бўлганлар. “ат-Тамҳид баён ут-Тавҳид” асари араб тилида ёзилган бўлиб, асар муаллифи аллома Абдушукур Муҳаммад ибн Абдусаид Шуайб ал-Кеший ал-Ҳаданий бўлиб, ушбу асар калом ва тавҳид илмига бағишланган ҳамда Қози-мударрис Саййид Муҳаммад Исохонхожанинг шарҳлари остида ва саъй-ҳаракатлари билан нашр этилган. “Справочная книжка по Самаркандской области, выпуск-VI, 1898 г.” китобида Қози Калон Саййид Муҳаммад Исохонхожа ҳақларида ушбулар ёзилган: “(Туркистон) ўлка бошлиғи Духовский Самарқанддаги Шердор мадрасасига ташриф буюриб, бош мударрис Исохожани фахрий зарчапон билан мукофотлади. Ўлка бошлиғи томонидан мусулмон олий мактаби таниқли ўқитувчиларидан бирига бўлган бу эътибори барча маҳаллий аҳолига катта таъсир кўрсатди”. “Мулаххас ул-ансоб” китобида Мираконий саййидлар сулоласининг насабномаси келтирилган бўлиб, ушбу сулола асосчиси ҳисобланган Саййид Мир Муҳаммад Тоҳир Садр Машҳадийнинг номлари зикр этилган. Бу улуғ зот Саййид  Муҳаммад Исохонхожанинг етук аждоди бўлиб, Аштархонийлар сулоласи ҳукмдори Нодир Муҳаммадхон ибн Динмуҳаммадхон таклифи билан Машҳаддан Самарқандга кўчиб келганлар. Саййид Мир Тоҳир Садр Машҳадий Самарқандга кўчиб келгач, ул зотни Саййид Мир Абу Тоҳирхожа Садр Самарқандий деб атай бошлашган.

Тарихи Муқимхоний

Аштархонийлар тарихига бағишланган “Тарихи Муқимхоний” (муаллифи Муҳаммад Юсуф Мунший) асарида ҳамда Тожикистонлик машҳур йирик адабиётшунос ва манбашунос олим, профессор, ушбу мираконий саййидлар вакилларидан бўлган Расул Ҳодизода (1928-2010) ибн Саййид Ҳайдархон ибн Муфтий Мулло Саййид Ҳодихожанинг “Худоё, худро бишносам” номли китобида Қози Калон Мударрис Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Самарқандийнинг аждодлари ҳақида қуйидагилар битилган: “Аштархоний хонларидан бўлган Нодир Муҳаммадхон (1594-1651) нинг волидаи муҳтарамаси Саййида Шаҳрибону асли Машҳад (Эрон) шаҳридан Мусавий (Имом Мусо Козим р.а.) саййидлар авлодидан бўлиб, Аштархоний ҳукмдор Динмуҳаммадхон (1564-1599) ибн Жони Муҳаммадхоннинг никоҳида бўлган. Кейичалик Нодир Муҳаммадхон ва унинг авлодлари ўзларини она томондан саййидзода эканликларини билдириб туриш учун ўз исмлари олдиган “саййид” атамасини қўшиб олишган…”.

                                   «Тарихи Муқимхоний» асари, Муҳаммад Юсуф Мунший (XVI-XVII-аср).

Маҳдуми Аъзамий саййидлар нақиби, тарихчи ва манбашунос олим Комилхон Каттаевнинг “Маҳдуми Аъзам ва Даҳбед” китобида қуйидаги сатрлар келтирилган: “…Аштархонийлар даврида Эроннинг Машҳад шаҳридан Бухорога имомзода Мир Абу Толибхожа ўз акаси Мир Абу Тоҳирхожа билан олдинма-кетин келиб, аштархоний Динмуҳаммадхонга ўз опаси Шаҳрибону бегимни никоҳлаб берган. Бу никоҳдан аштархоний Нодир Муҳаммадхон туғилган. Бу ака-укалар Мираконий уруғларининг асосчиларидир”.

