Shajara

Ajdodlar avlodlar

ШАЖАРА ВА СИЛАИ РАҲМ

“Шажара”  сўзи луғатда “дарахт” деган маъносини билдиради. Дарахтнинг одамлар сулоласи билан қандай алоқаси бор? Гап шундаки, ҳар қандай дарахт ҳам бир дона уруғ ё битта қаламчадан илдизи отиб, аста секин тана қўяди, шох ва новдалари тобора кўпайиб боради. Инсон зоти ҳам худди шундай: бир отадан туғилган фарзандлар ҳам дарахт шохлари ва новдалари сингари тармоқ ёзиб кўпайиб боради. Ана шу ҳолат, ўхшашлик ҳисобга олиниб, муайян сулола ёки авлодга тегишли ҳамда ўша авлод ёки сулола вакилларининг насл–насабини тасдиқловчи битик, ёзув, хужжат шажара деб номланган.

«Насаб» сўзи луғатда “яқинлик”, “нисбат бериш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса ота-онанинг яқинлигини ва бир шахсни ўзига қўшишни билдиради. Шажаранинг форс–араб тилида юритиладиган яна бир номи насабнома деб аталади. Бунда сўзнинг “насаб” деган қисми кишининг насл–насабига таалуқли бўлиб, сўзнинг форсча “нома” дейилган иккинчи қисми эса битик, ёзув, хат деган маъноларни англатади. Шажара ёки насабнома муайян бир уруғ, қабила ва умуман бир сулоланинг аждоду авлодлари кимлигини, қариндош-уруғлари кимлигини, насл–насабини тасдиқловчи хужжат, гувоҳнома ҳисобланади.

Насаб шажараларини ўрганиш, қавм-қариндошларни, уруғ-аймоғларни аниқлаш, ота томондан, она томондан насаб шажаралари қаерга ва кимларга бориб туташишини аниқлаш, қариндошлик насаб силсилалари қаергача бориб етади, сулолалар бир-бирига қандай уланади, уруғлар орасидаги қуда-андачилик, яқин қариндошлик ришталари бир-бирига қандай туташади — буларни пухта билиб олиш натижасида силаи раҳм қилиш жуда осон ҳолга келади. Шунингдек, фарзанд туғилиши билан унинг ҳақлари ҳам бирга туғилади. Ўша ҳақларнинг энг аввалгиларидан бири насаби пок бўлиши ҳаққидир. Никоҳнинг ва оила қуриб яшашнинг асл мақсадларидан бири ҳам пок насл-насабни сақлашдир. Насл-насабсиз оила ҳам, ота-оналик ҳам, болалик ҳам, қариндош-уруғлик ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтиб, ҳалол-пок яшагандагина насаб шажараси аниқ ва пок бўлади.

Ҳар бир уруғ, қабила, сулоланинг ўз насабнома – шажараси бўлган ва улар давом эттириб борилган. Бу билан ҳар бир сулола аждоду авлодларининг насл–насабини покиза сақлашга ҳаракат қилган. Бугина эмас. Шажаралар ҳар бир сулолада ўсиб келаётган ёш авлодга ўзлигини танитиш, уларни аждодларининг муқаддас анъаналарига мувофиқ юксак аҳлоқ–одоб руҳида  тарбиялашга, комил  инсон  қилиб  вояга  етказишда, энг муҳими қариндош уруғлар ўртасида силаи раҳм қилишда юксак тарбия воситаси бўлиб хизмат қилган ва қилмоқда. Айниқса туркий қавмларда ўз  аждодларини билишга катта эътибор берилган, хусусан, камида етти ота–бобосининг номини ёдда сақлаш ва сўралганда дарҳол номма–ном айтиб бериш шарт ҳисобланган. Келин, куёв танлашда ҳам ҳар икки томондан насл–насаб суриштирилган.

Умуман, насабнома-шажаралар кишининг насл–насабини, уруғи кимлигини,  кимларнинг авлоди эканлигини, аждодлари кимлигини тасдиқловчи муҳим меросий хужжат бўлган ҳамда вақт-вақти билан ўз даврининг хонлари, амирлари, қозикалонлари, қозилари, нақиблари, девонбегилари томонидан муҳр босилиб, тасдиқлатиб борилган. Насаб шажараси энг муҳим ва ўта нозик ижтимоий ҳукмлардан биридир. Зотан, инсон айнан насаб шажараси орқали ота-онасини, бобо-момосини, амаки-тоғасини, амма-холасини ва бошқа қавму қариндошларини танийди, улар билан алоқада бўлади.

