Shajara

Саййид Ота номи билан машҳур бўлган саййидзодалар

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” шажараларни тадқиқ этиш ва тасдиқлаш хорижий халқаро жамиятининг фахрий шажарашуноси, тарихчи-манбашунос ва шажарашунос олим, нақиб ал-ашраф Саййид Комилхон Каттаев “Саййид Ота ва Яссавия тариқати муршидлари” номли бир неча илмий мақолалари ва китобларида ушбу ном билан машҳур бўлган зотларнинг тарихига кенг тўхталиб, манбашуносликда Саййид Ота тарихи ва шажарасидаги айрим чалкашликлар ҳақида ҳам ўз фикр мулоҳазаларини билдирганлар. Ушбу мақоламизда Саййид Ота номи билан машҳур бўлган саййидзодалар тўғрисида халқаро жамиятимиз томонидан олиб борилган узоқ йиллик тадқиқотларимиз натижасида қўлёзма шажараларда аниқланган маълумотлар ҳақида қисқача сўз юритамиз.

Дунёдаги аксарият туркшунос олимлар “ўзбек” миллати ва давлати номининг келиб чиқишини Олтин Ўрда хони Ўзбекхон ва унинг пири Саййид Отага боғлаб келишади. Чунки, “ўзбек” топоними Саййид Ота ва Ўзбекхон даврларигача умуман тарихда тилга олинмаган ва учрамаган эди. 1290-1312 йилларда Олтин Ўрдада ҳукм сурган Тўқтағухон ўлгандан сўнг ўн уч ёшли ўғли Ўзбекхон (1312-1342) хон бўлади. Ўша даврларда ғазовот саъйи билан юртларда юрган Занги Отанинг шогирди бўлган Саййид Ота бу хонга исломнинг устувор ва ҳақиқий динлигини исботлаб бергач, Ўзбекхон ислом динини қабул қилиб,  мусулмонлик билан шарафланади ҳамда Саййид Отага иродат қўлини бериб мурид тушади. Ҳазрати Саййид Ота унга Муҳаммад Ўзбекхон номини бериб, барча халқини Мовароуннаҳрга олиб ўтиш таклифини беради. Бу, Муҳаммад Ўзбекхонга маъқул тушади ва аксарият халқини ҳозирги Ўзбекистон заминига кўчиртиради. Халқининг қолган қисми “Қолмоқ” (яъни, кўчмай қолиб кетган маъносида) номини олади ва бу халқ ҳозирги Россия давлатининг Калмикия ҳудудида жойлашгандир. Ушбу нақл ҳозирга қадар устувор тарзда ёзилиб келинмоқда. Ушбу воқеа ҳақидаги маълумотлар Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажарайи Турк”, Мирзо Улуғбекнинг “Тарихи арбаъи улус” (Тўрт улус тарихи), Носириддин Бухорийнинг “Туҳфатуз-зоирин”, Фахруддин Али Сафийнинг “Рашаҳоти айнул-ҳаёт”, Шаҳобиддин Маржонийнинг “Мустафодур-ахбор фи аҳволи Қазон ва Булғор” каби ва бошқа асарларда ҳам кенг ёритилган.

Мазкур асарларда Саййид Ота ҳақидаги зикрлар алоҳида бобларда берилган. Шуни айтиш жоизким, Яссавия жаҳрия силсиласи сулуки арбоблари Занги Отанинг учинчи халифаси Садр Ота орқали тарқалган бўлсада, Яссавия тариқатининг ўнлаб, балким юзлаб машҳур арбоблари орасида Саййид Ота қўл билан саноқли буюк арбоблардан бири сифатида танилганлар ва Яссавия-Султония силсиласи сулукининг давомчиси бўлганлар. Тарихий манбалар ва қўлёзмаларда Саййид Ота исмли бир неча зотлар ҳақида маълумотлар келтирилган бўлиб, айрим тарихчилар мазкур Саййид Оталар бир шахс бўлган ва бу маълумотлар айнан бир шахс ҳақида деб айтиб келишади, лекин асарлардаги воқеъликларни ва даврларини ҳисобга оладиган бўлсак, сўз Саййид Ота номли турли шахслар тўғрисида эканлигини гувоҳи бўламиз ва буни Ўрта Осиёдаги саййидотойиларнинг қўлёзма шажаралари ҳам тасдиқлайди.