Нодир Муҳаммадхон Аштархоний Бухоро тахтига ўтиргандан сўнг, Машҳадлик (Эрон) тоғаси (яъни ўз волидаси Саййида Шаҳрибонунинг укаси) Саййид Мир Абу Тоҳирхожа Машҳадий Мусавийни олдига чақириб олади. Нодир Муҳаммадхон ўз тоғасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб “Садр” лавозимига тайинлайди. Аммо маҳаллий амалдорлар орасида фитна чиқиб қаршиликлар бўлганлиги туфайли Нодир Муҳаммадхон Эрондан келган тоғасини бу сиёсий зиддиятлардан сақлаш ниятида тоғаси Садр Саййид Мир Абу Тоҳирхожани Самарқандга Ялангтўш Баҳодир ҳимоясига юборади. Мир Абу Тоҳирхожа Самарқанд шаҳрида яшаб қолиб, Садр ва Қози лавозимларида фаолият олиб боради. Саййид Мир Абу Тоҳирхожа Садр Самарқандийнинг ўғли Хожа Миракшоҳ Бузург Садр ҳам ўз отаси каби Садр лавзомига тайинланган ҳамда Самарқанддаги мадрасаларда мударрислик ҳам қилган. Кейинчалик Аштархоний ҳукмдор Абдулазизхон (1614-1683) ибн Нодир Муҳаммадхон фармони билан Саййид Хожа Миракшоҳ Бузург Садр Самарқанднинг Қози Калони этиб тайинланади. Унинг уч ўғлидан бирининг исми Саййид Мир Султон Иброҳим Ҳалил (Амир Иброҳим) бўлиб, Ҳалил таҳаллуси билан шеър ва ғазаллар ёзган ўз даврининг таниқли шоири, қозиси, садри ва масъул мансабдорларидан бўлган. Хожа Миракшоҳ Бузург Садр Мусавийнинг авлодларидан кўплаб қозилар ва қози калонлар етишиб чиққан. Ушбу Мираконий саййидларнинг номи билан боғлиқ бўлган Самарқанддаги Регистон майдони орқа томонидаги катта маҳалла “Қози Калон” номи билан аталиб келиняпти.

Хожа Миракшоҳ Бузург Садр ҳақларида У.Каримов, Р.Ҳодизода, С.Саъдиевларнинг “История таджикской литературы XVI-начало ХХ вв” (“Маориф”, Душанбе-1988, стр.190)  номли китобида “…XVII асрда форс-тожик тилида ижод қилган “Музаккари ал-асҳоб” асари муаллифи, ўзбек шоири ва адабиётшунос олими Малеҳо Муҳаммад Бадеъ ибн Муҳаммад Шариф Самарқандий (1641 й.т.) ҳижрий 1100 йил, милодий 1688 йилда фатво ҳайятида хизмат қиларди. Шу вақтда (яъни 1688 йилда) Самарқанд Қози Калони Хожа Миракшоҳ эди. Ул зот унинг (Малеҳонинг) отаси (яъни Самарқанд муфтийси Муҳаммад Шарифни) дўсти бўлиб, ул зот шаҳар қозихонасининг фатво бўлимига мазкур масъул вазифага уни (Малеҳони) тайинлаган эди. Шу билан бир қаторда, мазкур Қози Калоннинг (яъни Хожа Миракшоҳнинг) фарзанди Амир Иброҳим ҳам масъул мансабдор эди. Амир Иброҳим Малеҳо билан дўстона муносабатда бўлган. У хоннинг муҳри билан тасдиқланган хужжатга асосан (1689 йили) Малеҳони Шайбонийхон мадрасасига мударрис этиб тайинлайди. Малеҳо шаҳар қозихонасида масъул вазифада хизмат қилиш билан бирга Самарқанддаги машҳур мадрасада мударрислик ҳам қилган…” (Мирзоев А. “Муҳимтарин сарчашмаи таърихи адабиёти асри XVII”. Шарқи сурх, 1940, №5. “ Тазкираи Малеҳо ва баъзе масъалахои таърих”, Шарқи сурх, 1946, №1. “Малеҳо ҳамчун шеърфаҳм ва сухансанчи асри XVII”. Шарқи сурх, 1948, №2) деган маълумотлар мавжуд.

Тарихчи, манбашунос ва фахрий шажарашунос олим, Маҳдуми Аъзамий саййидлар нақиби Комилхон Каттаевнинг “Самарқанд мадрасалари ва илму фан ривожи” (Самарқанд, 2003 й. 10-б.) китобида қуйидаги маълумотлар мавжуд: “Самарқанд ҳукмдори Ялангтўш Баҳодир давридан 1917 йилги Октябр тунтарилишига қадар Шердор мадрасаси ва Тиллакори мадрасасидан тушадиган вақф мулки даромадининг бир қисми Ялангтўш Баҳодирнинг пири Хожа Ҳошим Даҳбедий (Маҳдуми Аъзамнинг набираси) авлодларига ҳамда бир хужрани эса Самарқанд мадрасаларининг ҳам Садорати раҳбари Мир Абу Тоҳирхожа Садрнинг (1643-45 йилларда Бухорода ҳукм сурган Аштархоний сулоласи подшоҳи Нодир Муҳаммадхоннинг Мираконий саййидлар уруғидан бўлган тоғаси) авлодларига бериб турилган. Мир Абу Тоҳирхожа Садр вафот этгач, Чокардизада дафн этилади. Ялангтўш Баҳодир томонидан Шердор ва Тиллакори мадрасаларининг бир неча жойларида юқоридаги пирларига аталган қасидалар ёзилган…”.

Россиянинг “Библиотека древных рукописей” электрон библиотекасининг Ўзбекистон билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар бўлмида “Документы к истории аграрных отношений в Бухарском ханстве. Выпуск-1. Акты феодальной собственности на землю XVII-XIX в.в. документ №5. 1630 г. марта 6-апреля 3. Акт обеления имения (васикаи мулки холис сохтан) сейида Мир Муҳаммад Тохира сына Мир Абулхасана аль-Мусави аль-Хусайни” восиқа ҳужжати келтирилган бўлиб, Саййид Мир Абу Тоҳирхожа Садр Самарқандий ибн Саййид Мир Абул Ҳасан Мусавийга тегишли бўлган Аштархонийлар давлатидаги ер-мулкларнинг учдан икки қисмини хон Имомқулихон (1582-1644)га восиқа қилинганлигини ҳамда ушбу ер-мулкнинг Саййид Мир Абу Тоҳирхожа Садрга тегишли бир қисми эса хонликдаги барча солиқлардан озод этилганлиги баён қилинган.  Яна Россиянинг “Библиотека древных рукописей” электрон библиотекасининг Ўзбекистон билан боғлиқ тарихий ҳужжатлар бўлмида “Документы к истории аграрных отношений в Бухарском ханстве. Выпуск-1. Акты феодальной собственности на землю XVII-XIX в.в. документ №17 рақамли восиқаи муқосса (олди-сотди) ҳужжатларида эса 1700 йил 10-апрель ва 9-май кунларида  Мираконий саййидлар аждоди Садр Саййид Мир Иброҳим ибн Қози Саййид Хожа Миракшоҳ ўзига тегишли Самарқанднинг Шовдор туманидаги ер мулкни Аллоҳберди бий парвоначи ибн Ёдгорбийга 30000 минг кумуш тангага сотганлиги келтирилган ҳамда Амирнинг ишончли вакили деб келтирилган Мулло Сафо ибн Мулло Вафо эса  Ёрируд туманидаги Ҳасанхўжа Бухорий номли қишлоқдаги катта ер-жой мулкни 30000 минг кумуш тангага Садр Саййид Мир Иброҳимга сотганлиги баён этилган.