Ислом шариатида насабга алоҳида эътибор берилиши унга боғлиқ ўта муҳим ҳақлар борлиги учундир, жумладан:

насабни яхши аниқлаш келажакда маҳрамлар орасида никоҳланиш каби катта гуноҳнинг олдини олади. Агар бу иш бўлмаса, одам билмасдан, ўзининг қариндоши билан оила қуриб қўйиши, бунинг оқибатида кўплаб зарар кўриши ва гуноҳга қолиши бор.

насабнинг собит бўлиши ота-она ҳақларининг ҳам собит бўлишига хизмат қилади. Агар насаб аниқланмаса, баъзи ҳолатларда инсон учун энг муҳим ишлардан бўлган ота-она ҳақларининг поймол бўлиши турган гап.

насабга эътибор бериш қариндош-уруғларга эътибор бериш ва уларга силаи раҳм қилишни йўлга қўйиш демакдир. 

насабга аҳамият бериш фарзандларнинг ҳаққини ҳимоя қилиш деганидир. Албатта, болаларнинг нафақаси, мерос олиши, уларга ҳомий бўлиш каби ҳақларининг барчаси насабга боғлиқдир. (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф,“Соғлом бола”).

Ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насабларингизни ёдлаб олинг, шунда қариндошларингизга силаи раҳм қиласизлар. Раҳм (қариндошлик) яқин бўлса, гарчи у узоқ бўлса ҳам узоқлик йўқ. Раҳм узоқ бўлса, гарчи у яқин бўлса ҳам яқинлик йўқ. Қиёмат куни ҳар бир раҳм ўз соҳибининг олдига келади. Агар у силаи раҳм қилган бўлса ҳам гувоҳлик беради, силаи раҳмни узган бўлса ҳам гувоҳлик беради», дедилар». (Имом Бухорий “ал-Адаб ал-Муфрад” (73), Абу Довуд (2757), Ҳоким (161), Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деган). Яъни бир одам иккинчи одамга узоқроқ қариндош бўлса ҳам, насаби маълум бўлса, шу нарса уларни яқинлаштиради. Ҳар бир раҳм қиёмат куни ўз эгасининг олдига келади. Агар банда силаи раҳм қилиб юрган бўлса, раҳм Аллоҳ таолонинг ҳузурида «Бу банданг силаи раҳм қилган», деб унинг фойдасига гувоҳлик беради. Агар банда қариндошлик алоқаларини узиб юрган бўлса, раҳм Аллоҳ таолонинг ҳузурида «Бу банданг қариндошлик алоқаларини узган, силаи раҳм қилмаган», деб унинг зарарига гувоҳлик беради. (А.Самъоний “ал-Ансоб” (1/7), “Саҳиҳ ал-Жомеъ ас-Сағир” (1050), “Силсилатул саҳиҳа” (277)).

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Насабларингизни ўрганинг, у билан силаи раҳм қиласиз. Зотан, силаи раҳм аҳлга  муҳаббат, молнинг зиёдаси ва ортдан асарини қолдиришдир», дедилар» (Имом Термизий “Саҳиҳ ат-Термизий”(1979-ҳ.), Аҳмад (2/374), Ҳоким (4-161), Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деган, “Саҳиҳ ал-Жомеъ ас-Сағир” (2965), “Саҳиҳ ат-Тарғиб ват Тархиб” (2520), “Тахриж Мишкатул масабиҳ” (4862), “Силсилатул саҳиҳа” (276), А.Самъоний “ал-Ансоб” (1/5)).  