Саййид Ота номли мақбаралар Сайрамда, Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Қорақамиш мавзеъсидаги “Саййид Ота” зиёратгоҳида, Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги “Саййид Ота” зиёратгоҳида, Бухоро вилояти Шофиркон тумани Жўйрабод қишлоғида, Қашқадарё вилоятидаги “Саййид Ота” зиёратгоҳида, Хоразмда, Қўнғиротдаги “Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний)” зиёратгоҳида ва бошқа вилоятларда ҳам мавжуд. Кези келганда шуни айтиш жоизким, тарихда Пайғамбаримиз алайҳиссалом авлодларидан саналган Саййид Ота номли шахслар бир неча бўлишиб, қўлёзма шажараларда уларнинг номлари ва насабномалари зикр этилган, баъзан юртимиз тарихчилари буларни ҳам адаштириб юборишаётганини гувоҳи бўляпмиз. Булар ҳозирги даврда кўп адаштирилаётган ўз даврининг улуғ зотлари:

1) Саййид Ота (Aто) (XIV-аср) — унинг тўлиқ исми Саййид Aҳмад ибн Aмир Aбу Бакр Ризои Яҳё (бошқа манбада: ибн Aбдулҳамид) ибн Саййид Aмир Ҳасан Aҳмади Кабир, аксар насабномаларда ота томондан Саййид Иброҳим Ризо ибн Имом Мусо Козим р.а.нинг авлоди, она томондан эса Шайх Нажмиддин Кубро (ваф.1221) ҳазратларининг авлодларидан деб келтирилган. Яссавий тариқатининг шайхи Занги Отанинг шогирди бўлиб, ундан таҳсил олиб иршод олган. “Шажаратул-атрок” (туркларнинг насабномаси) китобида ҳам Олтин Ўрда хони бўлган Ўзбекхон  Занги Отанинг халифаси бўлган Саййид Отадан ислом динини қабул қилганлиги келтирилган. Шунингдек, ушбу манбада Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг пири Саййид Ота Ҳаким Ота (Сулаймон Боқирғоний) мозорининг чироқчиси бўлганлиги ва ўша ерда дафн этилганлиги айтилган. Яна бир бошқа маълумотга кўра Саййид Отанинг қабри Тошкентда  жойлашган.

2) Саййид Aто (Ота) (вафоти тахминан – 1218 й.) — асл исми Саййид Aҳмад (лақаблари — Булоқий (Илоқий), Ҳилватий, Хоразмий ) ибн Нақиб Муҳаммад ал-Ҳусайн  бўлиб, бу зоти шариф Султон Содот (Саодат) Aмир Саййид Aли Aкбар Термизий ибн Саййид имом ал-Аскарий ибн имом Али Нақий ибн имом Муҳаммад Тақий ибн имом Али Мусо Ризо р.а.нинг авлоди эканлиги қўлёзма шажараларда келтирилган.  Бу зот Хожа Aҳмад Яссавий ҳазратларининг яқин халифаси бўлганлиги ривоят қилинади ҳамда Яссавия тариқати сулукини Хоразм, Сирдарё, Волга бўйи ҳавзаларида ва Шарқий Туркистонда тарқатганликлари ва қабрлари Хоразмда эканлиги қўлёзмаларда баён этилган.

3) Саййид Aто (Ота) (ХV аср) – асли исми Шайх Саййид Aҳмад бўлиб, бу зотни насаблари ҳам Имом Ҳусайн р.а.га бориб туташади. Яссавий тариқатининг намоёндаси шоир Шайх Шамсиддин Ўзгандий (ХV-ХVI асрлар)нинг устози бўлган.

4) Саййид Ота (Ато) (ХIV-XV аср) Соний (иккинчи Саййид Ота) – асл исми Саййид Aҳмад Мир Усмоний ибн Саййид Aбдулазиз Ферузшох Умар Катталқул бўлиб, насаби Имом Мусо Козим р.а.га бориб туташади. Бу зот ҳам ўз даврининг машҳур авлиёларидан бўлганлар, қабрлари Бухоро вилояти, Шофиркон тумани, Каттақишлоқ номли қишлоқда жойлашган.