Тарихчи олим Б.Т.Тожибоев ўзининг рус тилидаги “Деятельность национально-политических организации в Самарканда 1917-1918” (Научные итоги-2015, РФ РАН) номли илмий мақоласида, манбашунос олим А.М.Маликов “Самаркандские реформаторы начало ХХ века: Исаходжа Ширинходжаев” (ХХХ международный конгресс по источниковедению и историографии стран Азии и Африки, 2019)  номли илмий мақоласида ҳам Қози-мударрис Муҳаммад Исохонхожа (Ширинхўжаев) тўғрисида маълумотлар келтирган. 1926 йилдаги “Маориф ва ўқутғувчи” рўзномасининг 11-12 сонларида чоп этилган таниқли ёзувчи Хожа Муин Шукруллоев (1883-1942) нинг “Қози калони Шал ва унинг болалари” номли мақоласида саксон ёшда ошиб қолган Қози-мударрис Исохонхожа билан суҳбатлашгани баён этилиб, ул зотнинг аждодлари номлари ҳам ушбу мақолада зикр этилган. Жумладан, муаллиф Хожи Муин ушбу мақоласида Қози Исохоннинг катта боболари Саййид Мир Муаззамхожа ўз даврида Самарқанднинг Қози Калони бўлганлигини, Амир Шоҳмурод (1741-1800)  тахтга ўтиргандан кейин Қози Калон Саййид Мир Муаззамхожани барча ақробо ва оилалари билан Бухорога, Хўжа Соктаре номли мавзега кўчириб юборганлигини, Қози Калон Саййид Мир Муаззамхожанинг фақат Саййид Мир Абунасрхожа деган ўғли Самарқандда қолганлигини ва кейинчалик Амир Ҳайдар тахтга ўтиргандан кейин Саййид Мир Муаззамхожанинг оилалари яна Самарқанд шаҳрига қайтиб келганликлари ҳамда Самарқанд қозикалони бўлган Қози Шалнинг авлодлари Мираконий саййидларга куёв ҳам бўлганликлари каби тарихий маълумотларни баён этган. Самарқанддаги мираконий саййидлар ҳақида яна кўплаб манбаларда маълумотлар мавжуд.

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” хорижий халқаро жамияти мутахассислари Мираконий саййидлар сулоласининг етук намояндаси бўлган Мавлоно Қози Калон Мударрис Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Мусавий Раззавий Самарқандийнинг авлодларидан бўлган Саййид Икромхон Ибодхон ўғли оиласида сақланиб келинаётган “Мулаххас ул-ансоб” асарида баён этилган мазкур сулола шажарасини тадқиқ этишга муяссар бўлдилар. Ушбу асар саййидлар шажарасига бағишланган бўлиб, асар хижрий 1326 йилда яъни 1907 милодий йилда Муфтий Мулло Авлиёхожа ибн Муфтий Мулло Мусохонхожа Мусавий Раззавий Самарқандий томонидан ёзилган ва Мавлоно Қози Калон Мударрис Саййид Мир Муҳаммад Исохонхожа Мусавий Раззавий Самарқандий раҳнамолигида ўша даврдаги Самарқанддаги биринчи нашриёт ҳисобланган “Демурф” номли нашриёт босмахонасида тошбосма усулида чоп этилган. Мазкур тошбосма китоб Ўрта Осиё ҳудудида ансоб (насаб) илмига оид ноёб асар бўлиб, унда Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бошлаб барча машҳур имомларнинг шажаралари ва фарзандлари ҳамда уларнинг машҳур авлодларини исмлари зикр этилган, шунингдек китобда мираконий саййидлар сулоласининг асосчиси Саййид Мир Муҳаммад Тоҳирхожа Садр Машҳадий Самарқандийнинг шажараси ҳам келтирилган. “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” хорижий халқаро жамияти мутахассислари дунёдаги халқаро нақобат ташкилотлари нақиблари билан ҳамкорликда мазкур сулоланинг насабномасини тадқиқ ва таҳлил этиб, мираконий саййидлар шажарасини то ҳозирги авлодларигача тўлиқ тиклаб қайта тасдиқлашга муяссар бўлдилар.

 

Мир Асқар ҳожи Обидов,

 Phd доктори, нақиб ал-ашраф, дунёдаги

бир неча нақобат ташкилотларининг

 фахрий шажарашуноси 

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.