Жубайр ибн Мутъим (р.а.)дан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг минбарда туриб шундай деяётганларини эшитдим: «Насабларингизни ўрганинг, сўнгра (унга қараб) қариндошларингизга силаи раҳм қилинг. Аллоҳга қасамки, киши билан биродари орасида гап ўтиб қолади. Агар улар насабларини билишганида, уни беҳурмат қилишдан сақланган бўлишарди» (Имом Бухорий “ал-Адаб ал-Муфрад” (53,72). Яъни бир киши бошқа бир кишига қариндош-уруғ эканини билмай туриб, бирор ёмонлик қилиб қўйиши мумкин. Лекин «қариндош» деган тушунча бўлса, қариндошим экан, бир уруғдан яъни бир сулоладан эканмиз деб, ёмонлик қилмайди. Шунинг учун ҳар бир киши ўз насл-насабини ўрганиши, насабини билмаса катта ёшдагилардан сўраб суриштириши,  қариндош-уруғларини аниқлаб, билиб олиш керак.

Ҳар бир киши ўз насабини, яъни аждодлари, қариндош-уруғларини яхши таниб олиши лозим. Бу нарса силаи раҳм қилишда албатта керак. Бир киши бошқа бир кишининг ўзининг қариндоши эканини билмай, шу туфайли унга силаи раҳм қилмай юрган бўлса, гуноҳкор бўлади. Шунинг учун қариндош-уруғларни яхши билиш, қариндошлик алоқаларини ўрнатиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади. Силаи раҳм қариндошлар ўртасида ўзаро меҳр-муҳаббатни уйғотади. Қариндош-уруғлар борди-келди қилсалар, бир-бирларини зиёрат қилсалар, ҳожатмандларига ёрдам қилсалар, ҳол-аҳволларидан хабар олиб турсалар, касал бўлганда бориб кўрсалар, оғирини енгил қилсалар, мушкулларини осон қилсалар, ўз-ўзидан орада меҳр-муҳаббат пайдо қилади ва кучайтиради. «Фалончи қариндошим менга яхшилик қилган эди, яхши одам эди», деб вафот этганларидан кейин ҳам эслаб юрадилар. Бу нарса ўғил-қизларга, набиралар ва абираларга ҳам яхши одат бўлиб қолади, орадан йиллар ўтиб кетса ҳам: «Бобом ёки бувим айтар эдилар, фалон қаришдошимиз келиб, қийинчилик пайтида бизга ёрдам қилиб турардилар, саҳий одам эдилар…» каби яхши сўзлар билан эслаб ҳақларига дуо қилиб юрадилар.

Қариндош-уруғларга яхшилик қилиш, нафақат мол-дунё сарфлаш каби амаллар балки улар билан яхши муносабатда бўлишлик ҳам кишининг ортидан яхши ном қолишига сабаб бўлар экан. Шунинг учун шариатда силаи раҳмга, қариндош-уруғчилик алоқаларини маҳкам боғлашга ва уларни ҳеч қачон узмай юришга қаттиқ тарғиб қилинган.

Юқорида келтирилган саҳиҳ ҳадислардан киши ўз насаб шажарасини ўрганиши кераклигини, насабни ўрганиш силаи раҳмга ёрдам беришлигини, силаи раҳм аҳл (оила, қавм-қариндошлар)га муҳаббат эканлигини, силаи раҳм молнинг зиёда бўлишига ёрдам беришлигига, силаи раҳм одамнинг ортидан асари қолишига яъни ўзидан яхши ном қолдиришлигига хизмат қилишлиги ҳақида қимматли фойдаларни олиш мумкин. Силаи раҳм ана шундай катта аҳамиятга молик амал экан.

Аъмаш, Ҳасан ибн Амр ва Фитр (р.а.)дан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қилганига яраша қайтарган силаи раҳм қилувчи эмас. Аммо силаи раҳм қилувчи қариндошлари алоқани кесганда боғловчидир», – дедилар» (Имом Бухорий ривояти). Яъни бошқалар ундан қариндошлик алоқасини узса ҳам у силаи раҳм қилаверади. «Сиздан угина, биздан бугина» деган ниятда бўлса, «У қилса, мен ҳам қиламан» деса, мукофот учун қилган бўлади. Бундай одам силаи раҳм қилган ҳисобланмайди. Бундай муомала бегоналарга ҳам қилинади. Қариндоши ёмонлик қилса ҳам, силаи раҳм қилаверган одам ҳақиқий силаи раҳм қилувчи бўлар экан.

Мусулмонлик бурчини англаб етган кимса бу савобли ишни аввалроқ қилишга уринади. Натижада қариндош-уруғчилик, дўсту биродарлик алоқалари мустаҳкамланади ва ҳеч қачон узилмайди. Исломда аслида ҳеч кимга ёмонлик қилишга тарғиб йўқ. Лекин банданинг одати шу – ўз қариндошига бошқачароқ, илиқроқ муносабатда бўлади. Шунинг учун ҳар бир киши ўз насаб шажарасини қаерга ва кимларга бориб тақалишини, ким қандай уруғ бўлишини билиб олиши, ўз қариндошларини яхшилаб таниб олиши, агар билмаса, оталаридан, бобо-бувиларидан, ўз сулоласининг катталаридан сўраб-аниқлаб, алоқаларни яхши йўлга қўйиб олиши марғуб ва мақбул амаллардан экан. Бу нарса ҳатто оддий инсоний муносабатларга – юмшоқ гапириш, юмшоқ муомалада бўлишга ҳам таъсир қилар экан. Ҳар бир киши ўз насабномасини билиши ва у орқали қавм-қариндошини яхшилаб ўрганиб бориши ҳамда уларга силаи раҳм қилиши энг яхши амаллардан бири ҳисобланар экан.

Дунёдаги кўпгина мусулмон халқлар айнан ўз қариндош-уруғларини яхши таниб, уларга силаи раҳм қилиш ниятида аждодларининг тарихини, уларнинг насабномаларини ўрганиб келганлар. Бу нарса арабларда жуда яхши йўлга қўйилган. Улар қадимдан аждодларининг шажараларини ёддан билиб келишади ва вақти-вақти билан ўз шажараларини ижозага эга бўлган ансоб (насаб) илмининг олимлари яъни- нақибларнинг муҳрлари билан қайта тасдиқлатиб келишмоқда. Ушбу амалга оширилаётган ишлар таассуб маъносида эмас, бировни бировлардан паст кўрсатиб, бошқани насабини кўтариш учун эмас, балки муқаддас Ислом динидаги силаи раҳмни йўлга қўйиш, инсонларни яхшиликка чақириш, уруғ-аймоқчилик алоқаларини тиклаш, сулолаларнинг ўз аждодларини таниб олишликка, ўз қавм-қариндошларини билиб олишликка, уларга яхшилик қилишликка, ораларида ўзаро меҳр-муҳаббатни пайдо қилишга, қавм-қариндошлар ҳаққини поймол қилмасликка чақиришдан иборат. Бу борада сулолаларнинг авлоддан авлодга ўтиб келаётган қадим қўлёзма шажаралари ҳам мавжуд. Бошқалар ҳам бу ишга аҳамият берсалар, юқоридаги ҳадисларда кўтарилган масалаларга амал қилинган бўлади.

Араб давлатларида шажарашунослик соҳасида ҳатто махсус нақобат ташкилотлари ҳам ўз фаолиятларини амалга ошириб келмоқдалар, Ўрта Осиёдаги “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” хорижий халқаро жамияти ҳам шулар жумласидандир. Хорижий халқаро жамиятнинг шажарашунос нақиблари дунёдаги йигирмадан ортиқ нақобат ташкилотлари билан алоқаларни ўрнатганлар, улар томонидан эътироф этилиб ижозаларга эга бўлганлар. “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” хорижий халқаро жамиятининг нақиблари ва минтақавий вакиллари диёримиз аҳолисига ўз насабнома шажараларини тузишларида, уларни қайта тиклашларида, тадқиқ ва таҳлил этишда ҳамда шажараларни халқаро миқъёсда тасдиқлашда баҳоли қудрат ёрдам бериб келмоқдалар.

 

Фойдаланилган манбалар:

Имом Бухорий, “ал-Адаб ал-Муфрад”

Имом Термизий, “Саҳиҳ ат-Термизий”

Абдулкарим Самъоний, “ал-Ансоб”

Қўлёзма шажараларнинг сўзбошиларида келтирилган мулоҳазалар.

 

Саййид Илҳомхон Баҳодир Раззавий Ҳусайний,

хорижий халқаро жамиятнинг ҳамда

дунёдаги бир неча халқаро нақобат ташкилотларининг

минтақавий вакили, нақиб ал-ашраф

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.