5) Саййид Ота (Aто) (ХV-XVI аср) — тўлиқ исми Мир Саййид Фатҳуллоҳ Аҳмад ибн Саййид Aбдуллоҳ Зухриддин Муҳаммад ибн Саййид Aбулфайз Дарвеш бўлиб, насаби машҳур авлиё Шайх Бурҳониддин Қилич Ўзгандий ҳазратлари орқали Имом Али Мусо Ризо р.а.га бориб туташади. Бу зот ҳам ўз даврида шайхул-қутб даражасига етган машҳур авлиёлардан бўлган. Мақбараси Қарши вилоятининг Падарон (Патрон) қишлоғида “Етти Туғ Ота” номли ёдгорлик мажмуасида жойлашган.

6) Саййид Ота (ХIV-ХV аср) – асли исми Саййид Aҳмад бўлиб, манбаларда бу зотнинг насабномаси Саййид Муҳаммад Маҳмуд Яссавий номли зотга бориб туташади. Ал-Натанзийнинг “Искандар” номли асарида, бу зот Олтин Ўрда хони Aзизхон (вафоти 1369 йил) даврида яшаган, насаби Саййид Муҳаммад Маҳмуд Яссавийга бориб уланишини ҳамда Олтин Ўрда хони Азизхон Саййид Отага иродат қўлини бериб ва унга ўз қизини никоҳлаб берганлиги айтилган.

Саййид Ота

Тошкент вилояти, Янгийўл туманидаги «Саййид Ота» мақбараси.

Sayyid ota

Тошкент ш., Олмазор тумани, Қорақамиш мавзеъсидаги “Саййид Ота” мақбараси.

Юқорида келтирилган, Саййид Оталардан Ўрта Осиёда саййидзода авлодлар тарқалган бўлиб, улар ўзларини саййидотойи саййидлар деб атаб келишади. Биз уларнинг насаб шажараларини тадқиқ этганимизда, уларнинг аждоди саналган Саййид Ота исмли зотлар турли даврларда яшаганликлари ва аждодларининг исмлари турли бўлганликларини гувоҳи бўляпмиз. XIX асрнинг 20-йилларида профессор Фитрат ҳазратлари ҳам Шайх Саййид Аҳмад билан Саййид Отани адаштирмасликка чақирган эдилар. Биз шажарашунос тадқиқотчилар ҳам юртимиз тарихчиларидан юқорида келтирилган Саййид Ота номли шахсларни адаштирмасликларига чақирамиз. Шунингдек, нақобат фаолияти давомида тарихий асарларда келтирилган аксар насабномалар авлодлар қўлида сақланаётган шажаралар билан кўп ҳолларда тўғри келмаслигига яъни бир-бирига мос келмаслигига гувоҳи бўляпмиз. Жумладан, Саййид Ота исмли зотларнинг шажаралари борасида ҳам тарихчиларимиз китобларида чалкашликларга йўл қўйиляпти. Шу сабабли ушбу соҳада хатоликка йўл қўймаслик учун архивлардаги авлодномаларни ҳамда ушбу зотларнинг ҳозирги авлодлари қўлидаги қўлёзма шажараларни ҳам асос сифатида фойдаланишса мақсадга мувофиқ бўлади. Хозир кунда халқаро нақобатимизга мурожаат қилаётган кўплаб саййидзодаларнинг насабномалари дунёдаги йигирмадан ортиқ “Нақобат Содот ал-Ашраф” марказлари мутахассислари томонидан Ансоб (насаб) илмига оид манбалар билан солиштирилган ҳолда тадқиқ ва таҳлил этилмоқда ҳамда қайта тасдиқланиб келиняпти. Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, халқимиз қўлида ҳали ўрганилмаган тарихий аҳамиятга эга бўлган кўплаб қўлёзма шажаралар сақланмоқда, уларни тадқиқ этиш зарур, жумладан, саййидотойи саййидлар шажаралари ҳам, бу эса тарихчи олимлар томонидан Саййид Ота номи билан машҳур бўлган зотларнинг даврлари, ҳаётлари ва фаолиятлари, вафот этган ва дафн этилган манзиллари ҳақидаги маълумотлар қайта кўриб чиқилишини ҳамда янада чуқурроқ таҳлил этилиши лозимлигини англатади.

 

Мир Асқар ҳожи Обидов,

 Phd доктори, нақиб ал-ашраф, дунёдаги

бир неча нақобат ташкилотларининг

 фахрий шажарашуноси 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *